баннер
26 мар 2025
20:00

    Ўзбекистонда туберкулёзни аниқлаш ва даволаш борасида нималар қилинмоқда?

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўтган йили дунё бўйича 10,8 миллион кишига туберкулёз ташхиси қўйилган. Улардан 1,25 миллион нафари касаллик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

    Экспертлар кўрсаткичлар йил сайин ошиб бораётгани, қолаверса, сайёрамиз бўйича хасталикнинг дориларга чидамли турлари кенг тарқалаётганидан хавотирда.

    Шунга қарамай, Ўзбекистонда туберкулёзни аниқлаш ва даволаш борасида катта ютуқларга эришилмоқда.

    — Авваллари касалликни лаборатор усулда аниқлаш учун 3 ойгача вақт кетарди, — дейди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наргиза Парпиева. — Ҳозир эса юртимиз бўйича 136 та ген-молекуляр анализатор аппарати келтирилиб, 97 та замонавий лаборатория ташкил этилган. Улардан 40 таси туманларда фаолият кўрсатмоқда.

    Бундан ташқари, балғам намуналарини туман (шаҳар)лардан асосий лабораторияларга ўз вақтида олиб келиш учун логистика хизмати яхшиланган.

    Бинобарин, ташхис қўйиш учун сунъий интеллект билан жиҳозланган 46 та ультрапортатив рентген аппарати жойларга етказиб берилган. Улар ёрдамида, ҳатто, оғир ётиб қолган беморлар хонадонигача борилиб, ўпка ва кўкрак қафасида қандай патологик жараёнлар кечаётганлиги тезкор равишда аниқланяпти.

    Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 20 январдаги "2023 — 2026 йилларда фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида 14 ёшгача бўлган хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатламида иммунодиагностика усулида, 14 ёшдан катталарда эса рентген усулида туберкулёзни аниқлаш йўлга қўйилиб, илк маротаба 10 та вилоятда "Ўпка саломатлиги" мобил бригадалари ташкил этилди.

    Туберкулёз хасталиги тарқалишининг олдини олиш учун янги туғилган чақалоқларни эмлаш қамрови 99,5 фоизга етказилди. Айрим сабабларга кўра, вакцина олмаган болаларда туберкулин ёрдамида тери синамаси ўтказилиб, кейин эмланди.

    Сўнгги 22 йилда мамлакатимизда касалланиш даражаси 2 баробардан, ўлим кўрсаткичи эса 10 баробардан кўпроқ камайишига эришилди.

    Ўз навбатида, 1-тур сезувчан туберкулёзга чалинган беморларни даволаш самарадорлиги кейинги йилларда 90 фоизга етказилди ва бу ЖССТнинг хасталикни тугатиш стратегияси мақсадларига мосдир.

    Шунингдек, силнинг турғун шаклидан азият чекаётган беморларни даволаш самарадорлиги 91,2 фоиздан 95 фоизгача оширилиб, муолажа муддати 2 йилдан 6-9 ойга қисқарди. Бу — дунёнинг жуда кам сонли давлатлари эришган кўрсаткичдир.

    Рақамли технологиялар ёрдамида беморларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амбулатор даволашнинг видеоназорат усули бутун мамлакат бўйлаб татбиқ қилинди. Ушбу инновацион ёндашув, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи аҳолида даволаниш имкониятларини кенгайтирмоқда.

    ЖССТнинг 2023 — 2030 йилларга мўлжалланган тегишли Ҳаракатлар режасига мувофиқ, 2023 — 2024 йилларда мамлакатимиз бўйича бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилди.

    Туберкулёз билан касалланишга мойил хавф гуруҳига мансуб аҳоли ўртасида кенг қамровли скрининг тадбирлари ўтказилди. Замонавий диагностика усуллари кўлами кенгайтирилди.

    Беморларни даволаш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сифатли дори воситалари харид қилинди ва хасталикнинг олдини олиш мақсадида мулоқотдаги шахслар ўртасида профилактик муолажалар олиб борилди.

    Эслатиб ўтамиз, ҳар йили дунё бўйлаб 24 март "Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш куни" сифатида нишонланади. Бу йил ҳам мазкур сана муносабати билан “Ҳа! Туберкулёзга барҳам бера оламиз! Мажбуриятлар, инвестициялар, натижалар” шиори остида жаҳоннинг турли нуқталари, жумладан, мамлакатимизда кенг қамровли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech