Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг 12 январида қабул қилинган “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармон мазкур ҳудудларда саноатни ривожлантириш, маҳаллий хом ашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини бермоқда. Истиқболли лойиҳалар шарофати билан долзарб саналган бандлик масаласига оқилона ечим топилаяпти. Буни “Ғиждувон” махсус эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
“Болаларимнинг эртасидан кўнглим тўқ”
Тумандаги “Фиришкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Манзура Бўронова яқин–яқингача ишсиз эди. Аёлларбоп иш илинжида юрган, турмуш ўртоғи билан икки фарзандни тарбиялаётган аёл тасодифан “Ғиждувон” махсус иқтисодий зонаси ташкил этилганидан хабар топди. Хусусан, шу зонада иш бошлаган ип–йигирув корхонаси ҳақида эшитди-ю кўнглининг бир чеккасида умид пайдо бўлди.
— Рўзғорни бут қилиш учун турмуш ўртоғимга кўмаклашай, дер эдиму аммо ўзимга мос ишни тополмай юргандим, — дейди у. — Фабрика ҳақида эшитгач, шу ерга иш сўраб келдим. Қабул қилишди. Тажрибали ишчиларга бириктиришди. Қисқа муддат ичида дастгоҳларни бошқариш сир–асрорини ўргандим. Яхшигина маош олаяпман. Шундай замонавий корхонада ишлаб, жамиятимизга, рўзғоримга фойдам тегаётганидан хурсандман. Энди болаларимнинг эртасидан ҳам кўнглим тўқ. Барча орзу–ҳавасларимизга етамиз, албатта.
Манзуранинг айтганича бор. “Парвоз Хумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур корхона энг сўнгги русумдаги технологик асбоб–ускуналар билан жиҳозланган. Уларнинг иш унуми юқори. Электр энергиясини нисбатан кам сарфлайди. Масалан, Швейцария ва Германиянинг етакчи компанияларидан харид қилинган дастгоҳлар корхонага бир йилда электр энергиясига сарфланадиган маблағнинг 1,5 миллиард сўмини тежаш имкониятини яратмоқда. Мавжуд трансформаторлар эса турдош корхоналарникидан фарқли тарзда электр энергиясини меъёрлаштириб беради.
— 2021 йилнинг майида матоларни бўяш ҳамда гул босишга ихтисослаштирилган замонавий технологик линияни ишга туширган эдик, — дейди корхона раҳбари Нодир Умаров. — Натижада 450 киши иш билан таъминланганди. Кейин эса тайёр тикув–трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган цех фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда корхонамизда 650 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти ўзига мос иш топа олмай, уйда ўтириб қолган хотин–қизлардир.
Эътиборлиси, ана шундай опа–сингилларимиз меҳнати эвазига корхона 2021 йилда 250 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарди. Салкам 13 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тайёр маҳсулот экспорт қилинди.
Ишчиларни қўл–қанотим деб билади
Эркин иқтисодий зонадаги “Бухоро Файз текстил” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Мустақим Тўхтаевга тиниб–тинчимас тадбиркор, дея таъриф беришади. Бу бежиз эмас. Унинг саъй–ҳаракати билан иш бошлаган корхонада 200 киши меҳнат қилаяпти. Мустақим ака уларни қанотим, деб билади. Бироқ тадбиркор бу билан кифояланиб қолмоқчи эмас. У пардозлаш цехини барпо этмоқда. Бельгиядан замонавий дастгоҳлар харид қилаяпти. Бундан ташқари, бир гектар майдонда замонавий тикувчилик цехи барпо этишга киришди. Пировардида иш занжирсимон усулда ташкил этилади. Хом ашё шу ернинг ўзида қайта ишланиб, тайёр маҳсулотга айлантирилади. Биргина тикув цехи шарофати билан 300 та янги иш ўрни яратилади.
— Маҳсулотнинг 100 фоизи хорижга экспорт қилинмоқда, — дейди тадбиркор. — Лекин биз ўз олдимизга “Хом ашёдан — тайёр маҳсулотгача” деган тамойилни тўлиқ жорий этиш мақсадини қўйганмиз. Лойиҳамизнинг умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ниятим — холис. Биз яқин келажакда Ўзбекистондаги тўқимачилик саноати корхоналарининг энг кучли ўнталиги қаторидан ўрин оламиз.
— Ўз олдига аниқ мақсадни қўйиб ишлаётган бундай тадбиркорларимиз сафи тобора кенгаймоқда, — дейди “Ғиждувон” махсус иқтисодий зона дирекциясининг инфратузилмани ривожлантириш масалалари бўйича шўъба бошлиғи Зоҳид Эшмуродов. — Мана, Бековлар хонадони вакилларини олиб кўринг. Бу оила ишбилармонлиги билан ном қозонган. Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ, “Ғиждувон” махсус иқтисодий зонаси ташкил қилингани мазкур оила аъзоларида ишлаб чиқариш корхонаси барпо этишга рағбат уйғотди.
