Сенат Конституция бўйича референдум ўтказишни маъқуллади

    Мамлакатимизда 14 март 2023 1213

    2023 йил 14 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдум ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

    Жорий йил 10 март куни Қонунчилик палатаси мажлиси ўтказилиб, унда конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдумни тайинлаш ва уни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

    Сенат ялпи мажлисида таъкидланганидек, конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратади ҳамда Бош қонунимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка ва шиддатли ислоҳотлар мантиғига мослаштиради.

    «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” ғояси асосида конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаси ўтказилиб, аҳолидан уни такомиллаштириш бўйича 220 мингдан зиёд таклиф келиб тушган ва уларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олган.

    Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ЕИ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган 400 дан ортиқ халқаро ҳужжат, 190 га яқин мамлакат конституциялари пухта таҳлил этилди. Конституциявий қонун лойиҳаси халқаро эксперт ва мутахассислар иштирокида бир неча бор муҳокама қилинди, 10 га яқин хорижий ва халқаро экспертизадан ўтказилди.

    Конституцияда давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига доир нормалар уч баробар ошмоқда, хусусан, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланмоқда. Муҳокамада давлат ўз зиммасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиш, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари ҳаёти сифатини ошириш бўйича мажбурият олаётгани ижтимоий давлатга хос экани таъкидланди.

    Сенаторлар қонун лойиҳасида аҳолининг 18 миллиондан ортиғини ташкил этувчи ёшлар масаласига бағишланган алоҳида боб киритилаётгани муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди. Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш, маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан ривожланиши, ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитларни яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олмоқда. Ушбу қоидалар ёшлар ҳаётда ўзини тўлақонли намоён этиш имкониятини таъминлаши айтилди.

    Мажлисда Конституциянинг янги таҳрири ижтимоий, демократик-ҳуқуқий ва чинакам халқпарвар давлатчилик асосларини яратиши, аҳоли фаровонлигини ошириши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириши ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштиришда муҳим омил бўлиши ҳамда янги Ўзбекистон тараққиётида янги даврни бошлаб бериши эътироф этилди.

    Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида Конституциянинг моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага кўпайиб, нормалари ҳажми 65 фоиз ошди. Ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сони ва мазмуни Конституцияни янги таҳрирда қабул қилиш заруратидан далолат бериши таъкидланди.

    Муҳокамалар натижасида сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрель кунига тайинланди.

    Баҳор Хидирова,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates