Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартдаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган “Биржа савдоларида юқори ликвидли ва монопол турдаги маҳсулотларни сотиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 29-бандига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш органи доимий равишда биржа нархлари мониторингини ўтказиб бориши белгиланган.
Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторнинг натижасида, “SHAFFOF SEMENT SANOAT” МЧЖ ҚК томонидан 2023 йил январь-декабрь ва 2024 йил январь-июль ойларида 298 та ҳолатда 20 645 тонна цемент маҳсулотини биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, ушбу маҳсулотни 2023-2024 йиллар давомида сотиш кунларидаги нархлари 2023-2024 йиллар давомида биржа савдоларида шаклланган ўртача биржа котировка нархлари билан таққосланганда 298 та ҳолатда маҳсулот нархларини юқори қўллаш натижасида жами 669 млн сўмга яқин миқдорда тафовут (фарқ) ҳолатлари аниқланди.
Маълумот ўрнида. Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, “Юқори ликвидли ва (ёки) монопол маҳсулотларни тўғридан-тўғри шартномалар бўйича сотиш” ҳаракатлари манипуляция деб ҳисобланади.
Юқоридагиларга мувофиқ, Фарғона вилояти ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши аломатлари билан “SHAFFOF SEMENT SANOAT” МЧЖ ҚКга нисбатан иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан белгиланган тартибда тегишли таъсир чораси қўлланилди.