Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов маълум қилди.
Унинг билдиришича, Рақобат қўмитаси томонидан ички бозорда ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар, хусусан, шакар маҳсулоти реализацияси доимий таҳлил қилиб борилади.
2024 йил 16 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан биржа савдоларига қўйиладиган шакар маҳсулотининг кунлик ҳажми 20 фоизга (2 100 тоннадан 2 500 тоннага) оширилиб, бошланғич нархи 6 фоизга (13 600 сўмдан 12 860 сўмга) пасайтирилди.
Республиканинг деҳқон бозорларида ташкил этилган элга хизмат расталари ва йирик савдо тармоқларида шакар маҳсулотининг чакана нархи 1 килограмм учун 13 000 сўмдан сотилиши таъминланаётган бўлса, бошқа савдо дўконларда ўртача 13 200—15 000 сўмни ташкил этмоқда.
Шакар маҳсулотининг биржа савдоларидаги нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга пасайган бўлса, бозорлардаги чакана нарх ўзгаришсиз қолган.
“Нархларни барқарор сақлаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, нархлар кескин ўсиши бўйича хавотирга ўрин йўқ. Шу сабабли интернет тармоқларида тарқатилаётган тўлиқ ўрганилмаган хабарларга асосан хавотирга тушмаслигингизни сўраб қоламиз”, — деди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов.
Шунингдек, қўмита томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда шакар маҳсулотининг чакана нархлари юзасидан доимий назорат ўрнатилганини қайд этди.