Ҳозир вақтимиз ўзимизники, илгари мавсумий юмушлару ҳашардан ортмас эдик

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 15 ноябрь сонида Тошкент туманидаги “Н.Боймуҳамедов” қишлоқ врачлик пункти мудири, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Зулфия Ҳакимованинг “Ҳозир вақтимиз ўзимизники, илгари мавсумий юмушлару ҳашардан ортмас эдик” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Президентимизнинг шу йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқоти соҳада мутлақо янгича бурилиш ясади. Тизимдаги камчиликлар, тиббиёт ходимларига узоқ йиллардан бери оғриқ бериб келаётган муаммолар рўй-рост айтилиб, уларнинг ечими бўйича ўринли таклиф ва тавсиялар берилди. Ҳатто энг чекка ҳудудлардаги оилавий поликлиникалар муаммолари ҳам эътибордан четда қолмади.

    Қишлоқ врачлик пунктимиз тўртта маҳаллада истиқомат қилувчи 17 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Асосий фаолиятимиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, касалликларни эрта аниқлаш, скрининг текширувлар ўтказиш, тўғри овқатланишни тарғиб қилиш, касалланишнинг олдини олишга қаратилган. ҚВПда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари хонадонларга бирма-бир кириб, юртдошларимиз саломатлиги билан яқиндан танишади. Уларни безовта қилаётган хасталик, наслий касалликларни таҳлил қилиб боради.

    Президентимизнинг тиббиёт соҳасига эътибори туфайли бирламчи бўғиндаги муҳим ислоҳотлар бизгача етиб келмоқда. Чекка ҳудудлардаги оилавий поликлиникалар ҳам замонавий тиббий анжомлар билан жиҳозланяпти, лаборатория таҳлиллари уларнинг ўзида ташкил этилмоқда. Олдин кўп тармоқли марказлардагина аҳоли учун чуқур текширувлар, лаборатория таҳлиллари ўтказиларди. Айни пайтда ҳар бир ҳудуддаги оилавий поликлиникада бундай имконият мавжуд.

    Илгари тиббиёт ходими учун кераксиз бўлган ортиқча йиғилишлар, текширувлардан ташқари, турли мавсумий ҳашарлар, жумладан, пахта йиғим-теримларидан ортмасдик. Ўз устимизда ишлаш у ёқда турсин, аҳолига вақт ажрата олмас эдик. Ҳозир, энг аввало, мана шундай кераксиз югур-югурлардан қутулдик. Тиббиёт ходими сифатида вазифамизни бажаришимизга имконият берилди, аҳоли билан ишлашимиз учун вақтимиз етарли.

    Бундан 5–6 йил аввал соҳа ходимлари ихтисослиги бўйича малака ошириш учун Республика врачлар малакасини ошириш марказига юбориларди. Ҳозир ҳар бир вилоятда, туманларда сайёр курслар ташкил этилиб, ишдан ажралмаган ҳолда, ўз устимизда ишлашимизга шароит яратиляпти. Юртимизда соғлиқни сақлаш ходимларига қаратилаётган юксак эътибор ҳамда меҳнатимиз муносиб қадрланаётганидан мамнунмиз.

    Яқинда давлатимиз раҳбари фармонига биноан, тақдирланган бир гуруҳ ҳамкасбларим орасида менинг ҳам исм-фамилиям борлигини кўриб, қувондим. Қарийб 20 йилдан бери шу соҳада ишлайман. Танлаган касбимни жон-дилдан яхши кўраман. Бу шифокорлар оиласи фарзанди бўлганим, шу муҳитда камол топганим туфайли бўлса керак. Онам 40 йилдан ортиқ умрини шифокорликка бағишлаган. Шу боис, бу йўлда эришган барча ютуқларимни, аввало, илк устозим — онамники деб биламан.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates