Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган "Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида"ги Низомининг 29-бандига мувофиқ Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб борилиши белгиланган.
Унга кўра, Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси "Ўзбекистон Республикаси Товар хом ашё биржаси" Тошкент филиалининг тақдим қилган маълумотларини ўрганиш давомида "Real Agro Cotton" УК томонидан 2023 йилда йиғиб олинган пахта ҳосили ҳисобидан жами 17 минг тоннадан зиёд техник чигит маҳсулотини тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиб, манипуляция ҳаракатларини содир этганлик ҳолатлари аниқланди.
"Рақобат тўғрисида"ги Қонуннинг 29-моддаси 3-қисми 12-хатбошисида "Фақат биржа савдоларига қўйиш йўли билан сотилиши лозим бўлган юқори ликвидли ва (ёки) монополь маҳсулотлар ҳажмларини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш" ҳаракатлари монополияга қарши талабларни бузилиши белгилаб кўрсатилган.
Юқоридагиларга мувофиқ, ҳудудий бошқарма томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талаблари бузилиши аломатлари билан "Real Agro Cotton" УКга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низомининг 311-банди 18-хатбошисида, "Юқори ликвидли ва (ёки) монополь маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш" ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади.