Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков бу каби саволларга жавоб берди.
— Ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган респиратор касалликлар мавсумий характерга эга, — дейди мутахассис. — Куз-қиш даврида уларнинг кўтарилиши кузатилади ва бундан зинҳор хавотирга тушиш керак эмас. Масалан, бир неча ҳафта олдин юртимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайиши қайд этилди. Бундай шароитда кўпчилик хоналардаги иссиқликни мўътадил сақлаб туриш учун эшик-деразалар, тирқишларни зичлаб ёпгани табиий ҳол. Оқибатда хонадонлар ва ёпиқ бино-иншоотларда ҳаво алмашинуви камайиши ҳисобига атмосферада вируслар концентрацияси ошиши кузатилди.
Одатда ўткир респиратор касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади.
Навбатдаги босқичда томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади.
Бу каби патологияларни келтириб чиқарадиган омиллар кўп. Грипп вируси, парагрипп, риновирус, аденовирус, коронавирус шулар жумласидандир.
“Янги вируслар пайдо бўлди” деган хабарларга келсак, мана, ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келди ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқ. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас.
Ҳозир кузатилаётган ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олиш жараёнини эса табиий ҳолат, деб қабул қилиш зарур.
Шу ўринда юртдошларимизга Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилгани, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилишини эслатиб ўтмоқчиман.
Шунга асосланиб айтишим мумкинки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида тиббиёт учун нотаниш ва номаълум бўлган вируслар айланиб юриши қайд этилгани йўқ. Балки аниқланаётган касалликларнинг аксарияти мавсумий респиратор хасталиклардир.
Бунинг олдини олиш ва эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклашлари, ижтимоий масофа сақлашлари, айниқса беморлар ва уларнинг парвариши билан шуғулланаётган шахслар тиббий ниқобда бўлишлари тавсия этилади. Хасталик белгилари кузатилган юртдошларимиз эса шифокорга мурожаат қилиб, даво муолажаларини бошлашлари мақсадга мувофиқдир.