Бу нима дегани? Бу худди Тошкент каби Самарқанд ва Наманган шаҳарлари ҳам ушбу номдаги вилоятлар таркибидан чиқарилиб, алоҳида мақомга, алоҳида бошқарувга эга бўлади дегани.
Бу ўзгаришнинг аҳамиятини тушуниш учун унга ҳар томонлама, яъни комплекс ёндашиб, баҳо бериш керак.
Биринчида, бу ташаббус урбанизация, яъни аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб шаҳарларни ривожлантириш жиҳатидан муҳим.
Марказий Осиё ҳудудида энг биринчи йирик, яъни “миллионлик шаҳар” мақомига Тошкент шаҳри 1960 йилларда эришган. Ўша пайтда юртимиз аҳолиси 8 млн кишидан сал кўпроқ бўлган. Бугун эса, аҳолимиз сони 36 млн кишига етди. Лекин, ҳалигача одамлар иш, ўқиш, даволаниш, дам олиш, бизнес қилиш учун интиладиган шаҳар, яъни “тортувчи марказ” – Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда.
Бу орада минтақамизда “миллионлик шаҳар”лар сони 7 тага етди. Бундай шаҳарлар мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга, бу назарий жиҳатдан ҳам, тарихдан ҳам ўз тасдиғини топган.
Чуни одамлар бекордан бекорга шаҳарларни, тартиб билан ривожланган йирик марказларни барпо этишмаган. Бундай шаҳарда ҳаёт доим қайнайди, турли соҳалар, айниқса, хизмат кўрсатиш ҳисобидан кўплаб янги иш ўринлари яратиш мумкин бўлади.
Иккинчидан, бу таклиф бошқарув самарадорлиги жиҳатидан ҳам муҳим.
Аслида маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этишдан мақсад – бошқарувни, давлат органларини халққа яқинлаштириш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш.
Ўз вақтида Тошкент шаҳрини ҳам республика бўйсинувига ўтказиш учун сабаб унинг пойтахт бўлгани эмас, шаҳарнинг кенгайгани, аҳоли сони ошгани, шаҳарни ривожлантириш учун алоҳида эътибор зарурлиги бўлган. Бугун эса, Самарқанд ва Наманган шаҳарларига ҳам айнан мана шу каби мақсадлар билан республика аҳамиятидаги шаҳар мақоми берилмоқда.
Учинчидан, бу янгиликнинг юридик жиҳатдан ҳам аҳамияти катта. Охирги йилларда Наманган шаҳри таркибида 2 та янги туман — Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ташкил этилди. Самарқанд шаҳри таркибида ҳам туманлар ташкил этиш ташаббуси илгари суриляпти. Мақсад – тобора кўпайиб бораётган аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш. Аммо бу юридик томондан бир қатор саволларни келтириб чиқаряпти.
Шу нуқтаи назардан агар биз йирик шаҳарлар таркибида, хусусан, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида туманлар ташкил этадиган бўлсак, бутун қонунчилик тизимини бу янгиликка мослаштиргандан кўра, ушбу шаҳарларни, худди Тошкент шаҳри сингари, республика бўйсинувига ўтказишимиз жуда тўғри ва мантиқий қарор ҳисобланади.
Тўртинчидан, бу ташаббус тадбиркорлик муҳити ёки инвестициявий жозибадорлик нуқтаи назаридан ҳам алоҳида қимматга эга. Бу ерда давлат бизнесга ўзига хос “сигнал” беряпти: “Ўзбекистонда яна 2 та шаҳар Тошкент шаҳри каби алоҳида мақомга эга бўлади, улар тез орада янаям ривожланади, аҳоли сони ошади, ўз капиталингизни бу шаҳарларга йўналтириб, сиз асло кам бўлмайсиз” деяпти. Транспорт-логистика жиҳатдан ҳам шундай.
Бу ўзгариш оддий одамларга, масалан, ҳар икки шаҳар ва ҳар икки вилоят аҳолисига нима беради?
Бу ислоҳот ушбу одамлар ҳаётида қанақадир қийинчилик ёки бошқача ноқулайликлар келтириб чиқармайди: ҳамма ўз иши, кундайлик ҳаёт тарзини аввалгидай давом эттираверади, одамлар бундан кейин ҳам ўзи истаган жойида дам олиши, ўқиши, даволаниши, ишлаши мумкин бўлади, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу ислоҳот натижасида Самарқанд ва Наманган шаҳарларининг нуфузи, инвестициявий жозибадорлиги ортади, бизнес ривожланади, иш ўринлари кўпаяди, шу орқали солиқ тушумлари ортади.
Ушбу таклифни амалга ошириш учун, энг аввало, Конституциямизга, кейин эса бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш, Олий Мажлис палаталарининг тегишли қарорларини қабул қилиш лозим бўлади.
Элдор Ҳамроев,
ҳуқуқшунос, мустақил тадқиқотчи









