“Белужистон озодлик армияси” экстремистик гуруҳи жангарилари Покистонда поездни олиб қочиш чоғида гаровга олинган камида 50 кишини ўлдирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Унинг маълумотларига кўра, гаровга олинган 50 киши ўлдирилганини жангариларнинг ўзлари эълон қилган. Айни дамда гаровга олинган 190 киши қутқарилди, дея хабар бермоқда агентлик Покистон расмийларига таяниб.
Аввалроқ Dawn газетаси камида 10 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Сешанба куни “Белужистон озодлик армияси” гуруҳи жангарилари Кветтадан (Балужистон вилояти маъмурий маркази) Пешоварга (Хайбер-Пахтунхва вилояти маъмурий маркази) кетаётган поезднинг 450 га яқин йўловчисини гаровга олди. Экстремистлар темир йўл рельсларини портлатиб, кейин поездга қарата ўт очган. Ҳужум вақтида поезд хавфсизлиги ходимлари ва жангарилар ўртасида отишма содир бўлган, деб хабар беради tass.ru.