Молиявий муассаса бизнес лойиҳани 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит ажратиш билан қўллаб–қувватлади. Бу ҳамда оиланинг шахсий маблағи бино қуриш, хориждан замонавий ускуналар харид қилишга сарфланди. Орадан кўп вақт ўтмай пештоқида “Bek Bags Business” ёзувли бино қад ростлаб, бутун бошли корхона иш бошлади. Ҳозир бу ерда аёллар, болалар ва спортчиларга мўлжалланган 25 турдаги импорт ўрнини босадиган сумкалар ишлаб чиқарилмоқда. Ўттиз нафардан зиёд киши иш билан банд.
Иқтисодий зона жўғрофияси кенгаймоқда
“Ғиждувон” МИЗни ташкил этиш учун дастлабки босқичда 67,5 гектар ер майдони ажратилган эди. Кейин эса Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги 671-сонли қарорига мувофиқ Когон тумани ҳудудидан 200 гектар, шунингдек ,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 ноябрдаги ““Ғиждувон” махсус иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-13-сонли қарорига мувофиқ Пешку ва Қоровулбозор туманлари ҳудудидан 200 гектар ер майдони ажратилди.
“Buxoro Gypsum” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона иқтисодий зона таркибида иш бошлаган Когон туманидаги дастлабки тадбиркорлик субъектидир. Умумий қиймати 15,7 миллион АҚШ доллари бўлган бу корхона қурилишбоп гипсакартон ва қуруқ аралашмалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Бу ерда 115 киши меҳнат қилмоқда. Тумандаги Сиёзпоён маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Санжар Раупов ана шуларнинг бири.
— Бухоро муҳандислик–технология институтида таҳсил олганман, —дейди у. — Шундай замонавий корхонанинг ишга тушгани менга ўхшаган ёшлар учун айни муддао бўлди. Ишим ўзимга ёқади. Тўғри, илгари туманимиздан чамаси 100-120 километр узоқликда жойлашган Қандимдаги корхонада ишлардим. Аммо йўлнинг олислиги ноқулайликлар туғдираётганди. Энди эса мен учун бундай муаммо йўқ. Оилам бағридаман. Турмуш ўртоғим ҳам ишлайди. Икки қизимиз бор. Ўзимизга тинчмиз.
Айтиш жоизки, корхона маҳсулотлари — гипсокартон ва бошқа қурилишбоп маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир. Улар қўшни Туркманистон ва Тожикистон Республикаларига экспорт қилинмоқда. Жумладан, кейинги бир ойда хорижлик буюртмачиларга 25 минг квадрат метр гипсокартон етказиб берилди.
Эътиборлиси, махсус иқтисодий зона учун ажратилган ҳудудда шу йилнинг ёзида акрил ип-калава ишлаб чиқаришга йўналтирилган яна бир йирик лойиҳа ишга тушади. “Сиёвуш плюс” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳа қиймати 26 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Шунингдек, хитойлик сармоядорлар томонидан тўғридан тўғри инвестиция киритиш орқали гофра қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Натижада яна ўнлаб когонлик ёшлар ишли бўладилар.
2400 дан зиёд қўшимча иш ўрни яратилади
— Бугунги кунда 32 нафар инвестор томонидан Маъмурий кенгаш маъқуллаган умумий қиймати 154,33 миллион долларлик 40 та лойиҳа амалга оширилмоқда, — дейди “Ғиждувон” МИЗ дирекцияси раҳбари Ойбек Қазоқов. — Ҳозиргача умумий қиймати 93,23 миллион долларга тенг 29 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада жами 1877 та иш ўрни яратилди. Шу корхоналар томонидан 2020 йилда 361,7 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 20,1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, 2021 йилда 496,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ва 26,8 миллион АҚШ долларлик маҳсулот хорижий буюртмачиларга етказилди. Ишга туширилган корхоналар жорий йилнинг дастлабки чорагида 3 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалиётини бажаришди.
Маълум бўлишича, айни дамда “Ғиждувон” МИЗ ҳудудида маъмурий кенгаш томонидан тасдиқланган умумий қиймати 61,1 миллион долларлик 12 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, умумий қиймати салкам 200 миллион долларлик 12 та лойиҳани жойлаштириш масаласида музокаралар олиб борилмоқда. Уларнинг бизнес режалари ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳалар 2022-2023 йилларда 50 гектар ер майдонлари негизида амалга оширилади. Пировардида қўшимча 2434 та янги иш ўринларини яратилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Шофиркон тумани “Пахтаобод” МФЙ ҳудудида 50 гектар, Ғиждувон тумани Қутчи массивида 150 гектар ва Ромитан тумани “Қоқиштувон” МФЙ ҳудудида 200 гектар, жами 400 гектар ер майдони ҳисобига махсус иқтисодий зона ҳудудини кенгайтириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Бу каби мақсад ва режаларнинг амалга ошиши вилоятнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиради. Истеъмол бозорини тўлдиради. Янги иш ўринлари яратилишига замин яратади. Зеро, саноат йўналишидаги истиқболли лойиҳалар фаровон ҳаётнинг кафолатидир.
Рустам ИБРОҲИМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири











