"Асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш"

    2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, ЭҲФ ахборот тизимидан 373,1 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фойдаланиб келмоқда.

    Президентимизнинг жорий йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурининг асосий мақсади ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.

    Бу борадаги чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Президентимиз қайд этганидек, бу дастурни ҳануз давом этаётган пандемия шароитида, глобал инқироз кучайиб бораётган мураккаб бир вазиятда амалга оширишимизга тўғри келади.

    Ушбу Давлат дастурининг 12 та бандида Давлат солиқ қўмитасига тегишли вазифалар қайд этилган. Қўмита шундан 5 таси бўйича асосий ижрочи, 4 тасида ҳамкор сифатида ўзига юклатилган вазифаларни бажаради. 3 таси бўйича эса ДСҚ ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамижрочи қилиб белгиланган.

    Бунда, энг аввало, солиқ маъмурчилигини кейинги сифат босқичига чиқариш бўйича устувор равишда соҳани рақамлаштириш ҳамда “солиқчи — кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўрин олган.

    Шу боис, фармонга биноан, коронавирус пандемияси шароитида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасидаги субъектларнинг солиқ қарзини тўлаш муддати, вақтинча қийинчиликка учраган субъектларнинг мавжуд қарзига пеня ҳисоблашни тўхтатиш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига берилган фоизсиз кечиктиришнинг (бўлиб-бўлиб тўлаш) амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

    Бу, ўз навбатида, туризм, транспорт ва умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритаётган 2 656 та корхонанинг 2021 йил 1 январь ҳолатига 19,9 миллиард сўмлик, молиявий қийинчиликка дуч келган 2 687 та тадбиркорлик субъектининг мол-мулк ва ер солиғидан 123,3 миллиард сўмлик, шунингдек, 984 та корхонанинг мол-мулк ва ер солиғидан 35,1 миллиард сўмлик солиқ қарзини тўлашга татбиқ этилади ва уларнинг узлуксиз ишлаши, иш ўринларини сақлаб қолиши ҳамда янада кенгайишига шароит яратади.

    Солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган кичик тадбиркорлик субъектларида солиқ аудити ўтказилишига мораторийнинг амал қилиш муддати ҳам 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.

    Иккинчидан, фармонда фермер хўжаликларининг даромад ва харажатларини автоматик шакллантириш ва солиқ органларига юбориш имконини берувчи электрон тизимни 2021 йил 1 июлга қадар амалиётга жорий этилиши белгиланган. Бунинг учун Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган, фермер хўжаликларида соддалаштирилган бухгалтерия ҳисобини юритишга мўлжалланган “Agroonline” дастурий таъминоти ДСҚ ахборот тизимлари билан интеграция қилинади. Натижада фаолият кўрсатаётган 58,2 мингдан ортиқ фермер хўжалиги учун даромад ва харажатларини автоматик назорат қилиб бориш ҳамда пировардида солиқларни тўғри ҳисоблаш имконияти яратилади.

    Шу билан бирга, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлик субъектлари билан шаффоф мулоқотда бўлиш орқали солиқ мажбуриятини бажаришга кўмаклашиш мақсадида олдинги йил учун даромадлари йиллик молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида 5 миллиард сўмни (амалдаги тартиб икки бараварга камайтирилмоқда) ташкил этган субъектлар ҳам солиқ мониторинги институти иштирокчилари бўлиши ҳуқуқи берилмоқда.

    Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 8 февраль ҳолати 2020 йил якуни бўйича давлат солиқ органларига тақдим этилган солиқ ҳисоботларига асосан, 12 025 та субъект ушбу имкониятдан фойдаланишга номзод бўлиши мумкинлигидан далолат беради. Бунинг ижросини таъминлаш учун Молия вазирлиги билан Солиқ кодексининг 169-моддасига ўзгартириш киритиш юзасидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган “Солиқ мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга ҳам ўзгартиришлар киритилади.

    Учинчидан, Давлат дастурига мувофиқ, солиқ маъмуриятчилиги янада такомиллаштириб борилади. Бу йўналишда барча хўжалик субъектларининг тўлиқ электрон ҳисобварақ-фактураларга ўтилишини таъминлаш устида иш олиб борилади. Унинг аҳамиятли жиҳати шуки, иқтисодиётда яратилган қўшилган қийматни тўлиқ солиқ базасига киритиш орқали 29,3 триллион сўмдан ортиқ ҚҚС йиғиш вазифаси олдимизда турибди.

    2021 йил 1 январь ҳолатига кўра, ЭҲФ ахборот тизимидан 373,1 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъект фойдаланиб келмоқда. Улар томонидан 22,6 миллион донадан ортиқ ЭҲФ шакллантирилган бўлиб, жами айланма (ҚҚСсиз) 798,4 триллион сўмни ташкил қилмоқда.

    Жорий йилда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдосини амалга оширишнинг барча бўғинларида рақамли маркировкани татбиқ этиш режалаштирилмоқда. Бунинг муҳим жиҳати, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш хуфиёна иқтисодиётнинг улушини қисқартириш ва 3,7 триллион сўм акциз солиғини йиғишга ижобий таъсир кўрсатади. Маркировкалаш тизими барча ишлаб чиқарувчи

    (53 та), импорт қилувчи (10 та), улгуржи савдо (85 та) корхоналарни қамраб олиши таъминланди.

    Улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи барча тадбиркорлик субъектларнинг савдо нуқталарида онлайн назорат-касса машиналари ўрнатилиши бўйича аниқ режаларимиз бор. Бу бизга соҳадаги 70 фоиз деб баҳоланаётган яширин айланмани жиловлаш орқали 2021 йилда айланмадан 2,2 триллион сўм ёки 2020 йилдагига нисбатан 70 фоиз кўп солиқ йиғишга замин яратади.

    Аслида бу борадаги ишлар давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида бошланган эди. Унга биноан тузилган режада онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга жами 223 546 та тадбиркорлик объектини босқичма-босқич ўтказиш белгилаб берилган. 2020 йилда 105 056 та ҳамда жорий йилнинг 8 февраль ҳолатига 15 622 та тадбиркорлик объекти мазкур тизимдан фойдаланишга ўтказилди. Шу йил якунига қадар нақд пул тушумига эга қолган 102 868 та тадбиркорлик объекти онлайн НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтказилиши таъминланади.

    Товар-моддий захираларни ва товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб бериш учун электрон шартномалар (ишончномалар) алмашинувини жорий этиш ҳам асосий йўналишлар сирасига киради. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги фармони билан тасдиқланган “йўл харитаси”га мувофиқ, товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича шартномаларни ҳамда товар-моддий бойликларни олиш учун ишончномаларни мажбурий электрон рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш белгиланган. Бугунги кунда шартномаларни электрон рўйхатдан ўтказиш интерактив хизмати ишлаб чиқилган бўлиб, тест-синов шаклида my.soliq.uz – интерактив солиқ хизматлари порталига жойлаштирилган.

    Тўртинчидан, халқаро стандартлар асосида Давлат солиқ қўмитаси ахборот тизимлари комплексининг ягона платформаси ишлаб чиқилади. Бу борадаги ишлар Жаҳон банки ва Россия Федерал солиқ хизмати билан ҳамкорликда қилиняпти. Ягона платформани яратиш орқали маълумотларни киритиш, тўплаш, шакллантириш, таҳлил қилишнинг қулай ва соддалашуви натижасида солиқ ҳисоботларини топшириш жараёни 5-7 баробар қисқаради.

    Бешинчидан, сотиладиган товарларнинг ягона электрон таснифлагич тизими онлайн назорат-касса машиналари, электрон ҳисобварақ-фактуралари, маркировкалаш тизимларига интеграция қилинади. Айни кезда 112 та гуруҳ ва 1 348 та товар ва хизматлар синфидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси товарлар ва хизматларнинг ягона электрон таснифлагич тизими учун веб-портал жорий қилинди. Маҳсулотлар ва хизматлар идентификация кодлари ёрдамида 900 мингдан ортиқ электрон ҳисоб-фактура яратилди.

    Олтинчидан, ер қаъридан фойдаланганлик учун ва кўчмас мулкларни солиққа тортиш маъмурчилиги янада такомиллаштирилади. Бу йўналишда Россия Федерал солиқ хизмати билан яқиндан ишлаяпмиз. 2021 йилда ер қаъридан фойдаланганлик учун 13,6 триллион сўмлик солиқ йиғилиши режалаштирилган.

    Еттинчидан, дастурга асосан, тенг рақобат шароитини яратиш ва ҚҚС тўловчилар ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича солиқ маъмуриятчилиги 2021 йилда янги босқичга чиқарилади. Айтиш жоизки, 2020 йил 1 августдан барча ҚҚС тўловчилар ҳудудий солиқ бошқармалари назоратига ўтказилиши ҳамда электрон ҳисобварақ-фактуралар кенг жорий этилиши солиқ маъмурчилиги яхшиланишига олиб келди. Хусусан, ўтган йилнинг иккинчи ярим йиллигида электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали 798,4 триллион сўмлик товар айланмаси солиқ базасига киритилди ёки бу кўрсаткич биринчи ярим йилликка нисбатан 3,5 баравар ошди.

    ҚҚС бўйича ўртача тушумлар 2020 йилнинг январь-июнь ойларида 1,4 триллион сўмни ташкил этган бўлса, иккинчи ярим йилликда 2,2 триллион сўмга етиб, 800 миллиард сўмга ёки 57 фоиз ўсди. Бу йўналишдаги тадбирлар янада изчиллик касб этади. Чунки таҳлиллар 11 мингта корхона бюджетга солиқ тўловларни камайтириш мақсадида 396 та шубҳали фирмани лозим даражада ўрганмай туриб, улар билан 7,9 триллион сўмлик (жумладан, бир триллион сўми ҚҚС) иқтисодий алоқа қилиши натижасида 340 мингта элек­трон ҳисобварақ-фактура қабул қилинганини кўрсатяпти. Шу билан бирга, ҳалол ишлаётган ишончли солиқ тўловчиларга ҚҚСни тезлаштирилган тартибда қайтариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Саккизинчидан, солиқ органларини хизмат кўрсатувчи юқори технологияли ташкилотга трансформация қилиш давом эттирилади. Бугунги кунда 45 турдаги интерактив ва электрон хизмат кўрсатувчи солиқ хизматлари портали (my.soliq.uz) жорий қилинган. Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига 2020 йил давомида 470,7 мингта, юридик шахс томонидан 24,5 миллионта, 288,5 мингта жисмоний шахс томонидан 4,9 миллионта, 96,7 мингта якка тартибдаги тадбиркор томонидан 562,2 мингта мурожаат қилинган.

    Президентимиз раислигида 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, асосий мақсад қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилишимиз зарур. Дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарсаккина, туб ўзгаришлар бўлади ва, албатта, кўзланган мақсадларга эришамиз.

    Шерзод КУДБИЕВ,

    Давлат солиқ қўмитаси раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates