Касбий таълим тараққиёт пойдевори

    Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлиги юрт равнақи ва тараққиётини белгилаб беришдаги муҳим омиллардан биридир. Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини ривожлантириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратиб келиняпти.

    2024 йил 16 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-158-сон Фармони касбий таълим тизимида муҳим ўзгаришларнинг юзага келишида, ҳамда ислоҳотларнинг авж олишида дастурул амал бўлиб хизмат қилди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат мамлакатда малакали кадрларни тайёрлаш, халқаро таълим дастурларини жорий этиш ва иқтисодиётнинг замон талабларига мослашадиган таълим тизимини яратишга қаратилган кенг қамровли режаларнинг бошланишидир. Унда нафақат касбий таълим тизимини такомиллаштириш, балки таълим ва ишлаб чиқариш сектори ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштириш ҳам назарда тутилган.

    Касбий таълим тизимини ягона тизимга ўтказиш

    Маълумки, илгари касбий таълим ташкилотлари турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Эндиликда бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилиши, шубҳасиз, энг тўғри ва самарали йўлдир.

    Фармон асосида амалга ошириладиган ислоҳотлар, касбий таълим тизимини янги шаклга келтиришни кўзда тутади. Бунинг учун техникумлар ва касбий таълим ташкилотлари ягона тизимга бирлаштирилади. Бу тизимда барча таълим муассасалари ўртасидаги ўзаро боғланиш ва ҳамкорлик кучайтирилади, шунингдек, кадрлар тайёрлашда халқаро тажриба ва стандартлар жорий этилади. Мамлакатимиз миллий малака тизимининг халқаро таълим дастурлари билан ҳамоҳанглигини, шунингдек ўқувчиларнинг дунё бўйлаб тан олинган диплом ва сертификатларга эга бўиши имкониятини яратади.

    Халқаро таълим дастурларини жорий этиш

    Касбий таълим тизимининг глобал талаблар билан ҳамоҳанг бўлиши, мамлакатнинг таълим соҳасидаги энг муҳим ютуқларидан биридир. Янги фармон доирасида техникумларда халқаро таълим дастурлари жорий этилади. Бунинг натижасида, ўзбек ёшларига дунёнинг етакчи таълим муассасаларидан ўрганиш ва малака ошириш имконияти яратилади. 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб техникумларда халқаро таълим дастурларига асосланган курслар ва мутахассисликлар тақдим этилади, бу эса ўқувчиларни глобал меҳнат бозори талабларига тайёрлашни осонлаштиради.

    Касбий таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси

    Касбий таълим тизими ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, бу фармоннинг яна бир муҳим йўналишидир. Техникумлар ва иш берувчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатилади, дуал таълим тизими ривожлантирилади. Бу модель ўқувчиларни амалий тажриба орттириш учун ишлаб чиқариш корхоналарида стажировкалар ва амалиётларни ўтказишга имкон яратади. Шунингдек, иш берувчилар ўз эҳтиёжларига мос малакали кадрларни тайёрлашда фаол иштирок этади, бу эса иқтисодиётнинг ривожланишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиз.

    Техникумларни замонавийлаштириш

    Техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнини замонавий технологиялар билан таъминлаш фармонда алоҳида таъкидланган. Техникумлар ўз фаолиятини бошлаш учун замонавий ўқув материаллари, лаборатория ва устахоналар билан жиҳозланади. Ўқувчилар учун барча зарур методик ва педагогик таъминот, шу жумладан электрон платформалар орқали таълим олиш имкониятлари яратилиб, улар ўқув жараёнларини янада интерактив ва самарали ўтиши учун шароитлар яратилади.

    Рахбарлар танловининг шаффофлиги

    Фармоннинг яна бир диққатга сазовор жиҳати, техникумларда раҳбар кадрларни танлаш жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашдир. 2025 йил 1 январдан бошлаб техникумларнинг раҳбар ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига танлов асосида тайинлаш жорий этилади. Бу жараён Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан махсус электрон платформа орқали амалга оширилади. Танловда, иқтисодиёт тармоқлари вакиллари, иш берувчилар ва мутахассислар жалб этилиши кўзда тутилган.

    Касбий таълимни ривожлантириш жамғармаси

    Ўзбекистоннинг касбий таълим тизимини ривожлантириш учун алоҳида жамғарма ташкил этилади. Бу жамғарма касбий таълим муассасаларини молиявий қўллаб-қувватлаш, замонавий ўқув ресурслари ва техник базаларни ривожлантириш учун ажратилган маблағларни ўз ичига олади. 2025 йил 1 апрелга қадар иқтисодиёт ва молия вазирликлари томонидан жамғармага 50 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

    2025-2027 йилларга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасида касбий таълим муассасаларини замонавий ускуналар, лаборатория ва устахоналар билан жиҳозлаш, ўқув материалларини рақамлаштиришга катта эътибор қаратилади.

    Янги касбий таълим платформаси

    Қайд этиш жоизки, қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда касбий таълим тизимини янада ривожлантириш учун янги «Касбий таълим» платформаси яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади. Бу платформа, таълим олувчилар ва таълим муассасалари учун барча зарур маълумотларни очиқ ва бепул тақдим этади. Ўқувчилар ва иш берувчилар учун платформа орқали таълим дастурларини танлаш, амалиёт базаларини кўриш, шунингдек, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш имкониятлари яратилади.

    Хулоса

    Ўзбекистон Республикасининг касбий таълим тизимининг нафақат мамлакат ичидаги эҳтиёжларига мос, балки халқаро таълим тизимларига жавоб берадиган, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган замонавий тизимга айланиши кутилади. Бундай ислоҳотлар, айниқса, ёшларнинг сифатли таълим олишига, меҳнат бозори учун зарур бўлган малакали мутахассисларнинг тайёрланишига ва иқтисодий ривожланишнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади. Таълим соҳасидаги бу янгиланишлар, юртимизнинг келажакдаги муваффақиятли ривожланишининг пойдеворини яратади.

    Алишер Хажимуратов,

    Сирдарё вилояти

    Олий таълим, фан ва инновациялар

    бошқармаси бошлиғи.


    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates