Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2025 йил 1 январдан негизида техникумлар ташкил этиладиган касбий таълим ташкилотлари рўйхати тасдиқланди.
2025 йил 1 сентябргача республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари белгиланган тартибда кадрлар буюртмачиси ва саноат ҳамкори сифатида техникумларга бириктирилади.
2025/2026 ўқув йилидан техникумларга қуйидагиларни амалга оширишга рухсат берилади:
- фанларни бир-бирига интеграция қилишга ҳамда ажратилган соатлар доирасида мутахассислик ва умумкасбий фан (модул)ларнинг соатларини 30 фоизгача ўзгартиришга;
- етакчи хорижий таълим ташкилотлари иштирокида тўлов-контракт асосидаги қўшма таълим дастурларини жорий қилишга;
- кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга;
- фуқаролар ва ишсизларни касб-ҳунар, хорижий тиллар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил қилишга;
- касбий кўникмалар марказларидан амалиёт базалари сифатида бепул фойдаланишга.