Дарсликни ўзлаштириш давомида раҳбарнинг маънавий қиёфаси, раҳбар ахлоқи ва бошқарув маданияти, раҳбарнинг фазилатлари, раҳбарнинг мулоқот маданияти, раҳбар китобхонлиги, давлатчилик тарихида раҳбарларнинг бошқарув салоҳияти ва тажрибалари, раҳбарнинг шарқона гўзал фазилатлари, ўзбек ва жаҳон адабиётининг юксак намуналари билан танишади ҳамда бадиий адабиётдан раҳбарлик фаолиятида фойдаланиш кўникмаларига эга бўлади.
Дарсликда раҳбар ахлоқи ва одоби, раҳбарнинг маънавий қиёфаси ва имижини юксалтириш, мулоқот маданияти ва нотиқлик маҳоратини ошириш, жамоатчилик билан алоқалар ўрнатишда ахлоқ меъёрларига риоя этиш кўникмаларини ривожлантириш назарда тутилган. Унинг мазмуни бошқарув жараёнида тарихий-маданий меросдан оқилона фойдаланиш ҳамда мафкуравий кураш авж олган шароитда миллий қадриятларни асраш каби масалаларни қамраб олган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.05.2025 йилдаги “Истиқболли кадрларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларни давлат бошқаруви ва хизматига самарали жалб этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-78-сонли Фармонига асосан тингловчиларда давлат, жамият ва хўжалик бошқарувида замонавий усуллардан фойдаланиш бўйича пухта билимларни эгаллаш, тизимли таҳлил ва стратегик режалаштириш, мураккаб шароитларда қарорлар қабул қилиш кўникмаларини ҳамда ташаббускорлик ва лидерлик сифатларини шакллантириш орқали раҳбар ходимларга хос умумкасбий компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган.
Ушбу дарслик Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқарув академияси магистратураси тингловчилари учун Академия кенгаши томонидан тасдиқланган ўқув режага мувофиқ ишлаб чиқилган.









