Кейинги йилларда ҳар йили апрель ойида “Китобхонлик ҳафталиги” ташкил этиш анъана тусини олди. Бугун Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида "Китобсевар миллат" шиори остида III республика "Китобхонлик ҳафталиги" ушбу анъананинг давоми дейиш мумкин.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов сўзга чиқиб, мазкур ҳафталик аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, ёзувчи-шоирлар билан яқиндан мулоқот қилиш, асарларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда қўл келишини таъкидлади ва кутубхона маъмуриятига янги китоблар жамланмаси совға қилинди.
Тадбир давомида китоб ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, "Келажак лидерлари" клуби вице-президенти Фарангиз Худоёрова ва ёшлар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда китобхон ўқувчилар томонидан тайёрланган концерт дастури ва саҳна кўринишлари ҳам намойиш этилди.
Китобхонлик ҳафталиги 15 апрелга қадар давом этади ва ҳафталик доирасида китоб кўргазмалари, кўрик-танловлар, ижодкорлар билан учрашувлар, янги адабиётлар шарҳи, бадиий ва мусиқий кечалар, "Севимли кутубхонамга китоб совға қиламан" акциялари ўтказилади.