Саноат ривожи учун янги имкониятлар

    Ҳукумат 10 январ 2023 5401

    Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 10 январь куни саноатни ривожлантириш ҳамда қўшимча захираларни аниқлаш масалалари бўйича видеослектор йиғилиши ўтказилди.

    Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли бандлигида саноат жуда катта ўрин тутади. Бу соҳага зарур шароит яратиш мақсадида сўнгги йилларда 19 та эркин иқтисодий зона ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилди, уларнинг инфратузилмасига 10 триллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, тўқимачилик, кимё, қурилиш материаллари, чарм, фармацевтика, электр техникаси каби тармоқларни “драйвер”га айлантириш учун 3 миллиард долларлик молиявий ресурслар ажратилди. Саноатни хомашё билан таъминлаш учун геология-қидирув ишлари 3 баробар кўпайтирилиб, 600 тадан зиёд янги кон аниқланди.

    Натижада охирги беш йилда саноат корхоналари сони 2 баробар кўпайиб, 100 мингтага етди, ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 бараварга кўпайди.

    Бу ҳудудлар ривожига ижобий таъсир қилмоқда. Жумладан, Жиззахда илгари бўлмаган қурилиш материаллари, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби янги тармоқлар пайдо бўлди. Биргина қурилиш материаллари бўйича 220 та лойиҳа ишга туширилиб, вилоят саноатида бу соҳанинг улуши 20 фоиздан ошди.

    Самарқанд, Сирдарё, Наманган ва бошқа ҳудудларда металлни қайта ишлаш бўйича 19 та йирик лойиҳа амалга оширилган. Наманганда ташкил этилган 54 та янги кичик саноат зонасида 2022 йилда 3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

    Кимё саноатида охирги уч йилда ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга, экспорт эса 2 бараварга ошган.

    Шу билан бирга, айрим ҳудудларда натижалар имконият даражасида эмас. Хусусан, 2022 йилда Навоий, Бухоро ва Тошкент вилоятларида саноат ўсиши кўнгилдагидек бўлмаган. Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмда ип-калавани қайта ишлаш даражаси пастлигича қолган. Наманган, Самарқанд ва Навоийда озиқ-овқат, чарм-пойабзал, мебель ишлаб чиқариш салоҳияти етарлича ишга солинмаган.

    Шу боис йиғилишда жорий йилда саноатни ривожлантириш, соҳага инвестицияларни кўпайтириш ва захираларни ишга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

    Давлатимиз раҳбари саноат учун янги имкониятлар ва қўшимча молиявий ресурслар берилишини таъкидлади.

    Биринчи имконият – банк нормативлари қайта кўриб чиқилиб, тижорат банкларида корхоналарга кредит ажратиш учун қўшимча 55 триллион сўм ресурслар таъминланади. Бу – битта туманда ўртача 20 миллион долларлик инвестицияга қўшимча манба, дегани.

    Иккинчи имконият – 2023 йилда саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари инфратузилмаси учун 1,7 триллион сўм йўналтирилади. Шунингдек, “Ғиждувон” ва “Қўқон” эркин иқтисодий зоналари ҳудуди кенгайтирилади. Қорақалпоғистон ва Қашқадарёда “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг филиаллари ташкил этилади.

    Учинчи имконият – 2023 йилдан бошлаб, иқтисодий ривожланиши орқада бўлган тўртинчи ва бешинчи тоифадаги 60 та туманга 27 турдаги солиқ имтиёзи, субсидия ва преференциялар берилганидир.

    Тўртинчи имконият – гиламчилик, уй текстили, чарм ва заргарлик тармоқлари учун тақдим этилаётган енгилликлар. Унга кўра, 2023 йилда тўқимачилик лойиҳаларига қўшимча 300 миллион доллар йўналтирилади. Чарм-пойабзал саноатида 200 дан ортиқ турдаги импорт хомашё бўйича божхона имтиёзлари уч йилга узайтирилади. Заргар тадбиркорларга хомашёни чегирма билан сотиб олиш имконияти ҳамда солиқ, божхона ва банк имтиёзлари берилади.

    Президентимиз бу имкониятларни аҳоли ва тадбиркорларга етказиб, жойларда лойиҳаларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

    Саноат зоналарида 1 минг 264 та лойиҳа ишга туширилиши айтилди. Шунингдек, Навоий вилоятида 6-гидрометаллургия заводини ҳамда Олмалиқда 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш, Андижонда замонавий қуюв цехини ва Чирчиқда қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерини тўлиқ қувватга чиқариш ҳам муҳим вазифалардан.

    Мутасаддиларга саноат кооперациясини кенгайтириб, 6 миллиард долларлик маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, ҳудудий инвестиция дастурларига киритилган 3 мингга яқин лойиҳаларни вақтида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.

    Умуман, барча манбалар эвазига жорий йилда саноатни 14 фоизга ошириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.

    Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан саноат тармоқлари раҳбарлари ва ҳокимлар ўз режа ва таклифларини билдирди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates