Саида Мирзиёева ўзининг телеграм каналида Самарқанддан Ургут вокзалигача янги темир йўл орқали келганини маълум қилди. Шунингдек, у мазкур йўл Ургутда эркин иқтисодий зона шаклланиши, тадбиркорлар, йўловчилар учун масофа ва харажатларни қисқартиришга хизмат қиладиган муҳим инфратузилма бўлиши ҳақида ёзди.
"Ўзбекистон–Тожикистон чегарасида савдо, логистика ва тиббиёт марказларини ташкил этиш лойиҳаси билан танишдим. Асосий мақсад — ҳудудни транзит нуқтадан иқтисодий фаолият марказига айлантириш.
Янги логистика маркази кунига 100 тагача юк автомобилига хизмат кўрсатиши режалаштирилган. Бу ерда логистика фақат ташиш эмас, балки маҳсулот қийматини оширувчи босқич сифатида кўрилмоқда. Божхона жараёнларида бюрократия қисқариб, тезлик ва шаффофлик оширилади.
Диагностика марказида 200 нафар бемор, савдо марказида эса 800 нафар тадбиркор учун шароитлар яратилади. Бу орқали Тожикистон фуқаролари ҳам паспорт назорати, ортиқча ҳужжат ва навбатларсиз савдо қилишлари, тиббий хизматлардан фойдаланишлари мумкин бўлади. Одамлар учун қулайлик ошади ва иқтисодий алоқалар янада кучаяди, — деб ёзади Президент Администрацияси раҳбари.











