Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
15 июль куни Бухоро вилояти Экология бошқармаси экологик назорат инспекцияси ходимлари томонидан Пешку туманининг Сафрон чўл массивида рейд тадбири ўтказилган.
Тадбирда инспекция бошлиғи Ж.Тошев, А.Қурбонов, Б.Рўзиев, Ж.Ядгаров, Ф.Муродов, Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесеновлар иштирок этган.
Рейд давомида улар «ЗИЛ» русумли юк машинасида чўл массивидан ноқонуний равишда саксовул кесиб, ортиб кетилаётган фуқароларни аниқлашди. Бошқармага тегишли «ЖАК» автомобилида таъқиб бошланди.
Қарийб 110 км масофада кузатув давом этди. Юк машинаси Ғузор–Бухоро–Нукус А-380 трассасидан Хоразмга қараб йўл олган пайтда, Ж.Тошев бошқа машиналарни назорат қилиш учун икки ходимни тушириб, таъқибни давом эттирди.
Бир неча дақиқалардан сўнг «90 Х 780 ХХ» давлат рақамли «ИСУЗУ» русумли юк машинаси инспекторлар йўлини тўсди. Машинадан номаълум шахслар қўлида биталар, темир трубалар ва бошқа совуқ қуроллар билан тушиб, бошқарма автомобилини шикастлади ҳамда Ж.Тошевни ҳақорат қилди. У воқеа жойидан чиқиб кетди.
Шунингдек, Н.Муҳаммадиев ва О.Ҳесенов жисмоний тарзда калтакланиб, оғир тан жароҳатлари олди. Муҳаммадиевнинг оёғи синди. Уларни юк машинасига мажбуран чиқариб, ўзлари билан олиб кетишган, бироқ ҳаракат пайтида машина орқасидан ўзларини ташлаб, қочиб кетишга муваффақ бўлишган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Тупроққалъа туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









