Маълумки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларида сайлов қонунчилигини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Буни ҳар бир сайловчи яхши билиши лозим.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-2 – 51-9-моддаларида сайлов ва референдумни ташкил этиш ҳамда ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ўз ифодасини топган.
Масалан, кодекснинг 51-2-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг фаолиятига аралашиш, худди шунингдек, уларнинг ишига тўсиқларни юзага келтириш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур кодекснинг 51-3-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов комиссияларининг, референдум ўтказувчи комиссияларнинг қарорларини ижро этмаган, ушбу комиссияларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий равишда рад этиш ёки кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузган мансабдор шахслар базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима билан жазоланади.
Яна бир ҳуқуқбузарлик – номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун ушбу кодекснинг 51-4-моддасида маъмурий жавобгарлик чоралари қайд этилган.
Яъни бундай ҳолат мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдордаги жарима жазосини юзага келтиради.
Шунингдек, кодекснинг 51-4 – 51-9-моддаларига кўра:
• сайловолди ташвиқотини олиб бориш шартлари ва тартибини номзод, ишончли вакил, сиёсий партия вакили, мансабдор шахс томонидан бузиш;
• сайлов натижаларига таъсир кўрсатиш мақсадида номзод, сиёсий партия тўғрисида атайлаб ёлғон маълумотларни эълон қилиш ёки бошқа усуллар орқали тарқатиш;
• айни жараёнда ахборот ҳамда ташвиқот материалларини қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;
• биноларга, иншоотларга ёки бошқа жойларга жойлаштирилган ахборот, ташвиқот материалларини сайловга ёки референдумга тайёргарлик кўриш ва сайлов ёки референдум ўтказиш жараёнида қасддан йўқ қилиб юбориш ёки уларга қасддан шикаст етказиш;
• сайловни молиялаштириш тартибини бузиш;
• жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов ёки референдум натижалари тахминларини, шунингдек, сайлов ёки референдум билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тартибини бузиш учун маъмурий жарима жазолари қўлланади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партиялар ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳлар ёки сайлов ёхуд референдум комиссиялари аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Хусусан, бундай қилмиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу кодекснинг 147-моддасига асосан фуқароларнинг депутат ёки Ўзбекистон Республикаси Президентини сайлаш ёхуд сайланиш, сайловолди тарғиботи олиб бориш ҳуқуқларини бузганлик, депутатликка ёки Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод шахснинг ишончли вакиллари ўз ваколатларини эркин амалга оширишларига, шунингдек, фуқароларнинг референдумда эркин иштирок этишларига зўрлик ишлатиш, қўрқитиш, алдаш ёки оғдириб олиш йўли билан тўсқинлик қилганлик учун тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ё уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.