Шахсий жавобарлик ва масъулият тармоқ ривожининг асоси

    Фикр 23 июн 2023 2288

    Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида саноат тармоғининг ўзига хос ўрни бор. Шу боис, бу соҳага мавжуд хомашё ва ресурслардан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда уларни қайта ишлаш, қўшилган қиймат яратиш, аҳоли эҳтиёжини қондириш, фуқароларни иш билан таъминлашнинг муҳим омилларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилаяпти.

    Хўш, ушбу тармоқнинг электротехника йўналишидаги вазифалари қандай бажарилмоқда?

    Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўтган йилда мазкур тармоқда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўлами 20 триллион сўмни ташкил этган, экспорт ҳажми 800 миллион доллардан ошган. Республикамиз ҳудудларида 87 лойиҳа ишга туширилиб, 2 минг 619 та янги иш ўрни яратилган. Маҳсулотларнинг экспорт географияси анча кенгайган. Айниқса, “GSP+” имтиёзларидан фойдаланилган ҳолда Буюк Британия, Франция, Германия, Руминия, Словения, Чехия, Австрия, Венгрия, шунингдек, Ироқ, Ливан, Марказий ва Ғарбий Африканинг Гана, Камерун каби давлатларига тарихда илк бор экспорт жараёни амалга оширилган.

    Умуман олганда, ҳисобот даврида жами 60 дан ортиқ давлатга 800,8 миллион доллардан ортиқ 196 турдаги электротехника маҳсулотлари экспорт қилинган. Эътиборлиси, илгари экспорт фаолияти билан шуғулланмаган Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 15 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотини экспортга олиб чиққан.

    Масалан, Самарқанд ва Қашқадарёда асосан маиший техникалар Туркия, Озарбайжон, Тожикистон давлатларига, водийдаги корхоналар томонидан эса кабель-сим маҳсулотлари Россия, Тожикистон, Қирғизистон давлатларига етказиб берилган.

    Бир қатор халқаро кўргазмалар давомида маҳаллий корхоналар томонидан қарийб 50 миллион долларлик шартномалар имзоланишига эришилган. Жумладан, Германия, Ҳиндистон ва Россиядаги йирик саноат кўргазмаларида “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида миллий маҳсулотларимиз халқаро бозорларга кириб борди.

    Бундан ташқари, Буюк Британиянинг “Питакс”, Франциянинг “Ашан” ва “Лоре Марлен”, Россиянинг “Эльдорадо”, “М-Видео”, “ДНС Атлас” ва “Вайлдберриес” ҳамда Қозоғистоннинг “Сулпак” ва “Технодом” каби йирик савдо тармоқлари орқали маҳаллий маҳсулотлар экспорт кўламини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

    Уюшма томонидан Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Мис саноати кластери” ҳамда Қашқадарё вилоятидаги “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Solar cluster” лойиҳаларини амалга ошириш бошланган бўлиб, ҳозирда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда. Уюшма ҳузурида ташкил этилган “Лойиҳалаш ва инжиниринг хизматини ташкил этиш маркази” томонидан корхоналарга ҳуқуқий ва маркетинг тадқиқотлари ўтказиш учун консалтинг хизматлари кўрсатилмоқда.

    Соҳа корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва уларга ҳуқуқий кафолатларнинг берилиши тармоқни иқтисодий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ҳам, хорижий инвесторлар учун ҳам ўзаро манфаатли ҳисобланади.

    Режалар ва истиқболдаги вазифалар

    Иқтисодиётимизнинг муҳим “драйвери” ҳисобланган электротехника саноатини 2023 йил якунигача ҳам жадал ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Айниқса, соҳага кўпроқ чет эл инвестицияларини жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш, янги брендларни олиб кириш орқали экспорт кўламини янада кенгайтириш, ҳудудларда ишлаб чиқариш қувватлари яратишни кучайтириш, янги маҳсулот турларини ўзлаштириш, қўшимча иш ўринлари ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, импортни оптималлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

    Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 триллион сўмни ташкил этиши ёки ўтган йилга нисбатан 2 триллион сўм кўп (ўсиш суръати 110 фоиз) маҳсулот ишлаб чиқариш белгиланган эди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ таркибида республикамиз барча ҳудудларидаги соҳа корхоналари қайта ўрганилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, вужудга келаётган муаммоли масалаларни бартараф этиш эвазига эришилиши мумкин бўлган кўрсаткичлар қайта таҳлил қилинган.

    Олиб борилган ўрганиш ва таҳлиллар якунига асосан электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 23 триллион сўмга етказиш, яъни олдинги йилга нисбатан 115,7 фоиз ўсиш суръатини таъминлаш режалаштирилган. Ушбу кўрсаткичга эришиш омилларидан бири — бу 2023 йил инвестиция дастури бўлиб, унинг доирасида умумий қиймати 46 миллион долларлик 12 та лойиҳани белгиланган муддатдан илгари ишга тушириш, бунинг эвазига 766,7 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш мўлжалланган. Шу билан бирга, ҳудудий дастурларга мувофиқ, ишлаб чиқариш қуввати 857 миллиард сўмлик 69 та лойиҳани ҳаётга жорий этиш кўзланган.

    Иккинчидан, Оҳангарон шаҳрида ташкил этилаётган “Ohangaron Tech Industrial” технопаркида жами қиймати 191,3 миллион долларлик 10 та лойиҳа шакллантирилган. Мазкур лойиҳаларни жойлаштириш ва ишларни бошлаш учун тасдиқлаб берилган баённомага кўра, 2023 йилда 2 та лойиҳани тўлиқ якунлаш, 165 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришга эришиш назарда тутилган.

