Ҳужжат билан шаҳар атрофи ва вилоят ичидаги шаҳарлараро мунтазам зарарли автобус йўналишларида етказилган зарарни қоплаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламент қуйидаги тартибларни белгилайди:
- шаҳар атрофи ва вилоят ичидаги шаҳарлараро мунтазам норентабель автобус йўналишларидаги харажатларни компенсация қилиш;
- харажатларни қоплаш учун аризаларни кўриб чиқиш;
- зарарли автобус ташишлари учун субсидиялар бериш.
Тижорат асосида йўловчи ташиш хизматларини кўрсатувчи ва лицензияга эга бўлган юридик шахсларнинг шаҳар атрофи ва вилоят ичидаги шаҳарлараро автобус йўналишларида 30 фоизгача зарар билан ишлайдиган автобус йўналишлари зарарли ҳисобланади (Тошкент шаҳри бундан мустасно).
Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, ҳудудий бошқармалар томонидан зарарли автобус йўналишлари реестри юритилади. 2025 йил 1 февралдан бошлаб, субсидия олиш бўйича давлат хизматини олиш учун ташувчи ЯИДХП орқали зарур ҳужжатлар билан мурожаат қилади.
Масъул органлар 5 кун ичида қарор қабул қилади. Ушбу хизмат бепул кўрсатилади. Субсидия беришни белгиланмаган асослар бўйича рад этишга йўл қўйилмайди. Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 2024 йил 4 ноябрдан кучга кирди.