Самарқанд вилоятининг туризм салоҳияти Японияда тарғиб этилди

    Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ҳамда Япониядан вилоятга сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Япониянинг Нара шаҳрида Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.

    Мазкур тадбир доирасида Самарқанд вилояти Туризм бошқармаси томонидан вилоятнинг туризм салоҳиятига оид тақдимот намойиш этилди. Тадбирда иштирок этган Япониянинг нуфузли туризм соҳаси вакиллари Самарқанднинг сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан танишдилар.

    Тадбир давомида Самарқанд вилоятининг маданий дастурлари ва бадиий чиқишлари намойиш этилди, шунингдек, ҳунармандчилик кўргазмалари ўтказилди. Ушбу намойишлар япониялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

    Самарқанд вилояти Туризм бошқармаси ҳамда Япониянинг Нара префектурасидаги етакчи туризм компаниялари ўртасида музокаралар олиб борилди. Учрашувлар натижасида келгусида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.