    Учинчидан, кам қувватда ишлаётган ва илгари ишга туширилган корхона ва лойиҳалар қувватини ошириш, мавжуд корхоналарнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтириш ҳисобига қўшимча 123 миллиард сўм ишлаб чиқариш режага киритилган.

    Тўртинчидан, муқобил энергетика йўналишида Қорақалпоғистон Республикасида йиллик қуввати 150 мегаватт, Қашқадарё вилоятида ҳам 150 мегаватт ҳамда Тошкент вилоятида 200 мегаватт бўлган қуёш панеллари ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва етказиб бериш бошланади.

    Шу каби чоралар натижасида маҳсулотлар экспорт ҳажми 1 миллиард долларга етказилиб, 2022 йилга нисбатан 125 фоиз ўсиш (биринчи чоракда 170 миллион доллар, ўсиш 114,9 фоиз) суръатига эришилади. Дастур доирасида 191,5 миллион долларлик инвестициялар, шундан 58 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига ўзлаштирилади (шу жумладан, биринчи чоракда 15,5 миллион доллар).

    Маҳаллийлаштириш дастурига кирган 47 та лойиҳа доирасида 5,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 503,7 миллион долларлик импорт оптимизация қилинади. Ушбу лойиҳалар ҳисобига 35 та янги турдаги импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулот ва бутловчи қисмлар тайёрланиши йўлга қўйилади.

    Қуёш панеллари орқали қувватланадиган батарея билан жиҳозланган кўча ёритиш ускуналари, электромобиллар учун қувватлаш қурилмалари ва станциялари, шишали ва қум ўтказгичли қуёш сув иситгичлари, ясси қуёш панели орқали ишловчи сув иситгичлар, қуёш панеллари, қуруқ трансформаторлар шулар сирасига киради. Бундан ташқари, мис хомашёсини қайта ишлаш ҳажми 90 минг тоннага етказилиб, 2022 йилга нисбатан 128,5 фоизга оширилади (биринчи чоракда 16,2 минг тонна, ўсиш 126,6 фоиз).

    Ижро интизоми ва масъулият

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмасида ижро интизомини мустаҳкамлаш, берилган муҳим топшириқларни ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Соҳа ривожига қаратилган топшириқлар ижросини таъминлаш саноат тармоғини ривожлантириш билан бирга аҳоли фаровонлигини ошириб, турмуш даражасини яхшилаб келмоқда.

    Республика Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 2021 йил 31 майдаги “Ijro.gov.uz” ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижро интизомини мустаҳкамлаш ҳамда ҳужжатлар ижросини таъминлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

    Ўтган давр мобайнида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва соҳа корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 410 та топшириғи бажарилган. Жумладан, улардан, 33 таси фармон, 185 таси қарор, 3 таси фармойиш ва 185 таси йиғилиш баёнлари билан белгиланган топшириқларни ташкил этади.

    Уюшма ижро аппаратида белгиланган тизимга асосан ҳафтанинг жума куни Бошқарув раиси биринчи ўринбосари ҳузурида, ҳафтанинг ҳар душанба куни эса ижро аппаратининг умумий йиғилишида Бошқарув раиси ҳузурида топшириқлар ижроси муҳокама қилиб келинмоқда. Бундан аввалги босқичда эса топшириқлар мониторинг қилиниб, бошқарма ва бўлим даражасида муҳокама қилинади, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда юзага келаётган муаммолар ўрганилади.

    2021 йил 2 мартдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан асосий мақсадли кўрсаткичлар ижроси тўлиқ таъминланди.

    Масалан, 2023 йилнинг биринчи чораги якуни билан 19,7 минг тонна мис хомашёси қайта ишланиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (12,8 минг тонна) ўсиш суръати 153,4 фоизга етказилди. 4,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (3,8 триллион сўм) ўсиш суръати 117,3 фоизга етказилди.

    234,8 миллион долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилиб, белгиланган режа 138 фоизга бажарилди (ўсиш 158 фоиз) ҳамда 16,7 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилди (ўсиш 117,9 фоиз).

    Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йилда корхоналарга транспорт харажатлари 44,4 миллиард сўм миқдорида қоплаб берилди. 2023 йилнинг 1 май ҳолатига кўра эса, ушбу кўрсаткич 12,7 миллиард сўмни ташкил этди.

    Шунингдек, тармоқ корхоналарига 2022 йилда жами 82 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилди. Жорий йил I чорак якуни билан солиқ имтиёзлари суммаси 38,9 миллиард сўмни ташкил этган. Шу билан бирга, соҳа корхоналари томонидан жорий йилнинг I чораги якуни билан 16,7 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилган.

    Электротехника ва электромаиший маҳсулотларнинг техник регламентлар ва халқаро талабларга мувофиқлигини (хавфсизлик кўрсаткичлари ва энергия самарадорлиги) баҳолаш бўйича замонавий синов лабораторияси ва сертификатлаштириш марказини жойлаштириш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳудудида умумий майдони минг квадрат метр бўлган замонавий лаборатория биноси қуриб битказилди ва фаолият бошлади.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйвери ҳисобланган электротехника саноати тез ва жадаллик билан ривожланиш босқичидан боряпти.

    Бу, ўз навбатида, соҳага янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, янги иш жойлари яратиш ва миллий маҳсулотларимизнинг халқаро бозорларда рақобатбардош бўлишида кенг имкониятлар эшигини очмоқда.

    Мирзиёд ЮНУСОВ,

    “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси бошқарув раиси

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates