Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 10 ноябр 2020 6211

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этди.

    Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган йиғилишда, шунингдек, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, Бош вазири Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди иштирок этдилар.

    Бундан ташқари, саммит ишида ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар вакиллари – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Мўғулистон Президенти Халтмаагийн Баттулға, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний, Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко ҳамда ШҲТ Бош котиби Владимир Норов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Жумахон Ғиёсов қатнашдилар.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.

    Учрашув кун тартибига мувофиқ янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

    Ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги давлатлар делегацияларининг раҳбарлари устувор йўналишларда кўп томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқ сўзлар экан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичида турганини алоҳида таъкидлади.

    Давлатимиз раҳбари яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга чақирди. “Умумий қадриятимиз, биргаликда ривожланишга интилишимиз, маданиятлар хилма-хиллигига ҳурматимиз ифодаси бўлган кўп томонлама ҳамкорликнинг ноёб тажрибаси - “Шанхай руҳини” мустаҳкамлаш бугун ҳар қачонгидан муҳим” эканини таъкидлади.

    Ўзаро қўллаб-қувватлаш, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти кун тартибидаги асосий масалаларга биргаликда муроса излаш кенг Евроосиё маконида хавфсизлик, барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шарти сифатида қайд этилди. “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ ҳам кучли бўлади”.

    Шу муносабат билан, Президентимиз томонидан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор долзарб ташаббуслар илгари сурилди.

    Хусусан, пандемия салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш таклиф этилди.

    Давлатимиз раҳбари иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг роли ортиб бораётганини қайд этиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини ўқитишга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди.

    Ўзбекистон раҳбари камбағалликни қисқартириш масалаларида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг долзарб аҳамиятини алоҳида қайд этди. Ташкилот доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари йиғилишлари механизмини яратиш ва тегишли дастурий ҳужжат тайёрлаш таклиф этилди. Камбағалликка қарши курашиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида мамлакатимиз халқаро форум ўтказишга тайёр экани билдирилди.

    Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Эпидемия таҳдидларига қарши кураш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси тасдиқланганини маъқуллаб, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалишига қарши ҳамкорликни янада фаоллаштириш, юқумли касалликлар бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш, Телемедицина соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни таклиф этди.

    Давлатимиз раҳбари янги шакллар касб этаётган терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидларига қарши кураш масалалари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти эътибори марказида бўлиши лозимлигини таъкидлади.

    Бунга ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасини ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш ҳамда ваколатли идоралар орасидаги мулоқотларни янада кўпайтириш хизмат қилади.

    Ўзбекистон Президенти саммит иштирокчиларини Афғонистондаги тинчлик жараёнларини ва ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга жалб этишни қўллаб-қувватлашга чақирди.

    Шу муносабат билан “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда қабул қилиш таклиф этилди. Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Шу ва бошқа масалалар Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясининг кун тартибига киритилиши мумкин.

    Келгуси йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 20 ёшга тўлади. Президентимиз ушбу муҳим сана арафасида “ШҲТнинг замонавий халқаро муносабатлар тизимидаги роли” халқаро форумини ўтказишни таклиф этди.

    Саммит якунида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Москва декларацияси қабул қилинди ҳамда ташкилот доирасидаги ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.

    Ўзбекистон ташаббуси билан саммитда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates