“TASHKENT BOOK FEST”: Uchinchi yuksalish yoʻlidagi maʼrifiy manzil

    Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Tashkent Book Fest” III халқаро китоб кўргазма-ярмаркасининг очилиш маосими бўлиб ўтди. “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилаётган ушбу анжуманда барча китобсеварлар, адабиёт ва санъат намояндалари, ношир, матбаачилар маҳаллий ва хорижий китоб нашриётларининг вакиллари иштирок этишмоқда.

    Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев халқаро маърифий анжуманни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сўнгги беш йил давомида мамлакатимизда ноширлик, адабиёт, кутубхона ва китобхонлик соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 10 га яқин фармон, қарор ва фармойишлари эълон қилинганини таъкидлаб ўтди. Айниқса, 2021 йил 26 ноябрда “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирда қабул қилингани соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий базаси мустаҳкамланиши, давлат томонидан ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига зарур шарт-шароитлар яратилгани ўзининг ижобий самараларини бермоқда.

    Дарҳақиқат, 2019 йилда республикамизда 227 та нашриёт фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони салкам 360 тага етди. Энг муҳими, бу нашриётларнинг 41 таси давлат тасарруфидаги корхоналар бўлса, қарийб 320 таси хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли. Матбаачиликдаги кўрсаткичлар ҳам сезиларли даражада ошди. 2022 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига республикамиздаги матбаа корхоналарининг сони 1746 тага етди. Уларнинг 1660 га яқини хусусий корхоналар экани қувонарлидир.

    – Нашриётимиз ташкил этилганига салкам бир аср бўляпти, – дейди “Ўзбекистон” нашриёти матбаа-ижодий уйи бош муҳаррири Азимбой Бобониёзов. – Ўз анъаналаримизга содиқ қолиш билан бирга бугунги куннинг талабчан ва зукко китобхонлари талабларини ҳам астойдил ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Биз аллома боболаримиз билан жуда фахрланамиз, лекин афсуски, кўп ҳолларда уларнинг асарларини ўрганишга, тадқиқ этишга жиддий эътибор қаратмаймиз. Нашриётимиз анча йиллардан бери Абу Райҳон Беруний асарлари устида иш олиб бораётган эди. Мутафаккир бобомизнинг 7 жилдли асарлар тўпламини чоп этдик. Мана яқинда Президентимизнинг “Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу қутлуғ сана олдидан кўрган тадоригимиз юртимиз олимлари, тадқиқотчилари ва китобхонларида жуда катта қизиқиш уйғотаётганидан ниҳоятда мамнунмиз. Абу Райҳон Беруний асарлари нафақат илмий маълумотларга, балки бадиий воқеликларга бойлиги билан ҳам эътиборга моликдир. Шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг 6 жилдлик асарларини ҳам қайта нашрга тайёрлаяпмиз. Шеърият ихлосмандларига тақдим этилиши кўзланаётган бу китобларда севимли шоиримизнинг энг гуркираган ижодий даврида ёзилган шеърлари ва достонларини жамлашга ҳаракат қиляпмиз.

    Халқаро кўргазмада Арманистон, Беларусь, Буюк Британия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркия каби 9 та хорижий давлатдан 47 та етакчи компания, нашриёт ва ассоциация вакиллари томонидан томонидан тақдим этилаётган янги китоблар ва матбаа маҳсулотлари, дизайнерлик ишлари, рассомлик санъати намуналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Тадбир доирасида бўлиб ўтадиган давра суҳбатлари, семинар-тренинг ва маҳорат дарслари, китобхонлик танловлари, турли акция ва маданий-маърифий дастурларда ёш китобхонлар фаол қатнашаётгани қувонарлидир.

    Тадбирда бутун дунёдаги тинчликни сақлашга оид асарлар бўйича “Tashbookfest-2022” китоблар танлови ҳам ўтказилади. Ташкилий қўмита томонидан “Ноширлик соҳасида эришган юксак натижалари учун” номинацияси бўйича бош соврин – Гран при мукофоти таъсис этилади. Барча танлов ғолиблари халқаро кўргазма-ярмарканинг ёпилиш маросимида 4 ноябрь куни тантали равишда тақдирланади.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон”мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates