Самарқанд вилоятидаги ўрмон хўжалигининг 10 гектар майдони ёниб кетди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига Каттақўрғон давлат ўрмон хўжалиги ўрмон фонди ҳудудининг маълум қисми ёқиб юборилгани ҳақида мурожаат тушган.
Шунга кўра, ҳолат бошқарма ходимлари, туман ҳокимлиги, прокуратура ва масъуллар иштирокида жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Унда ўрмон хўжалиги ҳудудининг 10,5 гектар майдонида ёнғин бўлгани ҳамда 7,4 гектар ер майдони ёнғиндан зарарлангани аниқланган.
Ўрганиш давомида ёнғин содир бўлган 10,5 гектар ер майдонидаги манзарали дарахтлар хатловдан ўтказилган. Натижада 7,4 гектар ер майдонидаги 116 туп жийда, 5 туп тол ҳамда 49 580 туп юлғун буталари шикастлангани маълум бўлган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида табиатга жами 1 миллиард 884 миллион 675 минг сўм миқдорида зарар етган. Шу асосда тўпланган ҳужжатлар ҳолатга қонуний баҳо бериш учун прокуратура органларига тақдим этилган.








