Шамоллар жиловин тутганда...

    Дунё тараққий этиб боргани сайин кундалик турмуш учун зарур эҳтиёжлар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

    Хусусан, тириклигимиз учун дастлаб уч неъмат — ҳаво, сув ва емак зарур деб ҳисобланган бўлса, яқин ўтмишга келиб бу рўйхат ёғ, ун, шакар, совун каби 10 га яқин маҳсулот билан бойиди. Бугун эса техника тараққиёти туфайли уларнинг сони каррасига ошиб кетди. Биргина доим ёнимизда олиб юрадиган смартфонимиз мисолида оладиган бўлсак, уни қувватлантиришдан тортиб абонентлик учун алоҳида, интернет трафик учун алоҳида пул сарфлаймиз. Шу тариқа харажатларимиз ва шунга мос тарзда эҳтиёжларимиз сони ортиб бораверади.

    Кундалик турмуш тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бу эҳтиёжлар, ўз навбатида, ишлаб чиқариш саноати, жумладан, электр энергиясига талабни кескин оширмоқда. Масалан, юртимиздаги улкан бунёдкорлик ишлари натижасида сўнгги беш йилда хонадонлар сони 1,2 миллионтага кўпайган, корхоналар сони эса 260 мингтага етган. Шунга пареллел равишда электр энергия сига талаб ҳам 35 фоиз ошган.

    Бундай шароитда энг тўғри ечим муқобил энергиядан фойдаланиш кўламини ошириш ҳисобланади. Чунки аввало, юртимиз қайта тикланувчи энергетика манбаларидан фойдаланиш учун географик ва иқлим жиҳатидан жуда қулай ҳудуд. Қолаверса, ҳар қандай захира, у хоҳ газ ёки кўмир бўлсин, қанча кўп сарфлангани сари шунча камайиб боради ва тугаш муддати яқинлашиб келаверади.

    Шу боис, муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2022­-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида иқтисодиётни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ҳамда “яшил” иқтисодиёт технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиб, энергия самарадорлигини 20 фоиз ошириш белгиланган. Бунда 2026 йилга келиб, электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичини қўшимча 30 миллиард киловатт­соатга ошириб, жами 104 миллиард киловатт­ соатга етказиш кўзда тутилган.

    Бугунги кунда ушбу вазифалар доирасида ҳудудларда қуёш, шамол ва гидростанциялар қуриш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Навоий вилоятининг Томди туманида барпо этилаётган шамол электр станцияси ана шундай ҳаётбахш лойиҳалардан биридир.

    Президентимизнинг 2019 йил мартида Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида “Abu Dhabi Future Energy Company PJSC — Masdar” компанияси билан мамлакатимизда умумий қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаш, молиялаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишга оид битим имзоланган эди. Ушбу битим асосида 2020 йил 22 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Навоий вилоятида қуввати 500 МBт бўлган шамол электр станциясини қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора­ тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Айни вақтда мазкур қарор ижроси доирасида Навоий вилоятининг Томди туманида 293 гектар майдонда минтақамиздаги энг йирик шамол электр станцияси қурилмоқда.

    Ушбу ҳудуд шамол электр станцияси қуриш учун бежиз танланмаган. Сабаби, бу ерда шамол тезлиги сониясига 20-­30 метргача етади. Бу эса тизимнинг барқарор ишлашида муҳим аҳамиятга эга.

    Бундай йирик лойиҳа учун БААнинг “Masdar” ва Хитойнинг “Гольдвинд” компаниялари ўртасида 111 та трубина етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган. Шу асосида айни пайтда ушбу шамол электр станцияси учун Хитойнинг Ланжоу шаҳридан трубина ва генераторлар махсус транспорт воситалари ёрдамида Навоий вилоятига олиб келинмоқда.

    — Асосий мақсадимиз, аввало, қурилиш жараёнида ишчилар ва техника хавфсизлигини таъминлаш, — дейди лойиҳанинг техника хавфсизлиги бўйича мутахассиси хитойлик Ванг Янг Ве. — Қолаверса, бу бизнинг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳамиз эмас. Карманадаги қуёш электр станцияси қурилишида ҳам иштирок этганмиз. Айни вақтда Марказий Осиёда ягона бўлиши кутилаётган шамол электр станциясини қуряпмиз. Ҳозир бу ерда трансформаторларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

    Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 600 миллион долларни ташкил этиб, хорижий инвестиция ҳисобига амалга оширилади. Шамол электр станцияси қурилишининг биринчи босқичи жорий йил охирида якунига етказилиб, тармоққа уланиши режалаштирилган. 2024 йил якунига қадар тўлиқ қувват билан ишга тушириладиган мазкур станцияда йилига 1 миллиард 800 миллион киловатт­соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

    Бунинг натижасида йилига 540 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 720 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. Шамол электр станциясининг қурилиши давомида 800 тагача ва ишга тушгандан сўнг 30 та янги иш ўрни яратилади.

    Мазкур лойиҳа юртимизда қайта тикланадиган энергияни жадал ривожлантиришни таъминлаш ва электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газдан фойдаланишни камайтиришда муҳим қадам бўлди. Шу билан бирга, у муқобил энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳамдир.

    Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates