Ардоқли шоиримиз Абдулла ака билан суҳбатдош ҳар бир инсон ўзига бевосита тегишли бўлган қандайдир ҳикматни топмасдан қолмасди. Худди шу маънода бу инсон ҳикматдон шоир эди. Илмни, олимни, ижодкорни қадрлайдиган, элини севадиган, унинг ютуқлари билан суюниб, кулфати билан астойдил куюнадиган инсон бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институтида олдин матншунолик кейин эса фольклор секторида илмий ходим сифатида ишлаб юрган кезларимизда марҳум устозимиз академик Матёқуб Қўшжонов ҳузурига Абдулла ака тез-тез келиб турарди. Хонада дилкаш суҳбат уюштирилар эди. Матёқуб Қўшжоновнинг уруш асоратлари сабаб кўзлари бир мунча хиралашган бўлиб китоб ўқишга қийналарди. Шу боис мен устознинг "хос котиб" ларидан бири бўлганман, десам хато бўлмайди. У киши бирон адиб ижоди ҳақида нимадир ёзмоқчи бўлса, даставвал, мендан ўқиб микрокассетага овоз тушириб беришимни сўрарди. Кунларнинг бирида Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламларидан бирини каминага тутқазди, сўнгра шеърларни ўқиб, мана бу магнитофонга ёзиб келгин, дея топшириқ берди. Бир ҳафтадан кейин бир нечта микрокассетани тўлдирилган ҳолда олиб келиб қўлларига тутқаздим. Домла уни диққат билан тинглар, фикр-мулоҳазаларини жамлаб қоғозга тушириб қўяр ва мени чақирарди. Мақоланинг тарҳи, композицион қурилиши тўла шаклланган бўларди.
Кунларнинг бирида, “Абдулла жуда яхши ёзади-да, фалсафасига санъаткорона тўн кийгизиб ёзади, муҳими, "либоси"ни яраштириб бичиб тўқийди", деганлари ҳамон ёдимда. Абдулла Орипов ижодига устоз академикнинг меҳри бўлакча эди. Шундан бўлса керак-ки, улуғ шоиримизнинг илк шеърий тўпламига оқ йўл тилаб сўз боши ёзган ҳам академик Матёқуб Қўшжонов эди.
Кези келганда, шуни айтиш жоизки, институтимиз ходимларидан фидойи аёл Сория опа Азизова Абдулла Ориповнинг қайси асари, шеъри ёки мақоласи қайси манбада чоп этилган бўлса, эринмасдан топар ва библиографик кўрсаткичларини тузиб, тайёрлаб борар эди.
Мустақилликнинг илк кунларида "Давлат тили ҳақида"ги қонуннинг ижроси бўйича қизғин ишлар олиб борилаётган пайтлар эди. Қонуннинг махсус бир банди кўп асрлик маданиятимизнинг калити ҳисобланган араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувини ўргатиш талабига қаратилганди. Ўзбекистон телевидениеси орқали араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувини ўргатишга асосланган “Алифбо сабоқлари” кўрсатувини олиб борардим. Сал олдин миллионлаб қизиқувчиларнинг хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда “Эски ўзбек ёзуви” деган 384 бетдан иборат ўқув қўлланмам ҳам чоп этилган эди.
Шу китобимни Абдулла Ориповга кўрсатиш мақсадида олдиларига бордим. Олдин бир неча бор кўришган бўлсак ҳам, ийманиб, ўнғайсиғ ҳолатда салом бериб бир чеккада ўтирдим-да, дастхат билан тайёрлаб клганим “Эски ўзбек ёзуви” китобимни тақдим этдим.
Астойдил хурсанд бўлиб, китобни варақлаб, араб хат турларини, насх, настаълиқ, кўфий, сулс, девоний, риқоъ, райҳоний хатлардаги битикларга зимдан назар солиб ўтирдилар-да: “Тарихнинг калити, мозийнинг муҳри бўлибди-ку бу”, дея мийиғида кулимсираб қўйди ва стол тортмасидан қизғиш рангдаги “Йиллар армони” номли китобини олиб “Эски дўстимга” деган дастхати ва имзоси билан менга тақдим этди. Китобни очганим ҳамоноқ Абдулла аканинг қадимий ёзувимизга ихлос ва эътиқоди акс этган ушбу тўртликка кўзим тушди.
Эски алифбони дилга қилсанг жо,
Мана бу ҳикматни унутма, асло,
Эгри ниятнию, ювуқсиз қўлни
Сира ёқтирмайди ўша алифбо.
Бу ўтмиш адабий меросимизнинг тадқиқотчиларига қўйилган талаб, айтилган насиҳат, берилган маслаҳат ҳам эди, назаримда. Сория опа ташрифдан мақсадни ҳам шартта айтиб қўя қолди.
– Абдулла ака, бу укамиз маданий мерос ва ўзбек халқ оғзаки ижодиёти бўйича илмий ишлар олиб бораётган олимларимиздан, шунга уй-жой масаласида бир ёрдам қила оламизми деб ёнингизга келгандик, – деди.
Абдулла ака “Бу оғриқли дардларимиздан”, деб хўрсингандек бўлди-да, стол тортмасидан тепа қисмига “СССР халқ депутати” дея битилган бланкани олиб нималарнидир ёзишга тутинди. Мен ўша бланкани то ҳануз сақлаб келаман. Ўзлари ҳам ижара изтиробларини тортган бир инсон сифатида мени қадрлаганларидан мамнун ва миннатдор бўлдим.
Aминманки, бундай мазмундаги хатлар улуғ шоиримиз томонидан кўплар учун ёзилган. Тўғри, биз кейинчалик уй-жойга эга бўлган бўлсак-да, улуғ шоирнинг оддий бир ёш олим учун куюнишини, илтифоти ва марҳаматини кўриб руҳланасан киши.
А.Орипов ана шундай бағри кенг, меҳридарё янада, аниқроғи, инсон ҳолатининг, руҳиятининг буюк тадқиқотчиси ҳамдир. Шеъриятни “онажоним” дея эътироф этиши, қалб малҳами сифатида англаши, бу чинакам шоирнинг, ҳақиқий истеъдоднинг нишонасидир. Худди шу маънода эл учун, она юрт учун ўз дардини эл дарди деб, эл дардини ўз дарди деб билиш Aбдулла Орипов табиати ва тийнатига хос.
Эл қўлласа азизим, омон бўлсак, ажабмас,
Қўлламаса ранг рўйи, сомон бўлсак, ажабмас.
Элни биздан қизғаниб, сўз айтгувчи зотлар бор,
Улар учун бир умр, ёмон бўлсак, ажабмас.
Шоир учун эл эътибори, эҳтиромидан улуғ ишонч ёрлиғи, эъзоз нишони йўқ. Даволаниш учун Aмерикага кетиши учун маълум муддат Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маънавият тарғиботчиси” нодавлат таълим муассасасида дарс берди. Бир ҳафталик ўқув дастурида турли тизим ходимларининг малакасини ошириш юзасидан ҳар-хил мавзуларда маъруза қилиш учун сиёсатшунос, тарихчи, тажрибали психолог, журналист ва тиббиёт соҳасида кўзга кўринган мутахассислар, олимлар ташриф буюришар эди.
Aбдулла ака шеърият ва маънавиятнинг мезонлари борасида маъруза қиларди. Ўқув машғулотлари “Пойтахт” бизнес марказининг 7- қаватида ташкил этиларди. Табиийки, мен “Касбий фаолиятда, бошқарув тизимида нотиқлик маҳоратининг ўрни” мавзуида маъруза қилиб чиққач, Абдулла ака таълим муассасаси раҳбари Азимжон Юсупов хонасида чой ичиб суҳбатлашиб ўтиришган бўларди. Абдулла ака билан қуюқ кўришгач, уларни маъруза хонасига кузатардим. Кейин Aбдулла аканинг дарси бошланарди. Вақт тиғиз бўлса ҳам уларнинг маърузасига кириб орқа стулда жимгина ўтириб тинглардим. Шоир ҳорғин, дам маъюс, ҳам ғамгин ҳолатда сўз бошлар эди. Ҳамма нарса ўткинчи эканлиги, эл-юрт муҳаббати ва ватангина мангу қолиши ҳақида қатор фикрларни келтирарди. Шунда ўз шеърларидан айримларини ўқиб, шарҳлаб, тушунтириб берарди ва чинакам адабиётнинг, санъатнинг, шеъриятнинг моҳиятини таъсирчан тарзда ифода этарди. Ўшанда айтган бир мулоҳазалари ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Бир йили баҳорнинг бошида қаҳратон совуқ келганди, худди бу йилдагидек. Баҳор бошланиб, бодому ўриклар гуллаган пайтда бирдан қор аралаш қаттиқ совуқ бўлиб, ҳамма гуллаган мевали дарахтларни совуқ уриб кетди. Шуни мисол қилиб табиий офатни жамиятнинг ҳолати билан боғлаб, шундай деганди. “Aгар бир йил қаҳатчилик бўлса ёки мевали дарахтларни совуқ уриб кетса, шу йили қимматчилик бўлиб, бозорда мева-чеваларнинг нархи ошиб кетиши мумкин. Аммо кейинги йил яна ҳосил бериши, тўкинчилик бўлиши, шубҳасиз. Лекин маънавиятни асло совуқ урмасин, мабодо совуқ урса буни тузатиш учун асрлар керак бўлади”, – деганди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, давлатимиз мадҳияси матнининг муаллифи Абдулла Орипов ижодини, чоп этилган ва чоп этилмаган асарларини тарғиб ва ташвиқ этиш вазифаси айнан институтимиз жамоаси зиммасига юклангани ҳам бежиз эмас. Шоир ҳаётлик пайтида олий таълим муассасалари ичида институтимизга тез-тез ташриф буюриб ижодий мулоқотлар уюштиргани ҳам рост.
Коинот гултожи бўлган инсон салоҳияти кўпгина ишларга қодир эканлигини эътироф этатуриб одам қалби ҳам ранг-баранг бўлиб, турфа туйғулар ошёнидир. Шоир ўз шеърларидан бирида шундай ёзади:
Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур, амал,
Ҳаттоки, у тубанлик ичра ҳам танҳо,
Эй фалак, ижодинг бунча мукаммал.
Оламга таянч, одамга қувонч бахш этадиган умрбоқий, қадрулабад туйғулар ва мавзулар бор. Буларнинг васфи ва таърифи адиблар назаридан четда қолиши мумкин эмас. Ана шулардан бири аҳиллик ва ҳамжиҳатлик моҳиятини ифода этувчи дўстлик мавзуидир.
Абдулла Орипов дўстлик туйғусини тараннум этувчи қатор шеърлар яратган. Бу мавзуга у айрича мазмун юклаган.
Ҳар қалай қўлимда шарбат тўла жом,
Гар маҳзун бўлса-да, қалбимда илҳом.
Энди бир самимий дўст ҳам топсайдим,
Бахтли санар эдим ўзни батамом.
Шоир самимий сўзни айта олган адабиётни қудратли куч деб билади. Мунофиқлик ва риё билан суғорилган жамиятнинг истиқболи йўқлигини чуқур идрок этади. Уни дўст образи орқали ифода этмоқчи бўлади.
Шундайлар бор сенга лутф айлаб,
Дўстман дея қўлинг тутарлар.
Аммо ҳар зум қадаминг пойлаб,
Хато қилишингни кутарлар...
Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат,
Хато қилишингни кутарлар.
Носамимий дўстда ҳавас ўрнига ҳасад, зиё ўрнига риё ниш уради. Бу эса жамиятнинг тараққиётига ғов, эгов, маънавиятга тушовдир. Абдулла ака нозиктабъ шоир, теран тафаккурли файласуф, синчков олим, идроки баланд руҳиятшунос, бир сўз билан айтганда, хокисор, донишманд инсон эди. Унинг ижоди бунга шоҳиддир.
Дониш аҳли айтар маънидан калом:
Минг йилнинг мезони қолса яхши ном,
Эзгу ишларингни элинг қилса ёд,
Иккинчи умрдир яшашдан мурод.
Абдулла Орипов маънавият дарғаси, эл дилининг ҳамрози сифатида иккинчи умрини биз билан бирга яшаётгани сир эмас.
Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,
филология фанлари номзоди
Маънавият дарғаси, эл дилининг ҳамрози