Хусусан, CPG Corporation бош директори Винсент Ло билан музокаралар чоғида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги лойиҳаларга Сингапурнинг тўғридан-тўғри сармоясини жалб этишга йўналтирилган қўшма инвестиция компаниясини ташкил этиш имкониятлари муҳокама этилди.
Йиғилиш кун тартибидан Ўзбекистонда биофармацевтика корхонасини ташкил этиш, замонавий кўп тармоқли клиника қуриш, Сингапурнинг илғор таълим усулларидан фойдаланган ҳолда хусусий мактаблар очиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама этилди. Томонлар, мазкур лойиҳаларни амалга оширишнинг босқичма-босқич механизмлари, аниқ муддатлари ва масъул ижрочиларни ўз ичига олган Қўшма «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
«Oceanus Group» компанияси бош директори Питер Ко билан учрашувда мамлакатимизда хорижий инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар юксак баҳоланди.
Oceanus Group озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш, шунингдек, логистика хизматларини кўрсатишга ихтисослашган. Шу нуқтаи назардан, томонлар Ўзбекистондан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига экспортга йўналтирилган маҳсулотларни етказиб беришни ташкил этиш, шунингдек, Сингапур, Хитой ва ASEAN минтақаси бозорларига маҳаллий озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқишга хизмат қиладиган қўшма экспорт компаниясини ташкил этиш истиқболларини кўриб чиқдилар. Бундан ташқари, Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва уни учинчи давлатларга экспорт қилиш учун Сингапурнинг етакчи компанияларини жалб этиш имкониятлари муҳокама этилди.
Худди шундай конструктив руҳда Сингапурнинг етакчи таълим муассасаларидан бири TMC Академияси бош директори Ли Чин Венг билан ҳам музокаралар олиб борилди.
Томонлар олий таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратдилар. Хусусан, Ўзбекистонда иккита янги университет кампусини ташкил этиш, шунингдек, республика ҳудудларида таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва ахборот, молиявий, блокчейн технологиялари ва киберхавфсизлик каби долзарб йўналишларни қамраб олувчи янги таълим дастурларини Ўзбекистонда жорий этиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.