Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга, аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим қонун ва масалалар бевосита Қўмита масъуллигида муҳокама этилди. Жумладан, Сенат ялпи мажлисларига 23 та масала, Кенгашига 15 та масала ва Қўмита йиғилишларига 6 та масала олиб чиқилди.
Қонунчилик фаолиятини амалга ошириш доирасида Қўмита фаолиятига тааллуқли 18 та қонун, хусусан «Рақобат тўғрисида»ги, «Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида»ги, «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги муҳим қонунлар мутахассислар ва олимлар, экспертлар фикрларини инобатга олган ҳолда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлисларига киритилди.
Шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш каби қатор масалалар бўйича қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан 24 та ўрганиш ўтказилиб, уларнинг натижалари Сенат ялпи мажлислари ва Қўмита йиғилишларида кўриб чиқилди, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди ташкилотларга тегишли тавсия ва аниқ таклифлар берилди.
Марказий банк бошқаруви раисининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама этилди.
Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижроси Қўмита томонидан ўрганилди ҳамда натижалари Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилди. Амалга оширилган ижобий ишлар қайд этилиб, ҳудудий дастурлар ижросини самарали якунлаш борасида тегишли тавсиялар берилди.
Халқ депутатлари Жиззах ва Сирдарё вилоятлари Кенгашлари билан биргаликда 2022 йилда Жиззах ва Сирдарё вилоятларида «Ташаббусли бюджет» жараёнларида ғолиб деб топилган лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама этилди.
Қўмита ташаббусига кўра Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар ижроси доимий ўрганиб борилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан парламент назоратининг самарадорлигини ошириш бўйича ҳам Қўмита томонидан қатор ўрганишлар ўтказилди.
Қўмита аъзолари томонидан парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланган ҳолда тегишли давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари ва муассасаларига 40 та сенатор сўрови киритилиб, жойларда фуқаролар томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилди.
Халқ билан бевосита мулоқот Қўмита аъзолари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлди. Аҳолининг мурожаатларини эшитиб, муаммоларини ҳал этиш мақсадида сайловчилар билан 757 та учрашув ташкил этилди. Қўмитага келиб тушган 2 266 та мурожаатдан 1 826 таси ёки 80 фоизини ижобий ҳал этилди ва қолган масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.
Тадбирда Қўмита аъзоларининг фаолият сарҳисобига оид мулоҳазалари ва фикрлари тингланиб, 2024 йилда Қўмита олдида турган асосий вазифалар белгиланиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.