Сайловлар жамиятда янги куч ва ғояларни вужудга келтиради

    Янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ҳар бир ўзгариш шу кунга қадар амалга оширилган демократик ислоҳотларнинг кўзгусидир.

    Сўнгги йилларда дунёда юз бераётган ўзгаришлар, куч марказларининг дунё сиёсий харитасини ўзгартиришга бўлаётган уринишлари турли таҳликали вазиятларни юзага келтирмоқда. Сир эмаски, айрим можаролар мамлакатимиз чегараларига ҳам етиб келди. Ўзбекистоннинг яқин ҳамкор давлатлари ўртасида ҳам турли даражадаги зиддиятлар кузатилмоқда. XXI асрда бундай воқеликларга гувоҳ бўлиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Бироқ биз мавжуд реалликни ҳис этишимиз лозим. Бундай шароитда мамлакатимизнинг суверенитети, унинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини сақлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифага айланди.

    Ҳар қандай мамлакатнинг барқарорлиги учун давлат ва жамиятнинг бирдамлиги, ундаги сиёсий жараёнларнинг нақадар очиқ ва шаффоф бўлиши аҳамиятлидир. Биз нима учун давлат бошқарувида демократик бошқарув шаклига интиламиз? Биз орзу қилган жамиятга демократия орқали эриша оламизми? Бу каби саволларни кўпчилигимиз ўзимизга бериб кўрганмиз ва ҳозирча Уинстон Черчиллнинг ўша машҳур жавоби долзарблигини йўқотмади. Яъни, демократия бошқарувнинг жуда ёмон шаклидир, лекин биз ҳозирча ундан яхшироғини ўйлаб топмадик.

    Дарҳақиқат, демократия ўз маъносига кўра – халқ ҳокимиятчилиги. Мамлакат тараққиёти учун қарорлар қабул қилишда жамиятнинг иштироки муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Демократиянинг ҳам асосий белгиларидан бири, бу – халқнинг давлат ва жамият бошқарувидаги тўғридан-тўғри иштирокидир. Сўнгги йилларда сўз эркинлигининг таъминланиши демократик ислоҳотларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этди. Жамиятимизда соғлом фикр, муқобил ғоялар пайдо бўла бошлади. Бир мунча консерватив фикрлашдан чекиндик, хатоларимизга четдан туриб назар ташлаш имконияти туғилди. Бу эса ривожланишимиз учун замин яратмоқда.

    Бу йил янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилдик. Энг муҳими, унда жамиятимиз учун муҳим қадриятларни муҳрлашга муваффақ бўлдик. Мисол учун, Ўзбекистон дунёвий ривожланиш йўлидан бориши биз учун концептуал аҳамият касб этади. Ўз ўрнида мазкур ўзгариш жаҳон ҳамжамияти, Ўзбекистоннинг ташқи ҳамкорлари учун ўзига хос сигнал вазифасини ўтагани ҳам рост. Шунингдек, парламент ваколатининг оширилиши ва маҳаллий бошқарувда ҳокимларнинг ваколатларини чеклашга қаратилган нормалар ҳам яқин келажакда бошқарувни ихчам ва профессионал шакллантириш ҳамда ўзини ўзи ривожлантирувчи тизим яратишга мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

    Аслини олганда, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган ҳар бир ўзгариш шу кунга қадар амалга оширилган демократик ислоҳотларнинг кўзгусидир. Шу нуқтаи назардан, унинг тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжатга айлантирилгани ҳам бежиз эмас. Эндиликда асосий вазифа ушбу қоидаларнинг тўлақонли ишлашини таъминлашдан иборат. Янги кун тартибига мувофиқ, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатидан фойдаланган ҳолда, навбатдан ташқари президентлик сайловларига старт берди. Ҳали амалда бўлган 3,5 йиллик муддатидан воз кечганини демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳолаш мумкин. Бугун мавжуд реалликдан келиб чиқиб мамлакатимиз учун янги кун тартибини, Ўзбекистоннинг келгуси йиллардаги ривожланиш йўлини белгилашда ушбу сайловнинг аҳамияти катта.

    Биринчидан, сайлов жараёни ривожланишнинг энг муҳим йўналишларини белгилаб олишга имконияти яратади.

    Иккинчидан, жамиятимизда сиёсий муҳокамалар фаоллашади, натижада халқимизнинг мамлакатнинг янги Ҳукуматдан кутаётган талаблари ўртага чиқади. Бу эса мавжуд сиёсатга қўшимча чизгилар, янгиликлар киритишни тақозо этади.

    Учинчидан, сайлов жараёнлари ҳокимиятнинг легитимлигини белгилайди ва жамиятда ислоҳотларга бўлган ишончни баҳолаш имкониятини оширади. Айнан мана шу омиллар сабаб навбатдаги ислоҳотларда устувор жиҳатлар аниқланади.

    Шундай экан, Президентлик сайлови мамлакатимиз тарихий ривожланиш йўлидаги муҳим паллага айланди. Бугун халқимиз ўз иродасини намойиш этиш арафасида турибди ва ўз келажаги йўлидаги тарихий танловни амала оширади.

    Бу даврда ватандошларимиз пассив кузатувчи роли билан чекланиб қолмасдан, сайловларда фаол иштирок этиши, ўз мамлакатининг барқарор, тинч ва фаровон келажагидан манфаатдор бўлиши керак.

    Демак, Ўзбекистонда Президент сайлови нафақат мамлакатнинг янги раҳбарини сайлаш жараёни, балки сиёсий барқарорлик ва демократик тараққиёт йўлидаги муҳим босқичдир. Зеро, сайловлар жамиятимизда янги куч ва янги ғояларни вужудга келтиради, Ўзбекистон равнақига ҳисса қўшади, демократик ривожланиш анъаналарини давом эттиради.

    Бобур Бекмуродов,

    “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси