Сенаторлар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг ахборотини эшитди

    Жорий йил 21 июнда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.

    Унда Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирларининг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.

    Қўмита эшитувида Сенат аъзолари, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзолари ва қўмита ҳузурида ташкил этилган экспертлар Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича идоралараро Ишчи гуруҳ аъзолари, Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосарлари, соҳага алоқадор вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ОАВ иштирок этди.

    Таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси табиий иқлим шароити ва ҳудуд жиҳатидан чорвачиликни ривожлантиришга қулай бўлиб, туб аҳоли узоқ йиллар давомида чорвачилик билан шуғулланиб келмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори билан Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманлари чорвачиликка ихтисослаштирилган.

    Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асоссан Беруний, Бўзатов, Қонликўл, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир, Хўжайли ва Чимбой туманларининг ўсиш нуқталаридан бири сифатида чорвачиликни ривожлантириш белгиланган.

    Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида 1 043 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 66,9 минг бош қорамол, 89,7 минг бош қўй, 59,8 минг бош эчки, 6,6 минг бош от етиштириш билан шуғулланиб келиняпти.

    2021 йилда чорвачилик тармоқларини янада ривожлантириш мақсадида ҳудудда жами 192,7 миллиард сўмлик 83 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 100,2 миллиард сўмлик 56 та лойиҳалар бажарилган.

    Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда 5 та гўштни ва 9 та сутни қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлса, йил якунига қадар янгидан 4 та сутни ҳамда 1 та гўштни қайта ишлаш корхоналари ишга туширилиши режалаштирилган. Шу билан биргаликда республикада чорвачилик соҳасида йирик комплексларни барпо этиш натижасида 2021-2025 йиллар оралиғида 37 та сутни қайта ишлаш ва 30 та гўштни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.

    Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Осиё тараққиёт банки иштирокида 50 млн доллар миқдоридаги «Чорвачилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратишни ривожлантириш» лойиҳаси амалга ошириляпти.

    Жорий йил 1 июнь ҳолатига лойиҳа доирасида умумий қиймати 22,57 миллион долларга тенг 45 та суб - лойиҳа молиялаштирилган.

    Чорва молларини озуқа билан таъминлаш бўйича ҳудудда 17 та корхона фаолият юритяпти. Ушбу корхоналар 2020 йилда 152,5 минг тонна ва 2021 йил 1 июнь ҳолатига эса 147,8 минг тонна омухта - ем ишлаб чиқарган.

    Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда камчиликларга йўл қўйилган ва муаммоли ҳолатлар юзага келган.

    Жумладан, кейинги йилларда чорва молларининг сони ва уларнинг гўшт ҳамда сут маҳсулотлари бериши билан боғлиқ сифат кўрсаткичлари ошишига қарамасдан, маҳсулотларни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш суст даражада олиб бориляпти.

    Шунингдек, хориждан олиб келинаётган наслли чорва моллари, шу жумладан озиқ-овқатни кўп истеъмол қиладиган қорамоллар сони ошишига қарамасдан, уларнинг омухта-емини етиштириш ишлари талаб даражасида йўлга қўйилмаган. Қорақалпоғистон ҳудудида атиги 17 та омухта-ем тайёрлаш корхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг қуввати билан барча турдаги чорва моллари эҳтиёжини қондириш имконияти йўқ. Бу эса ўз навбатида омухта-емга бўлган тақчиллик хавфини келтириб чиқариши мумкин.

    Шунингдек, яйловларда озуқабоп ўсимликларнинг захираси ва ҳолатини ўрганиш устидан мониторинг ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш ва уларда озуқабоп ўсимликларни экиш ишлари тизими яратилмаган.

    Чорва молларини турли касалликларга қарши эмлаш ва даволашда самарали ветеринария препаратлари етишмаслиги ҳам кузатиляпти. Малакали кадрлар тайёрлаш борасида ишлар тизимли йўлга қўйилмаган.

    Йиғилиш якунида хориждан олиб келинаётган наслли чорва молларини ҳисобга олган ҳолда омухта-ем тайёрлаш корхоналарини ташкил этиш, яйловларнинг ҳосилдорлигини ошириш, яйловларда озуқабоп ўсимликларнинг захирасини яратиш мақсадида уларнинг уруғини етиштириш, йиғиш ва экишни ташкил этиш ҳамда ўсимликларнинг табиий кўпайишига шароит яратиш ва бошқа таклифлар ва тавсиялар берилди.

    Кўрилган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates