Россиялик релокант: «Мамлакатнинг IT-соҳаси ривожланиши бўйича Ўзбекистон идеалга яқин»

    Рақамлаштириш 25 ноябр 2022 2552

    Бугун IT Parkʼга iTransitionʼда дастурий таъминот яратувчиси Евгений Авелтсев ташриф буюрди. У 35 ёшда, Архангелскда туғилган, аммо умрининг кўп вақтини Санкт-Петербургда ўтказган.

    У ўз фаолиятини 19 ёшида бошлаган. Йирик компанияда ишлади, аммо кейин халқаро дастурлаш оламида ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлди. Шундай қилиб, у ҳозирда ишлаётган iTransition’га келди.

    Ўзбекистонга кўчиб келиш ҳақида

    Евгений Ўзбекистонга жорий йилнинг апрель ойида кўчиб келган. Суҳбат қаҳрамони таъкидлаганидек, ҳамкасблари ва дўстларининг аксарияти Грузияга кетишган, бироқ уни қуёшли Тошкент ўзига тортган.

    «Мен турли йўналишларни кўриб чиқдим ва барча мамлакатлар ҳақида маълумот қидирдим: барча статистикани ўрганиб чиқдим, иқтисодий вазиятга қарадим, ўз сўровларимни ҳаётимда кўришни хоҳлаган нарсалар билан таққосладим. Ўзбекистон эса менинг барча талаб ва эҳтиёжларимни қондирди», дейди у.

    Евгенийнинг танишлари орасида Ўзбекистонга ташриф буюрган ва бундан мамнун бўлган одамлар ҳам бор. Улар мамлакат ҳақида жуда илиқ фикрларни айтиб беришди, бу эса уни танловнинг тўғрилигига ишонтирди.

    «Инсон бирор жойга кўчишга мажбур бўлганда, шубҳасиз, у ижтимоий мослашув муаммоси ҳақида ўйлайди. Бошқа давлатда «ўзиникидай бўлиш» учун сиз ушбу мамлакатнинг тилини билишингиз керак. Шу боис, мени Ўзбекистонни танлашимга ишонтирган яна бир жиҳат – жамиятнинг русийзабонларга нисбатан муносабати бўлди. Бу ерда ўзимни бегонадек ҳис қилмайман ва мен учун бу жуда муҳим», таъкидлайди у.

    Ўзбекистон IT-соҳаси ҳақида

    Мутахассиснинг фикрига кўра, Ўзбекистон IT-саноати тўғри йўналишда ривожланмоқда.

    «Бу ерда IT-саноат истиқболли соҳа эканлигини кўриб турибман. Мамлакатнинг IT-соҳаси ривожланиши бўйича Ўзбекистон идеалга яқин», дейди дастурчи.

    IT Park Евгенийда яхши таассурот қолдирди. Тошкентга эндигина келганида уни ташкилот ходими кутиб олди. Евгенийни бундай таъсирланганини айтади: ўша пайтда у кимдир ёрдам қўлини чўзиши қанчалик муҳим бўлганлигини англаган.

    «Мен бегона мамлакатга келдим ва дарҳол кўника ололмадим. Бошида кимнингдир ёрдамисиз жуда қийин – ҳеч бўлмаганда аэропортда кутиб олиш ва меҳмонхонагача етиб олиш учун кўмак керак. IT Park эса менга уй топишда ҳам ёрдам берди ва бир неча кун ичида биз ҳамма нарсани расмийлаштирдик ва жойлашиб олдик. Бироқ энг муҳим ёрдам бу — IT Park мавжудлиги. Демак, давлат IT йўналишидан манфаатдор эканлигини англатади», эслайди у.

    IT Park мажмуаси ҳам қаҳрамонни бефарқ қолдирмади. 2020 йилда бошланган қурилиш 3 йилдан кам вақт ичида тўлиқ фойдаланишга яроқли замонавий, кўркам, барча қулайликларга эга бинога айланиши мумкинми, дея ҳайратланади россиялик релокант.

    «Мен учун бу ҳайратланарли даражада ёқимли ҳодиса. Агар мамлакат бундай курс олиб, шундай мажбуриятларни бажарса, унда бундай мамлакатга ишониш мумкин. IT Park мавжудлиги ва ташкилот томонидан қўллаб-қувватлов уларнинг мен билан ишлашдан мамнун бўлишларини билдиради», хулоса қилади дастурчи.

    Тўғри, интернет сифатини ривожлантириш керак, дея қўшимча қилди у.

    «Афсуски, мен ҳам электр таъминотидаги узилиш муаммосига кўп дуч келганман. Гарчи у жуда узоқ давом этмаган бўлсада, лекин у иш дақиқалари учун сезиларли даражада. Бу борада иш олиб борилаётганлигини биламан ва умид қиламанки, мамлакатда бу муаммо ҳал қилинади. Банк хизматлари сифати ҳақида ҳали ҳам саволлар бор, мен бошқа даражага ўрганганиб қолган эдим. Россияда банк тизимлари билан ишлашда ўзимни қулайроқ ҳис қиламан», дея бошқа муаммоларни ҳам санайди Евгений.

    Ўзбекистонда ҳар қадамда ёқимли вазиятлар кузатилмоқда

    «Санкт-Петербургда яшайдиган жойингизда қўшниларингизни танишингиз ноёб ҳолат, аммо бу ерда қўшниларингизни билмасликнинг ўзи ғалати. Бу ерда одамлар бир-бирига ғамхўрлик қилишади, бир-бирига ишонадилар. Яқинда бир курьер келди, у, маълум бўлишича, Санкт-Петербургда 20 йил яшаган. У мен билган ҳудудларни билади, мен кўрган барча жойларни ҳам кўрган. Биз рақамларимиз билан алмашдик, жуда самимий суҳбатлашдик. Ўзбек халқининг самимиятини баҳолаш қийин», – дейди Евгений.

    Қандай муаммоларга дуч келдингиз?

    Эҳтимол, қаҳрамон таъкидлаган асосий камчилик – бу бюрократик характердаги муаммолар.

    Ҳайдовчилар ва уларнинг ҳайдаш услуби – бу Евгенийни ёқимсиз ҳайратга солган яна бир жиҳат.

    «Айтиб ўтишим керак, дастлаб маҳаллий ҳайдовчиларнинг услуби мени қўрқитди. Кейин статистика билан танишдим ва бу ерда бахтсиз ҳодисалар камроқ эканлиги маълум бўлди. Тўғрисини айтсам, пиёдалар ўтиш жойлари етарли эмас, ҳайдовчилар ҳар доим ҳам пиёдаларни ўтказиб юбормаслигини ҳам пайқадим, лекин вақт ўтиши билан бу ҳолат ўзгаради деб ўйлайман, чунки ҳайдаш маданияти даражасини ошириш тенденцияси кузатилмоқда», дейди у.

    Ўзбекистон таомлари

    «Ўзбекистон таомлари ажойиб. Мен барча жойларга бориб, синаб кўрмоқчиман, гастрономик тадқиқотлар ўтказмоқчиман. Аслида, одамлар яхши ҳамда сифатли овқатни ёқтирадилар ва Ўзбекистонда ушбу планка жуда юқори. Ва овқатланадиган жойларга келганингизда, сизни ўзгача нимадир кутаётганини биласиз», дейди меҳмон.

    Евгений Ўзбекистонда одамлар нега бунчалик меҳрибон ва табассумли эканликларини тушунишини қўшимча қилди: овқат – бу энг яхши антидепрессант, бу ердаги каби мазали таомлар эса илҳом бахш этади ва кайфиятни кўтаради...

    Мева ва сабзавотлар ҳам Евгенийни қойил қолдирган. Унинг тан олишича, ёзда тарвуз ва қовунни танлаб ўтирмаган, чунки бу ерда мазасизлар йўқ.

    Евгений ва унинг оиласи ҳозирча шу ерда яшашни режалаштирмоқдалар.

    «Ўзбекистонда ўзимни қулай ва яхши ҳис қиляпман. Тил тўсиғи билан боғлиқ муаммолар йўқ: бу ерда ҳамма рус тилида гаплашади ёки ҳеч бўлмаганда уни тушунади. Менда ўзбек тилини ўрганиш истаги бор, тез орада бу тилни ўзлаштираман деб ўйлайман. Ҳозирча биз шу ерда яшаймиз, кейин эса кўрамиз. Ва мен ўзим билан ушбу ажойиб мамлакатнинг энг илиқ қуёшли хотираларини ва, албатта, маҳаллий ҳунармандлар томонидан яратилган гўзал нарсаларни олиб кетаман!», дейди у.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates