“Шарафли умр: асло сўнмас яхшилар ёди”

    Бўш вақтда 24 август 2022 1312

    “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади”

    “...Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Шундай экан, бу машаққатли соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб.”

    Шавкат МИРЗИЁЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Ҳаёт – инсониятга тухфа этилган бебаҳо имкониятидир. Бу имконни англаган инсон эса абадий ҳаётда ўзининг улуғ ўрнини эгаллай олади. Улуғлар ва буюклар сафида бўлган олимлар эса айнан абадиятга дахлдор бўлган кишилардир. Чунки улар оламни маърифат ва меҳр билан забт этган, заминга, башарият аҳлига тенг зиё сочган, устозлик шарафини олган, мўътабар рутбага эришган зотлардир. Шу боис, халқимизда “Олимлар оламни бошқаради” деган нақл ўзининг ҳаётийлиги, пурҳикматлиги билан аждодлардан авлодларга ўтиб келмоқда.

    Қадим тарихга назар солсак, машҳур саркарда Искандар Румийдан (Александр Македонский) “Нечун Арастуни (Аристотел) отангиздан ортиқ иззат қиласиз?”, деб сўраганларида “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо Арасту мени илму одоб билан ердан осмонга кўтарди”, – дея жавоб берган экан.

    Мамлакатни, миллатни, халқимиз ёшларини ўз илми билан юксакларга кўтара олган шундай инсонларда бири – Ўзбекистон илм фани, олий таълим тизими фидойиси – Умурзоқов Ўктам Пардаевич эди.

    Бугун орамизда мамлакат таълимининг энг катта дарғаси йўқлиги барчамизни изтиробга солган бўлсада, бу инсон қолдирган ҳайрли ишлар издошларига маърифат йўлини ёритиб турувчи машъал бўлиб хизмат қилмоқда. Олий таълим тизими имкониятлари ва ютуқларининг гувоҳи бўлаётган ҳар бир ёш бугун бу машъал ёғдусидан бахраманд бўлаётгани айни ҳақиқатдир.

    Ҳаётнинг суронли денгизида пўлатдек тобланган бу инсон метин иродаси, маърифат тараққиёти йўлида жонфидоийлиги билан ёш авлодни тарбиялаш йўлида ўзидан улкан мерос қолдирди. Олим ўз замондошлари хотирасида ростгўйлиги, ҳақиқат очиқ ҳамда ошкора айта олиши, ҳар бир бошланган ишни охирини узоқдан аниқ кўра олиши, “оқни оқ, қорани қора”, дея олган мард инсон сифатида гавдаланади.

    Иқтисод фанлари доктори, профессор Ўктам Умурзоқов – Республика олий таълим кенгаши раиси сифатида ҳам тизим ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган фидоий эди.

    Бу забардаст инсон энг оғир даврларда юртимизда маърифат тараққиёти учун тер тўккан, ёшларни илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун барча имкониятларни қўллаган ташаббускордир.

    Олимнинг маърифий қарашларида устувор бўлган “дунё илм умонига қўшилмасак, бу соҳадаги ҳар қандай интилишларимиз зое кетаверади. Шу боис, тил ўрганиш, дунё илм-фанидаги энг илғор тажрибаларни чуқур эгаллаш, уларни миллий таълим тизимига татбиқ этиш, шу аснода оламшумул ютуқларга эришиш зарур” деган бош ғоя маърифатпарвар инсонларни илҳомлантирган ва янгидан янги марраларга ундаган.

    Кўплаб ёшларга ҳаёт сўқмоқларидан юриш илмини уқтирган, иш фаолиятида ўз маслаҳатларини аямаган, тажрибаларини ўртоқлашган, уларнинг шижоатларига куч қўшган. Устоз – илм-маърифат йўлига қадам босган янги ёшлар авлодининг жонкуяр мураббийси сифатида доимо ёдимизда қолади.

    Ҳар бир соҳанинг етакчиси, иш ичида чиниққан устаси бўлгани каби Ўктам Пардаевич олий таълим тизимининг одами, яъни – дарғаси эди. Бутун умрини маърифат тараққиёти билан чамбарчас боғлаган устозимиз ўзи таълим олган Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтига бор меҳрини бағишлади. Бу ерда энг кичик вазифасидан тортиб, ректорликкача бўлган шарафли йўлни ишонч босиб ўтди. Ҳозирда бу таълим даргоҳида устоз фидоийлигини мерос қилиб олган шогирдлари унинг ишини давом эттирмоқдалар.

    Устознинг ўгитлари, кўрсатган йўл-йўриқлари қалбимизга муҳрланган ҳолда, ҳожиржам ва вазмин қиёфаси, теран фикри ва олийжаноблиги, қатъият билан қабул қилувчи қарорлари доим бизга ибрат бўлган. Ўктам Пардаевич энг мураккаб вазиятларда мамлакат юкини, ислоҳотлар маъсулиятини ўз елкасида кўтара оладиган олимларимиздан бири эди. Устоз ҳар бир шогирди учун ташаббускор ғоялар берувчи маслаҳатгўй инсон эди.

    Бугун шу инсоннинг заҳматлари самараси ўлароқ – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Миллий тадқиқот университети Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртлари сафида ўз ўрни ва мақомига эга даргоҳга айланган.

    Ўктам Умурзоқов муаллифлигидаги дарслик ва ўқув қўлланмалар, илмий монографиялар, патент ва методлар эндиликдаги ёшлар қўлидаги энг катта бойлик сифатида юксак қадр-қимматга эга. Зеро, бу инсон босиб ўтган илм йўли машаққатлари ва ҳаёт ҳақиқати ушбу рисолаларда жонлидир.

    Бугун муҳтарам устозимизнинг 70 ёши ва ёрқин хотираси сиймосида илм машаққати ва роҳатини ҳис қилган, улуғвор руҳияти ва ҳаётида маърифат шарафи акс этган олим тимсоли қад кўтарди.

    Эътироф этиш керакки, мамлакат ва жамиятнинг замон талаблари даражасида ривожланишда илм-фан асосий пойдевордир. Шу боис, энг биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини такомиллаштириш ишларига бел боғлаган бу олимнинг шарафли меҳнати Янги Ўзбекистон тарихига абадий муҳрланади.

    “Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади” – дея нақл қилган эди улуғ аллома, етук муфассир, буюк тарихчи Абу Лайс Самарқандий. Дарҳақиқат, донишманд таърифлаганидек, Ўзбекистон осмонида чиққан ёруғ юлдуз энди ширин хотираларимизда қолди ва бизни йўлчиюлдуз бўлиб ҳамон олдинга даъват этмоқда.

    Баҳодиржон Шермуҳаммадов,

    Фарғона давлат университети ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates