Рақобатбардош мутахассис – у қандай бўлиши лозим?

    Бугунги кунда юқори билим ва тажрибага эга бўлган малакали мутахассислар тайёрлашда таълим, илм-фан ва амалиётнинг ўзаро интеграциялашуви жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда.

    Бундай ривожланишни белгиловчи рағбат билимга асосланган жамият учун хос бўлган юқори малакали ва ташаббускор кадрларга эҳтиёжнинг кучайиши ҳисобланади.

    Олий таълим муассасаларининг асосий иш берувчилар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳар икки томоннинг мақсадларига хизмат қилувчи малакали мутахассислар тайёрлашнинг муҳим омилларидан биридир. Ушбу ҳамкорлик кадрлар буюртмачиларининг таълим даргоҳи билан биргаликда ўқув дастурларини шакллантириш ва зарур ўқув­-лаборатория ускуналари билан жиҳозлашда самарали иштирок этиш, бўлажак битирувчилар билан фаол танишиш, уларни амалиётга жалб қилиш ва мавжуд муаммолари бўйича лойиҳаларда қатнашиш имконини беради. Шу билан бирга, ОТМ талабалари илғор жамоалар иш жараёнига қўшилиш ва ўзига бўлган ишончни ошириш ҳамда ўз билим-­кўникмасини намоён қилиш имкониятига эга бўлади.

    Геология фанлари университети Президентимиз ташаббуси билан соҳадаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этиш, ўқитишнинг замонавий услубларидан кенг фойдаланиш, геология соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек, таълим жараёнининг моддий-­техник базасини илғор хорижий технологиялар асосида мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йилда ташкил этилган. Университет таркибида соҳанинг етакчи илмий­-тадқиқот муассасалари – Ҳ.М.Абдуллаев номидаги Геология ва геофизика институти, Минерал ресурслар институти, Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти, Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти мавжуд.

    Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 2 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимидаги геология фанлари университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора­-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Геология фанлари университети геология соҳасида таълим, илм-­фан ва амалиёт интеграциясини таъминловчи илмий кластер ҳамда малакали кадрлар тайёрлаш ва илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўйича республиканинг таянч олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

    Мазкур қарорга мувофиқ, соҳанинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, мамлакатимиз олий таълим йўналишида биринчи марта таълим жараёнининг 70 фоизини амалий машғулотларга ажратиш белгиланди. Университетнинг 10 та ихтисослашган кафедраси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди ва талабалар амалиёт учун Тоғ-­кон саноати ва геология вазирлиги тизимидаги 13 та корхона ва ташкилот ҳамда “Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Навоий-уран” ДК, “Ўзбекнефтгаз” АЖ каби йирик саноат корхоналарига бириктирилди.

    Бугунги кунда университетда 2 та факультет, 10 та кафедра фаолият юритмоқда, уларда 11 бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шаклида 790 нафар ва сиртқи таълим шаклида 846 нафар ҳамда магистратура мутахассислиги бўйича 16 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга соҳанинг тажрибали педагог мутахассислари таълим бераётир. Бу ерда фаолият юритаётган профессор­ ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 61 фоизни ташкил этади. Шунингдек, таълим жараёнига тоғ­-кон саноати ва геология тармоғининг ишлаб чиқариш ташкилотлари ва илмий­-тадқиқот институтларидан 100 га яқин профессор­ ўқитувчи ҳамда илмий ходимлар, шунингдек, 6 нафар хорижий мутахассис жалб этилган.

    2023/­2024 ўқув йилидан бошлаб, дунёнинг етакчи 500 та ОТМлари рўйхатига кирадиган хорижий университетлар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Жумладан, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (QS World University Rankings да 87­ўрин) билан Геология (Геофизика) бакалавриат йўналиши бўйича “2+2” қўшма таълим дастури асосида, шунингдек, Томск давлат университети (QS World University Rankingsда 418­ўрин) билан “Ер эволюцияси: геологик жараёнлар ва минераллар” магистратура мутахассислиги бўйича “1+1” қўшма таълим дастури асосида талабалар таҳсил олмоқда.

    Бундан ташқари, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Беларусь давлат техника университети (QS World University Rankings да 801­850 таликка киради) билан Экология йўналиши бўйича қўшма таълим дастури йўлга қўйилиши режалаштирилган.

    Университетда талаба ёшларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш орқали интеллектуал элитани тайёрлаш ва бу борада юксак истеъдод соҳибларига, билимнинг тегишли соҳалари ва фаннинг аниқ йўналишлари бўйича ўз қобилиятини намоён этиш ва ривожлантириш, ўзларидаги ноёб истеъдодни рўёбга чиқариш учун имконият яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Иқтидорли талабаларни тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш мақсадида бакалавриат босқичи талабалари учун И.Х.Ҳамробоев номидаги ва магистратура босқичи талабалари учун Ҳ.М.Абдуллаев номидаги стипендиялар таъсис этилган.

    Мазкур стипендиялар танловини ўтказиш бўйича низом тасдиқланган. Ўтган қисқа даврда магистратура босқичида ўқувчи 7 талаба Ҳ.М.Абдуллаев номидаги, бакалавриат босқичида таҳсил олувчи 11 талаба И.Х.Ҳамробоев номидаги стипендия соҳибига айланди. Жорий ўқув йилида университет талабаси Нозима Соаталиева Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлди.

    Бакалавриат таълим йўналиши кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 790 талабадан 297 нафари меҳнат фаолияти билан машғул. Уларнинг 135 нафари давлат муассасаларида, 162 нафари якка тартибда ишлайди.

    Илмий ишларни бажаришга лаёқатли талабаларнинг илмий фаолият билан шуғулланиши учун имконият яратиш мақсадида талаба ва магистрантлар университет таркибидаги илмий­-тадқиқот институтларида амалга оширилаётган лойиҳаларда иштирок этмоқда. Амалиёт жараёни сифатини тубдан яхшилашга, талабаларда ишлаб чиқариш ва саноатдаги реал муаммолар тўғрисида тасаввур уйғотиш, ҳар бир талаба учун келгусида иш ўринларини аниқлаштириб қўйиш каби муҳим масалаларни ҳал қилиш имкониятини яратиш мақсадида 50 та корхона­-ташкилот ҳамда йирик саноат корхоналари (“Олмалиқ КМК” АЖ, “Навоий КМК” АЖ, “Навоий-уран” ДК, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва бошқалар) билан университет талабаларининг амалиётини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланган.

    Университетнинг тоғ­-кон саноати ва геология соҳасидаги корхоналар билан ўқув ва илмий ҳамкорлиги тегишли фаолият соҳаларида минтақавий меҳнат бозорини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири бўлиши мумкин.

    Мақсуд ИСОҚОВ,

    Геология фанлари университети ректори,

    геология-минералогия фанлари доктори, профессор


    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates