Экспорт салоҳиятининг ортиб бориши мамлакат иқтисодиёти ва унинг ривожланишида муҳим роль ўйнайди. Юртимизда сўнгги йилларда экспорт муносабатларининг янги тизими шаклланиб, ўзбек бренди остидаги маҳсулотлар анъанавий ҳамкор давлатлардан ташқари, янги бозорларга кириб бормоқда. Натижада, биргина 2021 йилнинг январь-июль ойларида Ўзбекистоннинг жами экспорт ҳажми 8,1 миллиард АҚШ долларни ташкил этди.
Хорижга маҳсулот чиқаришнинг ўз талаблари бор, улардан бири сифат мезони ҳисобланади. Айниқса, дунёда халқаро сифат ва стандарт кўрсаткичларига талаб ортиб бораётган бугунги даврда ушбу мезон қатъийлашмоқда. Маҳсулотга ёпиштирилган сифат ёрлиғи унинг ана шу талабларга тўлиқ мос келишини тасдиқлаган тақдирдагина, у хориждаги бозорлар расталаридан жой олади.
Ҳар қандай товар ёки маҳсулот савдо шаҳобчаси остонасидан сифат белгиси билан кириб бориши лозим. Бунинг учун улар махсус лабораторияларда сифат ва хавфсизлигига дахлдор қатор текширувлардан ўтади. Ана шу сифат бўйича асосий механизмлардан бирини аккредитациядан ўтказилган лабораториялар олиб боради. Яъни, турли хизматлар кўрсатувчи лабораториялар фаолияти ҳам тегишли тузилма — 2019 йилда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузурида иш бошлаган “Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат корхонаси томонидан халқаро стандартлар асосида баҳоланиб, барча талабларга жавоб берсагина, аккредитациядан ўтказилади. Натижада ушбу лабораториялар томонидан бериладиган синов натижалари хорижда тан олиниб, тадбиркорларга ўз маҳсулотини экспорт қилиш имкониятини оширади.
— Бугунги кунда маҳаллий сертификатлаш идораси хорижий тан олинган аккредитация идораларидан аккредитациядан ўтган замоноқ, махаллий аккредитация идораси унга ҳам миллий, ҳам халқаро сертификатларни бериши имконияти яратилмоқда, — дейди “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК директори Ансабхон Зокиров. — Ана шу биргина халқаро тан олинган сертификат билан ҳам ички, ҳам хорижий давлатлар учун маҳсулотларни экспорт қилиш ва чет эл бозорига уларнинг техник тўсиқларсиз кириб боришига шароит яратилади. Синов ҳужжати ёки сертификат маҳсулотнинг сифати, хавфсизлигига кафолат ҳисобланади. Аслида, сертификатлаштириш мувофиқликни баҳолашнинг бир тури. Маҳсулот, хизмат ёки жараён бўладими, уларга нисбатан ўрнатилган талабга қанчалик жавоб беришини аниқлаш эса мувофиқликни баҳолаш саналади.
Ҳозирги кунда мувофиқликни баҳолашни амалга оширадиган идоралар тури жуда кўп бўлиб, улардан энг кенг тарқалгани синов лабораториялари ва сертификатлаштириш ташкилотларидир. Ана шу идораларнинг етарли компитентликка асосан фаолият юритиши Аккредитация маркази томонидан тасдиқланади. 2021 йилда марказ томонидан 120 та мурожаатлар кўриб чиқилган бўлиб, 32 та мувофиқликни баҳолаш органлари Миллий акредитация тизимида халқаро стандартларга асосан муваффақиятли аккредитациядан ўтказилди. Айни вақтда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган 400 дан ортиқ мувофиқликни баҳолаш идоралари фаолият юритиб келмоқда.
Сўровлар нима учун рад этилмоқда?
Аккредитация юртимизда нисбатан янги тушунча бўлиб, ҳозирда “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК юртимизда мувофиқликни баҳолаш идораларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади. Тузилма ISO/IEC 17011:2017 халқаро стандарт талаблари асосида фаолият юритади.
Аккредитация бўйича ишлар мажмуи ташкилот вазифаларининг асосий йўналиши хисобланиб, унга дастлабки аккредитация, даврий баҳолаш (инспекция назорати), такрорий аккредитация, акрредитация соҳасини кенгайтириш ёки қисқартириш кабилар киради.
Бу тизимдан ўтиш ихтиёрий амалиёт бўлиб, корхона-ташкилот ёки синов лабораторияларининг эҳтиёжи асосида амалга оширилади. Аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома 5 йил муддатга берилади. Лабораториянинг муддатни кейинги 5 йилликка суришга эҳтиёжи бўлса, масофадан турган ҳолда иккинчи аккредитация жараёни ўтказилади. Бу халқаро талабларда ҳам кўрсатилган. Бунда ҳам харажат, ҳам вақт қисқаришига эришилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аккредитациядан ўтказиш жиддий жараён бўлиб, одатда 2 ойдан 6 ойгача давом этади. Шу вақт давомида талабгор томонидан ҳужжатлар тақдим этилади ва экспертиза ўтказиш, жойига чиққан ҳолда ўрганиш, энг асосийси, кадрлар малакасини баҳолаш ишлари олиб борилади. Жараёнда 3 та асосий принцип — ҳалоллик, шаффофлик ва очиқлик бош мезондир.
— Сўнгги йилларда бу борадаги талаблар қатъийлашгани боис, кўп ҳолларда, аккредитация олиш сўровлари рад этилмоқда, — деди Ансабхон Зокиров. — Хусусан, авваллари 100 та лабораториядан 99 таси аккредитациядан ўтказилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 50 тага ҳам етмаяпти. Биз халқаро стандартларни жорий қилган ҳолда баҳолаш ишларини бошлаганимиздан сўнг, лабораторияларда техникалар, ходимлар малакасига эътибор сустлиги холатлари юзага чиқиб қоляпти. Бунинг ижобий томонлари ҳам бор. Яъни, талабга жавоб бермаган идора аккредитациядан ўтиш учун кейинги баҳолашгача барча камчиликларини тўғирлашга ҳаракат қилади. Бу эса унинг синов имкониятлари ва сифати ошишига йўл очади.
Охирги уч йилда тизимда кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК 2019 йил апрель ойидан Осиё-Тинч океани минтақаси аккредитация ҳамкорлиги (APAC), 2020 йил апрель ойидан Халқаро лабораторияларни аккредитациялаш ҳамкорлиги (ILAC) ҳамда 2020 йил декабрь ойида Халқаро аккредитация форуми (IAF)га аъзо бўлди ҳамда Миллий аккредитация тизими халқаро даражада тан олинди. Бу аъзолик натижасида синов баённомалари билан маҳаллий сертификатлар тўғридан-тўғри хорижий давлатларда тан олинишига эришилади.
Аммо бу ташкилотларга кириш ва уларнинг услубий талабларини бажаришдан ташқари, кўптомонлама тан олиш битимларини имзолаш муҳим. Ушбу ташкилотлар доирасида иккита алоҳида халқаро битимлар мавжудки, уларни имзолаш орқали барча миллий аккредитация органлари, яъни, битим иштирокчилари бўлган давлатлар бир-бирларининг аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини тан оладилар. Жорий йил октябрь ойида хорижлик экспертлар гуруҳи юртимизга марказни баҳолашга келиши кутилмоқда. Уларнинг ижобий хулосалари юқоридаги иккита йирик халқаро ташкилотнинг кўптомонлама тан олиш битимларига тўлақонли аъзо бўлишни таъминлайди.
Халқаро стандартлар талаби
Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги муҳим саналар экан, бу борада юртимизда халқаро сифатларни жорий этиш долзарб бўлиб бораверади. Шу жиҳатдан, Президентнинг 2021 йил 2 июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони асосида тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва соҳани ривожлантиришга оид вазифалар белгиланди. Унда “Ўзбекистон аккредитация маркази” давлат корхонасига ҳам бир қатор йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Жумладан, фармонда халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан ижобий баҳоланган Ўзбекистон Республикаси резидентлари — мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, бу ҳақида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДКни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилди. Бунда, расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан таъминланиши зарур.
“Ўзбек-Турк тест маркази” МЧЖ халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган идора томонидан аккредитация қилинганлиги ҳақида Марказни хабардор қилган корхоналардан бири. Турк стандартлар институти ҳамда Ўзстандарт агентлиги ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу қўшма корхона ўз фаолиятини 2004 йилда бошлаган. Жорий йилда МЧЖ лабораториялари қайта модернизация қилиниб, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан қабул қилинган техник регламентга асосан, маҳсулотлар хавфсизлигини евро нормалар асосида текшириб берадиган энг замонавий ускуналар билан жиҳозланди.
Қўшма корхона бош директори Музаффар Ҳамзаевнинг таъкидлашича, мажмуа тўқимачилик маҳсулотлари, ўйинчоқлар, идиш-товоқлар ҳамда паст кучланишли аппаратларни синаш лабораторияларидан ташкил топган. Синов жараёни муддати маҳсулот турига қараб давом этади. Масалан, битта тўқимачилик матоси узоғи билан 2 иш кунида синовдан ўтказилади. Швецария, Италия, Германиядан келтирилган замонавий лаборатория жиҳозлари таҳлилларни автоматик тарзда, инсон омилисиз, 95 фоиз аниқликда кўрсатади.
Лабораториялар эшигидан мўралаган киши, албатта, бирор маҳсулотнинг синов жараёнига дуч келади. Ўйинчоқ идиш-товоқларни синаш лабораториясида ҳам доим иш қизғин. Бу гал болалар аравачаси синов ускунасига текширишга қўйилди. Аравачага боланинг ўрнига маълум оғирликдаги юк жойланиб, унинг кўтариш имкониятлари, тормози, ҳимоя камарларининг мустаҳкамлигини текширишга ҳозирлик кўрилди. Бир неча сониядан сўнг аравача кучли босимда итарилди. Маълум масофага юргизилган аравачани кўздан кечирган мутахассис юк тушиб кетмагани, буюмнинг ҳеч қаери синмагани, ҳимоя камарлари узилиб кетмаганини тасдиқлади. Демак, товар талабга жавоб беради ва мувофиқ, деб топилди.
Бугунги кунда мазкур синов лабораторияси республикамиздаги кўплаб ташкилотлар, шунингдек, маҳсулотни импорт ёки экспорт қилаётган маҳаллий корхоналарга хизмат кўрсатиб келмоқда. Жорий йил 28 июнь куни Миллий аккредитация тизими асосида аккредитациядан ўтганлик гувоҳномасига эга бўлган қўшма корхона сертификатлари хориж давлатларида ҳам тан олинади.
Ҳозирда кўплаб корхоналар ана шундай қулайликлардан фойдаланиб, маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратаётгани қувонарли ҳол. Айни пайтда аккредитация хизматларини кўрсатишда мижоз билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш ҳолатларини янада қисқартириш, хизматларни бизнес жараёнларнинг реинжинирингига (BPR) ўтказиш йўли билан янада оптималлаштириш бўйича “E-accreditation” миллий ахборот-дастурий таъминоти амалиётга жорий этилди.
Шунингдек, тизимда қабул қилинган Президент фармон ва қарори ижроси юзасидан ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида мажбурий аттестацияни бекор қилиш бўйича 596 нафар эксперт-аудиторлар ва 6 152 нафар сертификатланган ходимлар учун мажбурий сертификатлаштириш талаби бекор қилинади. Мувофиқликни баҳолашдаги ташқи кўрикни ўтказиш учун аккредитация олиш талабининг бекор қилиниши орқали эса 268 та лабораторияда ўртача 52 тадан кўрсаткич қисқартирилади.
Бир сўз билан айтганда, мувофиқликни баҳолашда шу каби халқаро стандартларнинг жорий этилиши Ўзбекистоннинг сифат бўйича индексларда юқори ўрин эгаллаши, юртимиз инвестицион салоҳияти, экспорт кўламининг ошишига, энг муҳими, аҳолининг сифатли маҳсулот, товар ёки хизматга бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири












