Саноатнинг янги саҳифаси

    Cўнгги йилларда Ўзбекистонда кончилик ва металлургия соҳасидаги ислоҳот кўлами кенгайди.

    Хусусан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатидаги улкан бунёдкорлик ишлари саноатимиз тарихида янги саҳифалар очилаётганидан далолат беради. Ўзбекистондаги тарихий инвестиция лойиҳаси — «Ёшлик I» кони ўзлаштирилиши халқимиз, иқтисодиётимиз, мамлакатимиз истиқболи учун ғоят муҳим аҳамият касб этади.

    Бугунги кунда «Ёшлик I» кони дунёда маъдан таркибида олтин ҳажми бўйича энг йирик кон? дея тан олинган. У мис конларидаги ўртача олтин таркиби бўйича иккинчи, маъдан ҳажми бўйича учинчи, мис ҳажми бўйича олтинчи ўринни эгаллади.

    Лойиҳа бошлангандан буён коннинг 190 миллион куб метр юзаси очилиб, маъдан қазиб олишга тўлиқ тайёрланди. Коннинг темир йўл, электр таъминоти ва автомобиль йўлидан иборат инфратузилмаси барпо этилди.

    Президентимиз 2021 йилда 60 миллион тонна маъданни қайта ишловчи 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берган эди. Айни кунларда дунёдаги энг йирик тоғ-кон саноати мажмуаси сифатида эътироф этилаётган ушбу фабрикани бунёд этиш ишлари якунланиш арафасида.

    Қурилишни жадаллаштириш мақсадида металл конструкциялар заводи ишга туширилди. Мутахассисларнинг баҳолашича, фабрикага сарфланган металл конструкциялар 10 дан зиёд Эйфел минорасини қуришга етади. Мана шунинг ўзи ҳам бу фабрика қанчалик йирик мажмуа эканини кўрсатади.

    «Ёшлик I» кони, 3-мис бойитиш фабрикаси ҳамда ёрдамчи объектларни электр билан таъминлаш учун 500 киловолт кучланишли рақамли подстанция, юқори қувватли 110 киловатт электр линияси, 80 ва 63 мегаваттли подстанциялар қурилиши якунланди.

    Кон ҳудудида жойлашган, қуввати 30 миллион тонна бўлган дастлабки майдалаш ва юклаш бўлинмасининг биринчи қисми ҳамда кондан фабрикагача маъданни ташишга мўлжалланган конвейер линияси қурилиб, ишга шай ҳолатга келтирилди. Портловчи моддалар заводи қуввати 90 минг тоннага оширилди. Тез орада ташқи сув, газ ва электр таъминоти объектлари, тоғ-кон техникасини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилади.

    Бугунги кунда 3-мис бойитиш фабрикасида ишлаб чиқариладиган 1 миллион тоннагача мис концентратини қайта ишлаш учун янги металлургия мажмуасини қуриш лойиҳаси устида ишланмоқда. Мажмуа учун энг замонавий Flash Smelting-Flash Converting технологияси танлаб олинди. Бу технология концентратдан 98,4 фоиз мисни ажратиб олиш имконини беради. Яна бир муҳим жиҳати, технологик жараён тўлиқ ёпиқ бўлиб, атроф-муҳитга мутлақо зарарсиз ва 99,7 фоиз зарарли газлар ушлаб қолинади.

    Ҳозир йилига 60 миллион тонна маъданни қайта ишловчи 4-мис бойитиш фабрикасини қуриш лойиҳасини ҳам бошлаб юборганмиз. Бунинг натижасида 2028 йилга бориб жами қайта ишланадиган маъдан ҳажми бугунги 40 миллион тоннадан 160 миллион тоннага етказилади ёки 4 карра ошади. Энг муҳими, минглаб янги иш ўрни яратилади.

    Йирик лойиҳалар қўшимча инвестициялар киритилишини таъминлайди

    Ҳозир жаҳон бозорида мисга талаб тобора ошиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш орқали кўп поғонали занжирларни яратган ҳолда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашга ўтишни тақозо этади. Бунинг учун тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш зарур. Айнан шу мақсадда жорий йилнинг 14-15 август кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти ва Хитой корхоналари ўртасида илк бор бизнес форум ўтказилди.

    Бу форум Президентимизнинг жорий йил январь ойида Хитойга ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлди. Нуфузли тадбир Хитой савдо-саноат палатаси, Хитой халқаро савдога кўмаклашиш кенгаши, Хитой рангли металлар уюшмаси каби давлат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди. Унда Huigong, Shangdon Gold, Tianjin Sino-Investment Development Group, Fortune, Jiangsu Pengfei Group, NFC, BGRIMМ каби 300 дан зиёд йирик компания вакиллари иштирок этди.

    Бизнес форумда «Металлургия ва турдош тармоқлар: ўзаро боғлиқлик, имкониятлар, ўсиш нуқталари» мавзусида тақдимот ўтказдик. Тақдимотимиздаги комбинат келажаги, лойиҳалари тўғрисидаги маълумотлар Хитой компаниялари вакилларида катта қизиқиш уйғотди. Мавжуд имкониятларимиз ҳамкорлик қилиш манфаатли эканини яна бир марта тасдиқлади.

    В2В форматдаги музокаралар давомида қатор компаниялар билан мисни чуқур қайта ишлаш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик битимлари, меморандумлар имзоланди. Оҳангарон туманидаги «Мис кластери» индустриал зонасига берилган имтиёзлар Чин юрти компаниялари вакилларини қизиқтириб қўйди. Ҳозир ушбу ҳудудда 2 та қўшма корхона негизида тоғ-кон техникасига эҳтиёт қисмлар ва аккумулятор батареялари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чоралари кўрилмоқда.

    Юртимиздаги нодир металлар ва критик минераллар қазиб олиш ҳамда қайта ишлашни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон технологик металлар комбинати ташкил этилди. Шу боис, ноёб металлар ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллаб турган Хитой компанияларини муҳим минералларни ажратиб олиш лойиҳаларига жалб қилиш ўрганиб чиқилмоқда. Нурликон литий слюдалари маъданидан литий олишнинг самарали технологиясини ишлаб чиқиш, Тошқозган конида графитни бойитиш лойиҳалари шулар сирасидан. Сариқкўл шеелит кони асосида кон-қайта ишлаш мажмуасини қуриш ва юқори сифатли вольфрам концентратини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам истиқболли ҳисобланади.

    Бундан ташқари, тантал-ниобий, титан-магнетит-ванадий каби маъданларни қайта ишлашга самарали технологияларни жалб қилиш режамизда бор. Пировардида, бу ишлар нафақат мис, балки юқори қўшилган қийматли турли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан салмоқли фойда олиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда мамлакат миллий иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Рақамлаштириш — давр талаби

    Олмалиқ кон-металлургия комбинатида «Рақамли ОКМК – 2030» концепцияси қабул қилинган. Унга мувофиқ, бизнес ва технологик жараёнларни бошқариш, транспорт-логистика тизими босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Масалан, ҳужжатлар айланмаси, иқтисодиёт-молия, бухгалтерия йўналиши учун ID ва 1С тизимлари жорий қилинган. Биргина жорий йилда мазкур йўналишда 20 дан зиёд лойиҳа амалга оширилиши белгиланган эди, амалда уларнинг бир нечаси қўлланилмоқда. Жумладан, мис эритиш заводи ва 2-мис бойитиш фабрикасининг мнемосхемалари тўлиқ янги SCADA тизимга ўтказилиб, технологик маълумотларни онлайн таҳлил қилиш имконияти яратилди. Фабрика бункерларида маъдан даражаси лазер датчиклар, темирйўл вагонлари датчиклар орқали онлайн назорат қилинади. 1С:ERP (Performance) ахборот тизими такомиллаштирилиб, ишлаш барқарорлиги 3 баробар оширилди.

    Янги барпо этилган муҳандислар мактабида автоматлаштириш соҳаси мутахассисларини ўқитиш бўйича электрон ўқув дастур ва қўлланмалар ишлаб чиқилиб, дастурчилар Siemens ва AVEVA (Schneider Electric) автоматлаштириш тизимларида ишлашга ўқитилмоқда.

    «Қалмоққир» ва «Ёшлик I» конларида кон-транспорт бошқаруви тизими жорий қилинмоқда. Бунда 102 та автосамосвал, 36 та экскаватор, 20 та бурғилаш техникаси, 207 та ёрдамчи техника махсус техник аппарат воситалари, яъни планшет, GPS/Глонасс треккерлари ва сенсорлар билан жиҳозланиб, маълумотларни онлайн шаклда жамлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилмоқда.

    Конларда маркшейдерлик ишларини юқори аниқликда амалга ошириш учун 2 та учувчисиз учиш қурилмаси ишга туширилди ҳамда улардан фойдаланиш бўйича мутахассислар малакаси оширилди. Шунинг ўзи тоғ-кон жинсларини ташиш ҳажмини 10 фоизгача ошириш имконини беради.

    Маъдан бойитишда кўп миқдорда техник сув талаб қилинади. Шу боис, мис бойитиш фабрикасида маъдан-сув нисбатларини автомат тарзда бошқариш учун 15 та назорат ва ўлчов жавони ҳамда 200 дан зиёд назорат-ўлчов асбоби ўрнатилди. Ушбу лойиҳамиз ҳисобига йилига 1,8 миллион куб метр сув тежалади.

    Кадрлар – келажагимиз

    Президентимиз раислигида жорий йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида соҳамиз учун долзарб масалалар кўтарилган эди. Шу боис, халқаро стандартлар ҳамда илғор хорижий тажрибага асосланган ҳолда муҳандис ва ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш тизимини қайта кўриб чиқдик. Чунки оғир саноатнинг ривожланиши бевосита ҳам, билвосита ҳам кадрлар салоҳиятига боғлиқ. Бугунги кунда Олмалиқ шаҳрида комбинат эҳтиёжини қондириш учун 2 та олий таълим муассасаси – Москванинг «МИСиС» ва Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали фаолият кўрсатмоқда. Уларни йилига 1000 дан зиёд олий маълумотли муҳандис-кадр тамомлайди. Бу биз учун катта кадрлар захирасидир.

    Бундан ташқари, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида муҳандислик мактаби барпо этилган. Мактаб Германиянинг Фрайберг техника университети Кончилик академияси, «Aurubis» ва «Günter Papenburg» компанияларининг таълим методологиялари асосида ишлайди.

    Ҳозир бу ерда «геология», «кончилик иши», «кон саноати транспортлари», «маркшейдерлик иши», «фойдали қазилмаларни бойитиш», «металлургия», «механика», «энергетика», «ишлаб чиқаришни автоматлаштириш» йўналишлари бўйича 150 нафар олий маълумотли ёш мутахассис тайёрланмоқда.

    Комбинат ўқув марказида 131 та йўналиш бўйича йилига 10 мингдан ортиқ ишчи ва муҳандис ходим малака оширади. Ўқув маркази ва таркибий бўлинмаларида 960 тингловчига мўлжалланган 28 та ўқув ҳамда 5 та компьютер хонаси мавжуд. Мутахассисларнинг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим ва малакасини ошириш учун 255 та электрон видеодарсликка асосланган LMS электрон платформаси яратилган. 624 ишчи-ходимимиз республика олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда. 4 нафари эса хорижий таълим муассасалари докторантурасида ўқийди. Умуман, биз 26 та олий ва 2 та профессионал таълим муассасаси билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз.

    Ёшларимиз келгусида комбинат ва мамлакатимиз саноати ривожи, иқтисодиётимиз тараққиёти, мухтасар айтганда, эл-юрт фаровонлиги учун хизмат қилишига ишонамиз.

    Мустақиллик иншоотлари

    Меҳнат жамоамиз барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз байрамни «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз» шиори остида катта тантана ва кўтаринки руҳда қарши олмоқда. Олмалиқ кон-металлургия комбинати барча ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ёруғ юз билан адо этмоқда. Шунинг баробарида янги объектларни ишга тушириш ва ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.

    Шу кунларда Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги Ингичка бойитиш фабрикасининг II навбати ишга туширилди. 2022 йилда ушбу лойиҳанинг 1-босқичи ишга туширилиб, йилига 100 тонна вольфрам концентрати олиш йўлга қўйилган ва 82 та янги иш ўрни яратилган эди. Бунинг натижасида 2023 йилда 5,7 миллиард сўмлик 100 тонна вольфрам концентрати олинди. 1,8 миллион долларлик қўшимча экспортбоп 27 тонна вольфрам штабиклари тайёрланди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 миллиард сўмлик 36 тонна қаттиқ қотишмали композит маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Навоий кон-металлургия комбинати ва «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятига ҳамда ОКМК таркибий бўлинмаларига етказиб берилди.

    Фабриканинг иккинчи босқичи ишга тушиши натижасида йилига жами

    285 тонна вольфрам концентрати ишлаб чиқарилади. Қўшимча маҳсулот қиймати 16,24 миллиард сўмни ташкил этади. Лойиҳа туфайли 120 киши ишли бўлди.

    Шунингдек, инвестиция лойиҳаси доирасида «Ёшлик-I» кони ва унинг кон-техника мажмуасини ҳамда Қалмоққир конини ташқи электр энергияси билан таъминлаш мақсадида рақамли трансформатор подстанцияси қурилди. Подстанциянинг барча металл конструкциялари ва бетон буюмлари маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган.

    Мазкур объектимиз ҳам мустақиллик байрамига тўёна сифатида ишга туширилди. Комбинатда ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти Оққўрғон тумани «Элтамғали» маҳалла фуқаро йиғинидаги 80 ўринли болалар боғчаси қайта таъмирлаб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ушбу маҳалладаги 2 қаватли турар жой биноси тўлиқ таъмирланди, эндиликда кам таъминланган 14 та оила ўз хонадонига эга бўлади. Капитал таъмирлаш ишлари якунланаётган Олмалиқ шаҳридаги «Дарёча» болалар боғчаси ҳам янгича қиёфада болажонларга туҳфа этилади.

    Мустақиллигимизнинг 33 йиллигини ҳар соҳада улкан зафарлар билан кутиб олаётган жонажон Ўзбекистонимиз равнақи йўлида меҳнат қилиш барчамиз учун шарафдир.



    Абдулла ХУРСАНОВ, «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти бошқарув раиси


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates