Мазкур тизим Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг электрон базаси билан интеграция қилиниб, бунинг натижасида ОИВ инфекцияси билан яшовчи 18 ёшгача бўлган болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиши ва берилиши йўлга қўйилди.
Бу орқали уларнинг нафақа олишида юзага келган қийинчиликлари, шу жумладан узундан-узун навбатларда кутиши, тегишли хизмат кўрсатувчи органларда ортиқча сарсон бўлишига барҳам берилди.
— Бугунга қадар электрон ахборот тизими орқали 161 нафар болага нафақа автоматик проактив усулда белгиланишига эришилди, — дейди марказ директори Баҳром Эгамбердиев. — Ушбу такомиллаштирилган ахборот тизимининг ишга туширилиши натижасида марказда рақамлаштириш кўрсаткичи 50 фоиздан 90 фоизга етди.
Хусусан, аввалари 45 та ҳисобот шакллари ҳамда 8 та рўйхатга олиш ва беморлар тўғрисидаги маълумотлар дафтарларда юритилган бўлса, ҳозирда бу жараён тўлиқ автоматлаштирган.
Қолаверса, ушбу тизим беморларни рўйхатга олишдан тортиб, уларни диспансер ҳисобига киритиш, лаборатор диагностика ҳамда қабул қилаётган дори воситалари, уларнинг омбордаги айланмаси ва реал вақт режимидаги қолдиғи, узлуксиз таъминоти каби барча жараёнларни электрон тизим орқали бошқариш ва кузатиб бориш имконини беради.
Тан олиш керак, тизим ишга туширилгунга қадар ушбу маълумотлар қоғоз шаклида юритилгани сабабли дориларнинг айланмаси ва қолдиғини реал вақт режимида билишнинг имкони йўқ эди. Бунинг оқибатида беморларни дори воситалари билан таъминлашда баъзан узилишлар кузатилган. Ҳозир эса бундай ҳолатларга чек қўйилди.
Шунингдек, эндиликда марказга келган бемордан ортиқча ҳужжатлар талаб этилмайди, яъни унга QR-код ва махсус электрон код берилиб, тўғридан-тўғри хизмат кўрсатишга ўтилади.
Келгусида ушбу ахборот тизимини бошқа тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш ҳисобига ОИВ беморлар ҳаракати бўйича маълумотлар аниқлигини 100 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу — бемор қаерда бўлишидан қатъий назар, у доимо назоратда бўлишини таъминлайди.