Семинар ёшлар етакчилари фаолиятини ташкил этиш долзарб масалаларига бағишланди

    Мамлакатимизда 28 феврал 2022 1863

    Жорий йил 28 февралда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари доимий комиссияларининг ўрни» мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.

    Семинарда сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, Кенгаш котибияти мудирлари, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-92-сонли қарорига асосан республикамизнинг ҳар бир маҳалласида (9309 та) «Ёшлар етакчиси» лавозими жорий этилган.

    Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппарати ҳамда вилоят ва туман (шаҳар) бўлимлари таркибий тузилишига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилган. Жумладан, маҳаллаларда ёшлар етакчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ҳамда услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар ишлари агентлиги марказий аппаратида янги бошқарма ҳам ташкил этилган.

    Вилоят ҳамда туман (шаҳар) бўлимларида эса мос равишда «Маҳалладаги ёшлар етакчилари билан ишлаш» бўлими ва «Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш, «Ёшлар дафтари» ва «Ёшлар баланси»ни мувофиқлаштириш шўъбаси» фаолияти йўлга қўйилган.

    Семинар давомида маҳалладаги ёшлар етакчисининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Сенаторлар томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари аъзолари учун тавсиялар берилди.

    Хусусан, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларига амалий ва услубий ёрдам кўрсатиб бориш, Президентнинг ушбу қарори ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини ўрнатиш ҳамда депутатлик ваколатидан фойдаланган ҳолда етакчиларни қўллаб қувватлаш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, жойларга чиқиб етакчилар фаолиятининг ташкил этилганлик ҳолатини ўрганиш, аниқланган муаммо ва камчиликларни сессияларда муҳокама этиш ва уларни ижобий ҳал қилиш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш, зарурат бўлса, уларни Сенатга тақдим этиш ҳам шулар жумласидан. Бундан ташқари, ёшлар етакчиларини Кенгашлар томонидан ташкил этилаётган турли сиёсий ва тарғибот-ташвиқот тадбирларига кенг жалб қилиш, уларнинг сиёсий онгини ўстиришга қаратилган семинарлар ўтказиб бориш каби тавсиялар берилди.

    Тадбирда Ёшлар ишлари агентлиги масъуллари ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг Ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик олиб бориш юзасидан фикр алмашди.

    Семинар якунида Ёшлар етакчилари фаолиятини ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиб бориш Сенатнинг доимий эътиборида бўлиши таъкидланди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates