Шифокорлар фаолиятига тўсқинлик қилмайлик

    Акс ҳолда қонун олдида ҳам, виждонимиз олдига ҳам жавобгар бўламиз.

    Инсон саломатлиги – энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб бўлмайди. Юртимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани сабаби ҳам шунда. Шавкат Мирзиёев Президентлик фаолиятининг дастлабки давридаёқ аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масаласини устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб берди. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тармоғини ўз ичига олувчи тиббиётнинг уч босқичли миллий модели яратилиб, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш таъминланмоқда.

    Президентимиз ҳар сафар ҳудудларга борганида, у ердаги тиббий муассасаларга ҳам кириши, маҳаллий аҳолини ўйлантираётган масалалар билан қизиқиши ўз натижасини бермай қолмади. Хусусан, ўтган олти йилда ҳудудларда ихтисослашган тиббиёт марказлари филиаллари ўз фаолиятини бошлади. Натижада илгари пойтахтда бажарилган мураккаб операцияларни маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди.

    Қувонарли томони, зарур моддий-техник база ва малакали мутахассисга эга хусусий клинкаларга мураккаб турдаги жарроҳлик амалиётини ўтказишга рухсат берилиши хорижга даво излаб кетаётган юртдошларимиз сафини сезиларли даражада қисқартирди. Изчил ислоҳотлар туфайли Марказий Осиёда биринчи бўлиб, бош мия қон томирлари нуқсонларини диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий юқори технологик усуллари ҳамда юқори технологик кўп томирли аорто-коронар шунтлаш операцияси йўлга қўйилди.

    Яна бир ҳаётий мисол. Яқин-яқингача аксар фуқароларимиз имтиёзли йўлланма (ордер) асосида даволаниш учун не-не қийинчиликларга дуч келарди. Юртдошларимиз ордер олиш учун мутасадди вазирликлар эшиги олдида кунлаб, ойлаб навбатда турарди. Президентимиз ташаббуси ва тегишли қарорлари билан буларга чек қўйилди. Бундай амалиётдан тўлиқ воз кечилиб, эҳтиёжманд аҳоли учун республика тиббиёт марказларида хизмат кўрсатишнинг очиқ ва шаффоф янги тизимига ўтилди. 2016 йилгача юрак соҳасидаги мураккаб операциялар фақат Тошкент шаҳрида қилинган бўлса, айни вақтда 12 та ҳудудда рентгенэндоваскуляр бўлимлар фаолияти йўлга қўйилган. Инсон манфаатларини таъминлаш, одамларни рози қилишга қаратилган бундай ўзгаришлар ҳақида кўплаб гапириш мумкин.

    Таассуфки, кейинги пайтларда бемор ўлими ёки соғлиғи ёмонлашишида бирор айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ўз яқинининг саломатлигидан хавотирга тушган инсонлар шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига нажот кўзи билан қарайди. Баъзида кеч мурожаат қилингани сабабли бемор ҳаётини сақлаб қолишга шифокорлар ҳам ожиз бўлиб қолади.

    Бироқ беморнинг стресс ҳолатида бўлган, энг ачинарлиси, кўп ҳолатларда спиртли ичимлик ичган яқинлари ўзини идора қила олмай, тиббиёт ходимларига тажовуз қилади. Афсуски, бундай кўнгилсиз ҳолатлар иллатга айланиб бормоқда. Тез ёрдамни асоссиз чақириш, муолажа қилиб қўйиш ёки чақириққа келган шифокордан бошқа оила аъзоларини ҳам кўриб қўйишни талаб қилиш, ходимларга кўрсатмалар бериб, халақит қилиш, тўсқинлик қилиш кўп учраб турибди. Масалан, 2019-2022 йилларда 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклда тажовуз қилинган.

    Шу боис, жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатга қарши туриш, хусусан, бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш керак. Чунки тиббиёт ходимига қўл кўтарган шахс ўз ножўя хатти-ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузиб, жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қиляпти. Амалдаги қонунчиликда эса хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга тўсқинлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Бу каби омиллар амалиётда турли муаммоларни келтириб чиқармоқда.

    Жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатнинг олдини олишда энг асосий ва самарали йўллардан бири сифатида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

    Президентимиз 2022 йил 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда шифокор касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш вазифасини қўйган эди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда Россия, АҚШ, Ҳиндистон, Қозоғистон каби давлатлар амалиёти инобатга олинган.

    Президентимиз шу йил 27 март куни имзолаган “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги қонун соҳа вакилларига эътиборнинг яна бир намунаси бўлди.

    Қонун билан “тиббий фаолият”, “тиббий ёрдам”, “тиббий хизмат” каби тушунчалар мазмун-моҳияти очиб берилди. Шунингдек, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарликни, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатларини белгилаш назарда тутилди. Шунингдек, ушбу ҳужжатда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарлик, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатлари ўз аксини топган.

    Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш учун маъмурий жавобгарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланди.

    Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш, шифокор касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, фуқароларга ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.

    Қизилгул Қосимова,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates