Риштон кулоллик буюмлари Италия музейидан жой олди

    Риштон кулоллик мактаби ҳақида эшитмаган, билмаган ўзбекистонлик бўлмаса керак. Тупроғига Аллоҳ назар солган бу замин кулоллари чинакамига лойдан мўъжиза яратаётган ижодкорлардир.

    Фарғонанинг энг қадимий шаҳарларидан бири, неча замонлардан бери Марказий Осиёда сирланган сопол буюмларнинг энг йирик маркази бўлган Риштоннинг номи сўғдча “Раш” (“Руш”, “Руши”) – “қизил ер” сўзидан пайдо бўлган. Қизил гил кулоллар учун асосий хомашёдир.

    Бир пайтлар қишлоқ хўжалиги ўғитлари сақланадиган шаҳардаги ташландиқ жойда бугун Халқаро кулоллик маркази қад ростлади. Бу дилкушо маскан уста кулоллар завқланиб ишлайдиган, ҳатто яшайдиган жойга айланди. Давлатимиз раҳбари марказга ташрифи чоғида бундай марказлар Риштонда бир эмас, ўнлаб бўлиши кераклигини таъкидлади. Кулол Алишер Назиров билан суҳбатда эса “Бу ерда экологик тоза меҳнат билан биргаликда катта тарих бор”, дея кулолликнинг миллий ғурур-ифтихор эканини айтиб, уни ҳар бир хонадонга, тўйларимизга қайтаришимиз зарурлигига алоҳида урғу берди.

    Буни қарангки, Италиянинг Дерута шаҳри тупроғи ҳам худди Риштон тупроғи сингари ўзига хослиги билан ажралиб туради. Шаҳарда XV-XVI асрларда маҳаллий кошинлик услубидаги “Белла Донна” сопол идишларини ясаш санъати ўз чўққисига эришган. XVI асрдан бу ерда машҳур “Рафаэль” деб номланган идиш-товоқлар ишлаб чиқарила бошланган.

    Италиялик уста кулолларнинг ишлаш жараёнлари ҳам кулолларимизники билан деярли бир хил экани ажабланарли. Шу боис, Риштон кулоллиги каби Дерута шаҳри ўзининг ноёб сополлари ва кошинлик санъати билан дунёга машҳур бўлиб, Италия миллий кулоллик анъаналарининг етакчиси ҳисобланади. Айни ўхшашликлар бу икки ҳудуднинг бир-бирига янада яқинлашуви, тўғрироғи, биродарлик алоқаларини, савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишига туртки бўлди.

    Риштон тумани ҳокими Суфҳонжон Солиев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Италиянинг марказий ҳудуди - Умбрияда жойлашган Дерута шаҳрида бўлди. Делегациямизни Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров ҳамда Дерута шаҳри мэри Микеле Тониаччини бошчилигидаги маҳаллий маъмурият масъуллари кутиб олдилар.

    Музокаралар давомида савдо-иқтисодий, туризм ва маданий алоқаларни кенгайтириш, жумладан, Риштон ва Дерута ўртасида биродарлашган шаҳарлар муносабатларини ўрнатиш масаласини муҳокама қилиниб, англашув меморандуми имзоланди. Меморандумга кўра, Дерута шаҳри делегацияси 2022 йилнинг март ва сентябрь ойларида юртимизга ташриф буюради.

    Шунингдек, Риштон туманида замонавий чинни маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш борасида ҳам келишувга эришилди. Унга кўра, энди Риштонда чинни маҳсулотлар янги технологиялар асосида ишлаб чиқарилади, уларнинг рақобатбардош бўлиши, экспорт географиясини кенгайтириш энг асосий мақсад қилиб олинди ва бу Дерутага ташрифнинг асосий маҳсули бўлиши кўзда тутилди.

    Яна бир қувонарли жиҳат шундаки, Италиянинг энг қадимий турли давр ва услубда сополдан ясалган 5 мингдан ортиқ экспонат жамланган Дерутадаги Санъат асарлари музейидан Риштон кулоллиги маҳсулотлари учун майдон ажратиб берилди. Музейда Риштон кулоллик маҳсулотлари тақдимоти ўтказилди.

    Риштон делегацияси аъзоларининг Дерута уста кулоллари иш жараёнлари билан танишиб, фикр алмашгани эса янги-янги ғояларга туртки бўлди. 1904 йили саноат ва ҳунармандлик кўргазмасида Фарғона вилояти ҳарбий губернатори генерал-майор В.И.Покотило қўлидан олтин медаль олган риштонлик уста Бобоҳожи Мирсалим авлодлари бўлган риштонлик уста кулоллар ҳам италияликларда илиқ таассуротлар қолдирганига шубҳа йўқ.

    – Италия ташрифи соҳадаги ижодкорлик салоҳиятимиз, қадимий бой меросимизни улуғлашга бўлган интилишимизни яна бир карра оширди, – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Риштон тумани бўлими раҳбари Бунёдбек Юнусов. – Италиялик ҳамкорларимиз билан режаларни ўйлаганимиздек амалга ошириш, уларни ҳам Риштонда муносиб кутиб олиш учун тайёргарликни қизитиб юбордик. Ўйлаймизки, бошлаган ҳамкорлигимиз иккала томон учун ҳам хайрли, манфаатли бўлади.

    Энг муҳими, ўзбек кулоллик брендини дунёга танитаётган, кундан кунга донғи ошаётган Риштон кулоллик буюмлари энди Италиянинг қадимий музейларидан бирида сақланади.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates