Маълумки, UpStream BPOнинг Малайзия ва Сингапурда 5 000 нафардан ортиқ ходимлари ҳамда офислари мавжуд.
Учрашув давомида бош директор Аҳмад Қаюм Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида янги офис очиш ва унинг Марказий Осиёдаги фаолиятини кенгайтириш режасини айтиб ўтди.
Ўзбекистонда янги офис очиш қарори UpStream BPOнинг ривожланаётган бозорларга чиқиш ва Марказий Осиёда ўсиб бораётган иқтисодий имкониятлардан фойдаланиш стратегиясига мос келади. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ўзининг стратегик жиҳатдан қулай географик жойлашуви ва динамик иқтисодий ўсиши туфайли ҳам маҳаллий, ҳам халқаро бозорларга хизмат кўрсатиш учун энг қулай жой ҳисобланади.
UpStreamнинг Сирдарёдаги янги BPO бўлими асосий эътиборни инсон ресурслари, молиявий технологиялар, киберхавфсизлик ва умумий бизнес жараёнларини аутсорсинг каби бир қанча муҳим бизнес функцияларга қаратишни режалаштиряпти. Юртимиздаги кадрлар салоҳияти ва таълим тизими билан яқиндан танишиш мақсадида INHA университети билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда келгусида мутахассисларни биргаликда тайёрлаш ва кейинчалик уларни Ўзбекистондаги UpStream BPOда ишга жойлаштириш бўйича келишувга эришилди. Таъкидлаш жоизки, маҳаллий истеъдодлар жамғармасидан фойдаланган ҳолда, UpStream BPO глобал миқёсда рақобатбардош бўлган юқори сифатли аутсорсинг хизматларини тақдим этишга интилади.
Аҳмад Қаюм Ўзбекистонга ташрифи доирасида MAAB Innovation компаниясига ҳам ташриф буюрди. MAAB Innovation билан учрашув ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган бўлиб, музокаралар давомида томонлар MAAB Innovation битирувчиларини янги UpStream BPO офисига жалб этишга қарор қилди. Учрашув сўнггида алоқаларни мустаҳкамлаш ва малакали кадрлар оқимининг узлуксиз келишини таъминлайдиган ҳамкорлик меморандумини имзолашга қарор қилинди. Бундан ташқари меҳмонлар «Unicall» компаниясида учрашув ташкил этилиб, унда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама этилди, деб хабар беради it-park.uz.
Янги офиснинг очилиши Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари соҳасидаги экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириши, шунингдек, юқори сифатли иш ўринларини яратиш орқали маҳаллий иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатиши кутиляпти.