Шавкат Мирзиёев: Бугунги пойдевор натижасини халқимиз албатта кўради

    Ҳукумат 7 апрел 2023 6975

    Президент Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабини бориб кўрди.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизнинг ҳар бир ҳудудида ёшларнинг ғурурини кўтарадиган кўп ишлар қилинмоқда. Масалан, Тошкентда Абдулла Қодирий, Нукусда Ибройим Юсупов, Қаршида Абдулла Орипов номидаги каби 9 та ижод мактаби ташкил этилди.

    Сирдарё вилоятида ҳам ёшларга ибрат бўладиган атоқли инсонлар кўп. Улардан бири Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиевадир. У нодир истеъдоди, бадиий теран ва фалсафий шеърлари, публицистик асарлари билан ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган.

    Шавкат Мирзиёев 2019 йилда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида марҳум шоира номини абадийлаштириш, истеъдодли ёшларга шароит яратиш мақсадида ижод мактаби ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, ўша йили декабрда ушбу таълим маскани фойдаланишга топширилди.

    Ташриф чоғида Президент мактабга кираверишдаги Ҳалима Худойбердиева ҳайкалига гул қўйди. Шоира ҳаёти ва ижодига бағишланган мўъжаз музейни кўздан кечирди. Ўқувчилар Ҳалима Худойбердиева шеърларидан намуналар ўқиб берди.

    Ижод мактабида умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёт чуқур ўргатилади. Айни пайтда 7-11-синфларда 180 нафар иқтидорли йигит-қиз таълим олмоқда. Синфлар, компьютер хонаси, лаборатория, спорт зали ва ётоқхона замонавий жиҳозланган. Мактаб кутубхонасида 3 минг 500 дан зиёд бадиий адабиётлар жамланган.

    Муаллим ва зиёлилар билан суҳбатда таълим сифати, соҳадаги ислоҳотлар ҳақида сўз борди.

    - Биз биринчи кундан таълим сифатини яхшилашга, муаллимларнинг мақоми ва обрўсини кўтаришга ҳаракат қиляпмиз. Бу ҳақдаги меъёрларни Конституцияга ҳам муҳрлаяпмиз. Кўряпсизлар, замон мураккаб бўлиб кетяпти. Қачон биз бу рақобатга муносиб бўламиз? Билимли бўлсак. Шунинг учун таълим мазмунини ислоҳ қилиб, ёшларга шароит яратяпмиз. Замонлар ўтади, муҳит ўзгаради. Бугунги пойдевор натижасини халқимиз албатта кўради. Ёшларимиздан яна кўплаб Бухорийлар, Берунийлар, Улуғбеклар чиқади, - деди Шавкат Мирзиёев.

    Ижод мактабларини университетларга бириктириш, вилоятдаги мактаблар билан алоқасини кенгайтириш, истеъдодли ёшларнинг китобларини чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Шу билан Президентнинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates