Ёшлар — келажагимиз пойдеворини барпо этувчи қимматбаҳо бойлик. Уларни қўллаб-қувватлашга оид саъй-ҳаракатлар замирида шу ҳақиқат ётибди. Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонда ёш авлодга қаратилаётган эътибор, қўлга киритилаётган ютуқларни эътироф этмоқда. Бундай эътиборнинг навбатдаги ёрқин намунасига Президентимизнинг яқинда ёшлар билан мулоқотида яна бир бор амин бўлдим.
Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан зиёд йигит-қиз кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етиши кутиляпти. Бу жуда салмоқли рақам. Хўш, ёшларнинг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига қандай қилиб ёрдам бериш мумкин? Шубҳасиз, бу борада мактабларнинг ўрни катта.
Бола ҳаётнинг оқ-қорасини энди таний бошлаган паллада мактабга қадам қўяди. У ерда таълим олади, ён-атрофидагилар билан мулоқот қилишни ўрганади. Орзу-мақсадларга эришиш учун ҳаракат қилади. Қисқаси, мактаб инсон учун ҳақиқий камолот даргоҳи.
Мактабда аъло баҳоларга ўқиган, ўз олдига улкан мақсадлар қўйган, илм йўлини танлаган ҳар бир ўғил-қиз кейинги маърифат даргоҳи олийгоҳ бўлишини истайди. Илгари бундай имконият барча ёшга ҳам насиб этавермасди. Сабаби, олий таълимда битта ўрин учун ўнлаб абитуриент кураш олиб боришга мажбур эди. Бугун эса олийгоҳлар сони 3 баробар ошгани натижасида олий таълимга ёшларнинг 42 фоизи қамраб олинмоқда. Айниқса, ўқув шартнома суммаси давлат томонидан тўлаб берилаётгани ҳисобига ОТМларда ўқиётган аёл-қизлар сони 11 карра кўпайди.
Ёшлар, жумладан, битирувчи йигит-қизларга имкониятлар тобора кўпаяётгани уларнинг ўзига ишончини мустаҳкамлаш билан бирга, таълим соҳаси ходимлари учун ҳам ўзгача қувонч бағишлайди. Сабаби, бирор устоз йўқки, шогирдларининг камолотини истамаса.
Бугун имкониятларнинг салмоғи анча катта. Ёшлар ўз олдига қандай эзгу мақсад қўймасин, барчасига эришиши учун қўллаб-қувватланмоқда. Бунга мисол, бугун дунёдаги нуфузли университетларда 1500 дан зиёд ўзбекистонлик йигит-қиз таҳсил олмоқда. Биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда 2300 ватандошимиз хорижга ўқишга кетди. Мазкур кўрсаткич аввалги 25 йилда 800 нафар эди.
Битирувчилар орасида тадбиркорликни танлаган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Бу ўз-ўзидан айни масалага ҳам бефарқ қарамаслик кераклигини англатади. Давлатимиз раҳбари жорий йил 14 февраль куни ёшлар билан мулоқотида ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган
3 та муҳим ҳужжат имзоланганини маълум қилди. Бу қарорлардан биринчисига кўра, Ёшлар агентлиги ҳузурида жамғарма тузилиб, унга 100 миллион доллар маблағ ажратилади. Энди тадбиркор ёшларга 2,5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади. Стартап лойиҳаларига 2 миллиард сўмгача инвестиция киритилади.
Мамлакатимизда ёшлар учун сифатли таълим ва тадбиркорлик муҳитини яратиш борасидаги ишлар натижадорлиги ва узоқ муддатга мўлжаллангани билан диққатга сазовор.
Илҳомжон ЖЎРАЕВ,
Фарғона туманидаги
55-мактаб директори