Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Давлат экологик назорат инспекцияси ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган текширувда маълум бўлишича, Гулистон тумани «Баҳмал» маҳалласи ҳудудида фуқаролар А.Т. ва М.Д. «Шўразак» зовуридан ноқонуний равишда балиқ овлаган.
Улар электр қармоқдан фойдаланиб, 20 дона «Кумуш товон», 3 дона «Мой балиқ» ва 14 дона «Илонбош» балиғини тутишган. Резина қайиқ орқали балиқларни сув ҳавзасидан олиб чиқиб кетмоқчи бўлишганида тўхтатиб қолинган.
Ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, электр қармоқ, резина қайиқ, аккумулятор, эшкак, тутгич ва тунги ёритиш мосламаси вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилган.
Ҳайвонот дунёсига базавий ҳисоблаш миқдорининг 865 баравари, яъни 360 миллион сўмга яқин зарар етказилгани ҳисобланди.
Ҳуқуқбузарлик юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Сирдарё вилояти прокуратурасига юборилган.









