Рақамлашаётган сув танқислик шароитида исрофни камайтиришга хизмат қилади

    Бу йил апрель ойи серёғин келди. Айниқса, ойнинг дастлабки 10 кунлиги мобайнида кучли ёғингарчиликлар кузатилди.

    Бу, бир томондан пойтахтимиз коммуникация тизими учун бироз ноқулайликлар пайдо қилган бўлсада, лекин асосий томондан, эрта баҳорда экилган экинлар ҳамда чанқаган далалар, қиру адирлар, бошқача айтганда, деҳқон ва чорвадорлар, қишлоқ аҳли учун жуда кутилган иш бўлди.

    Лекин, бу йил ёз фасли нисбатан иссиқ, қурғоқчил келиши тахмин қилинмоқда. Хусусан, маълумотларга кўра, 2023 йил вегетация даврида сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Сирдарё ҳавзасида 10 — 15 фоиз, Амударё ҳавзасида эса 15 — 20 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. Қолган дарёларда ҳам сув ҳажми билан боғлиқ башорат қилинаётган рақамлар барқарор эмас. Бу бир томондан, бу йилги қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштиришда жиддий синов бўлса, бошқа томондан, вегетация даврида сувдан янада мақсадли ва тежамкорлик билан фойдаланиш, умуман олганда эса, бу борадаги ишларни янада кенгайтиришни тақазо этади.

    Президентимизнинг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса кутилаётган жиддий синовга пухта тайёргарлик кўриш, сув тежамкорлигини ошириш ҳисобига тақчилликнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Мазкур ҳужжат билан жорий ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

    Қарорга мувофиқ, сув тежовчи технологияларни жорий қилишни рағбатлантириш тартиби сақлаб қолингани ҳолда, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу тизимни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби белгиланди. Жумладан, тижорат банклари кредитларининг гаров таъминоти 50 фоизгача, бироқ 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги асосида таъминланади. Миллий валютада ажратиладиган, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация тақдим этилади.

    Шу билан бирга, 2024 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилояти Касби туманидаги барча сув бўлиш нуқталари бошқарувини рақамлаштириш ва сувни фойдаланувчиларга етказиб бериш бўйича тажриба-синов лойиҳаси амалга оширилади. 2025 йил 1 январдан бошлаб эса барча ҳудудларда “Suv hisobi” АТ жорий қилинади. Яъни, қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда ишлатилган сувдан фойдаланганлик учун солиқларни ҳисоблашда “Suv hisobi” АТ орқали тақдим этилган маълумотлар асосида солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини автоматик шакллантириб бериш амалиёти жорий этилади.

    Яна бир эътиборли жиҳати, сувдан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари этиб мавжуд сув ресурсларини истеъмолчилар орасида қатъий тақсимлаш, сув тежовчи технологиялар жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ирригация тизимларида сув йўқотишларни камайтириш билан бир қаторда, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий қилиш вазифаси ҳам белгиланди.

    Гап соҳани рақамлаштириш ҳақида борар экан, бу борада Президентимизнинг 2021 йил 24 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021 — 2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Чунки унда соҳани рақамлаштиришга доир устувор вазифалар белгиланган. Қарийб 1 минг 700 та насос станцияларида сувни “онлайн” режимда мониторинг қилувчи ҳисоблагичлар, 18 минг 600 га яқин сув омборлари ва ирригация тизимларида “Ақлли сув” қурилмалари, 6 минг 200 га яқин мелиоратив кузатув қудуқларида автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказувчи “Dayver” қурилмалари ўрнатиш ҳамда 60 та йирик сув хўжалиги объектини бошқаришни автоматлаштириш шулар жумласидан.

    Ўтган давр мобайнида сув хўжалиги объектларида 4 минг 180 та “Ақлли сув”, 1 минг 435 та насос станциясида сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи ҳисоблагичлар ва 4 минг 224 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари сатҳини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалар ўрнатилиб, 44 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилди.

    Режага биноан, жорий йилда 10 минг 937 та объектда сув ресурсларини “онлайн” режимда кузатиб бориш имконини берувчи “Ақлли сув” ва 2 минг 100 та мелиоратив кузатув қудуқларида ер ости сизот сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашганлик кўрсаткичларини назорат қилувчи “Dayver” қурилмалари ўрнатилиб, 20 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёни тўлиқ автоматлаштирилиши режалаштирилган.

    Сув хўжалиги объектларида “Ақлли сув” қурилмаларини жорий этиш натижасида сув назорати ва ҳисоб-китоби онлайн юритилиб, сувни бошқариш ва тақсимлашнинг шаффоф тизими яратилди.

    Мелиоратив кузатув қудуқларида “Dayver” қурилмаларини ўрнатиш орқали ер ости сизот сувлари сатҳи ва уларнинг минераллашганлик кўрсаткичларининг онлайн мониторинги юритилиб, ерларнинг мелиоратив холатини баҳолаш аниқлиги 20 фоизга оширилди.

    Шу билан бирга, йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш орқали уларни масофадан турган ҳолда бошқариш ва 10 фоизгача сувнинг техник йўқотилишининг олдини олиш ҳамда мазкур жараёнларда инсон омили иштирокини камайтиришга эришилди.

    Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда сув ресурсларининг бошқарув жараёнларини автоматлаштириш бўйича Қашқадарё вилоятидаги иккита каналда Австралиянинг “Rubicon Water” компанияси технологиялари жорий этилди.

    Кези келганида таъкидлаш ўринлики, “Rubicon Water” компанияси қурилмалари замонавий композит материаллардан иборат бўлиб, ташқи таъсирга чидамли ҳамда ўлчов ва бошқарув қурилмалари 97 фоиз аниқликка эга ҳисобланади. 4 минг 972 гектар майдонни сув билан таъминлайдиган Миришкор ва Қамаши каналларининг бошқарув жараёни қиймати 18,22 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида ана шу компания қурилмалари ёрдамида рақамлаштирилди.

    Лойиҳа доирасида 24 та сув затвори ва 3 та насос қурилмаси автоматлаштирилди. Натижада ушбу каналларда сув тежалиб, 2021 йилдаги 42,3 миллион метр куб ўрнига, 2022 йилда 30,8 миллион метр куб сув етказиб берилди. Тежалган 11,5 миллион метр куб сув ҳисобига 3,3 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинишига эришилди.

    “Миришкор – Қамаши” каналида 2021 йилда 10 нафар ходим фаолият олиб борган бўлса, ҳозирда сув миқдорини иқтисодиёт тармоқлари, маъмурий ҳудудларга етказиб бериш ишлари атиги 4 нафар ходим билан амалга ошириляпти.

    Давлатимиз раҳбари сувни тежашда ижобий натижа кўрсатгани боис ушбу лойиҳани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам кенг жорий қилиш бўйича алоҳида топшириқ берганди. Бугунги кунда ушбу лойиҳани оммалаштириш ҳамда технологияларни маҳаллийлаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Фарғона водийсидаги Шимолий Фарғона ва Жанубий Фарғона магистрал каналлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қарши магистрал каналида мазкур технологияни жорий этиш режалаштирилмоқда.

    Сув хўжалиги соҳасидаги барча жараёнлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини суғориш, манбалардаги сув ресурслари мониторингини олиб бориш ва уларни бошқариш, насос станциялар ва ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисидаги ҳисоб-китоблар ва бошқа ҳисоботларни рақамли технологиялар асосида юритиш ҳамда маълумотлар базасини шакллантириш, уларни таҳлил қилиш имконини берувчи “Вазиятлар маркази” ахборот тизими такомиллаштирилмоқда.

    Шу билан бирга, сув ва энергия ресурслари ҳисобини юритиш имконини берувчи бир қатор ахборот тизимлари, жумладан, давлат сув кадастри автоматлаштирилган тизими, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш тизими ва ерларнинг мелиоратив ҳолатининг электрон портали яратилиб, амалиётга кенг жорий этилмоқда.

    Жумладан, сув етказиб бериш учун шартномаларни ва сувга бўлган талабномаларни расмийлаштириш, сув истеъмолчилари кесимида сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, шунингдек, улар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш учун мўлжалланган “Сув ҳисоби” ахборот тизими ишга туширилади.

    Сув хўжалиги объектлари ва улардаги гидротехник иншоотларнинг техник кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Сув хўжалиги объектлари”, давлат хусусий шериклик шартлари асосида сув хўжалиги объектларини хусусий секторга бериш билан боғлиқ барча жараёнларни ўзида акс эттирувчи “dxsh.uz” ахборот тизимини жорий этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Мазкур ишларни амалга ошириш, ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга 3 миллиард сўм йўналтирилмоқда.

    Бир сўз билан айтганда, глобал иқлим ўзгаришлари натижасида қурғоқчилик муаммоси, айниқса вегетация даврида сув тақчиллиги муттасиллик касб этиб, йилдан йилга салбий таъсири ортиб бораверади. Бунинг олдини олиш учун эса ҳаракатни бугундан бошлаш, сув тежовчи технологиялар ёрдамида суғориладиган майдонларни кенгайтириш ва оммалаштириш, соҳани замонавий технологиялар ёрдамида “қуроллантириш” ҳисобига сув йўқотилишининг олдини олиш чоралари кўришимиз шарт бўлади. Айни кечиктириб бўлмас вазифаларга киришиш ва жадаллаштиришда эса Президентимизнинг юқорида қайд этиб ўтилган қарорлари муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳужжатларда айни жиҳатларни жадаллаштириш ва рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асослари мужассам.

    Абдулла АБДУЛЛАЕВ,

    Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates