SAT имтиҳони бўйича Ўзбекистон рекордчиси Парвиз Туксанов билан суҳбат

    Кейинги авлод 8 август 2023 5953

    Эсингизда бўлса, Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактаби битирувчиси Парвиз Туксанов SAT имтиҳонида 1560 балл тўплаб, рекорд натижа қайд этгани ҳақида хабарлар тарқаганди.

    Мухбиримиз Парвиз билан муваффақиятгача бўлган йўл ва халқаро имтиҳон тақдим этадиган имкониятлар хусусида суҳбатлашди.

    — Парвиз, аввало халқаро имтиҳонда эришган муваффақият билан табриклайман. Натижангизни билганингиздан кейин қалбингизни хурсандчилик ҳислари чулғаган бўлса керак, шундай эмасми?

    — Албатта, имтиҳон жавобларини кутиш жараёнинг ўзи жуда ҳаяжонли эди. Чунки, жавоблар икки ҳафтага яқин муддатда чиқади. Охирги кунларни сонияларни санаб ўтказдим. Аксига олиб жавоб бироз кечикди. Имтиҳон жавоблари эълон қилингач, энг аввал онамга телефон қилиб, йиғлашга тушдим. Чунки, бу натижага ўз-ўзидан эришиб бўлмасди. Мен меҳнатларимнинг самарасини кўраётгандим. Орзум ушалганди.

    — SAT имтиҳони ҳақида ҳам тушунча бериб ўтсангиз. Имтиҳонга тайёрланиш жараёни сиздан нималарни талаб этди?

    — SAT имтиҳони — “академик баҳолаш тести” бўлиб, абитуриентларнинг танқидий фикрлаш кўникмаларини текшириш учун ўтказиладиган халқаро имтиҳон. Дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида ўқиш истагида бўлган ёшлар, албатта SAT сертификатига эга бўлишлари шарт. Имтиҳонга тайёрланишни 2022 йилнинг сентябрь ойидан бошладим. Юртимизда бу имтиҳонга офлайн тайёрлайдиган ўқув марказлар йўқлиги сабаб онлайн манбалардан фойдаланишимга тўғри келди. Бунда менга инглиз тилини билишим ас қотди. Чунки, манбаларнинг барчаси инглиз тилида. Энг кўп фойдаланган манба бу Khan Academy онлайн сайти бўлди. Ундан ташқари, Erica Meltzer Writing, Panda Math китобларидан фойдаландим.

    Имтиҳоннинг инглиз тили қисмида 52 тага яқин матн берилади. Ва ҳар бир матнга оид битта савол бўлади. Матнда 150дан 250 тагача сўз бўлади. Саволлар ҳар хил, баъзида матндаги вазифа сўралади, гоҳо эса матннинг умумий маъносини билиш талаб этилади. 52 та савол тўрт қисмга бўлинади. Ideas and Information, Crafts and Structure, шулардан сиз грамматик ва риторик саволларни ечишингиз керак. 52 та саволдан 50 тасини тўғри ечдим.

    — IELTS ва SAT имтиҳонлари. Келинг, шу ҳақда ўқувчиларга батафсил маълумот берсак. SAT қандай имтиҳон? Бу имтиҳонда юқори балга эга бўлиш сизга қандай имкониятлар беради? Худди шу каби IELTSда эришилган юқори натижа қаерда қўл келиши мумкин?

    — IELTS — бу инглиз тилини билиш даражангизни текширадиган имтиҳон. SAT эса мактаб битирувчисини олий таълимга қанчалик тайёр ёки тайёр эмаслигини кўрсатиб беради. IELTS имтиҳони ўқиш, ёзиш, тинглаш, гапириш каби тўрт қисмга бўлинади. SAT эса икки, математика ва инглиз тилига оид қисмларга бўлинади.

    Инглиз тилига оид қисмда сиз академик мақолалардан парчалар ўқиб, уларга оид саволларга жавоб беришингиз керак. Мақолалар ҳар хил мавзуларда бўлади. Келгусида олий таълим муассасасида ўтиладиган мавзулар, дарсликларни ўқиб, тушуна олишингиз талаб этилади. Чунки ўша дарсликлардан саволлар ўртага ташланади. Мисол учун кимё, астрономия, тарих, археология мавзуларида матнлар берилади. Саволларга танқидий фикрлаб жавоб беришингиз керак. Қайси йўналишда таҳсил олишингиздан қатъи назар SAT имтиҳонини топширишингиз шарт. Ва бу сизнинг умумий танқидий фикрлаш қобилиятингизни текшириб беради.

    Математикага оид қисмида эса сиз мисол ва масалалар ўрин олган тестларни ечишингиз керак.

    IELTS имтиҳонида эришган натижангиз билан дунёнинг нуфузли ОТМларига киришингиз мумкин. Аммо сиз грант ютмоқчи бўлсангиз ва у ерда бепул ўқимоқчи бўлсангиз сизга SAT имтиҳони қўл келади. SAT имтиҳони дунёнинг 1000 дан ортиқ олий ўқув юртларида амал қилади.

    — Сиз дунёнинг қайси нуфузли ОТМида таҳсил олишни режалаштиряпсиз?

    — Бирор университетни танлаётганингизда Common application сайтидан фойдаланишингиз, 20 тагача ОТМни танлашингиз ва ҳужжат топширишингиз мумкин. Албатта мен бу имкониятдан фойдаланиб, 20 та олийгоҳга топширяпман. Уларнинг ичида АҚШдаги Стенфорд ёки Yale университетида иқтисод соҳасида ўқимоқчиман. Чунки, ёшлигимдан шу соҳага қизиққанман. Аммо у ердаги ўқиш системаси Liberal Arts – яъни “эркин санъат” дейилади. Бу олий таълим модели бўлиб, кенг кўламли ижтимоий ва гуманитар соҳани ўрганишни ўз ичига олади. Ва у ерда сиз иккита ёки учта асосий фанларни ўқийсиз. Мен иккинчи фан сифатида психологияни танладим. Чунки қайси ишда ишласак-да инсонлар билан мулоқотга киришамиз. Уларни тушунишимиз ва алоқа ўрнатишимиз учун психологияни яхши билишимиз керак бўлади.

    — Инсон муваффақиятга эришаркан, ортда қолган йўлга назар ташласа миннатдорлик туйғулари билан юзма-юз келади. Сизнинг шу даражага етишингизда кўмак, далда ёки туртки бўлган жиҳатлар нималардан иборат эди?

    — Албатта жараёнда фақат яхши кунлар эмас ёмон кунлар ҳам бўлади. Тушкунликка тушган кунларим ҳаммасига нуқта қўйишга ҳаракат қилганман. Аммо шундай пайтда ота-онамнинг далдаси ва тиргаги мени яна ўқишга қизиқишимни оширган. Мен билан бирга тайёрланган дўстларимга ҳам раҳмат. Улар ҳам доим ёнимда туришган ва қўллаб-қувватлашган. Биз ҳафтада 2-3 марта SAT имтиҳонларига ўхшаш тест ечардик. Ҳар доим ҳам натижа яхши бўлмасди. Балим паст бўлганда хафа бўлардим. Гўёки шунча қилган меҳнат фойда бермагандек, дарс қилишга иштиёқим пасайиб кетарди. Шундай пайтда ота-онам ва дўстларим ёрдами билан ўқишга қайтардим. Улардан жуда миннатдорман.

    — Келгусидаги режалар?

    — Мен таҳсил олмоқчи бўлган университетларда жуда ҳам илғор, дунёга таниқли профессорлар дарс беради. Мен хорижнинг илғор тажрибасини ўрганиб, юртимизнинг иқтисодий ривожига ҳисса қўшмоқчиман.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates