“Ягона дарча” имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектларининг фойдаланиши мумкинлиги, фуқароларнинг турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишга мажбур бўлиши каби муаммолар бу тизимни сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишига тўсқинлик қилар эди.
Қолаверса, қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслар ва маълумотлар базаларининг мавжуд эмаслиги, уларда идоралараро интеграция қилинишининг сустлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишга имкон бермасди. Унинг устига аксарият давлат хизматлари кўрсатиш тартибининг мураккаб ва фойдаланиш учун ноқулайлиги оддий аҳолига қийинчилик туғдирар эди.
Шуларни ҳисобга олган ҳолда Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. Соҳада ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, давлат хизматлари кўрсатиш таомилларини соддалаштириш, идоралараро электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда давлат хизматлари ягона реестрини шакллантириш кабилар Агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Ҳаш-паш дегунча, Агентлик ташкил этилганига ҳам уч йил бўлди. Хўш, уч йил давомида аҳолига давлат хизматларини тез ва сифатли кўрсатиш борасида қандай ислоҳотлар амалга ошди? Давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғояси амалда қайси ўзгаришларда кўринмоқда?
Ҳужжатлар сони 167 тадан 79 тага қисқарди
Давлат хизматлари кўрсатишда илк бора умумреспублика бўйича хизмат кўрсатишнинг экстерриториал тамойили ҳамда тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда онлайн банк ҳисобрақамларини очиш механизми йўлга қўйилиб, муҳр ва штамплардан фойдаланиш мажбурияти бекор қилинди.
Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2019 йил якуни бўйича Жаҳон банкининг эълон қилинган “Бизнесни юритиш” рейтингининг “бизнесни рўйхатдан ўтказиш” индикаторида Ўзбекистон Республикаси 190 та давлатлар ичида 8-ўринни эгаллади.
Давлат хизматлари марказлари орқали 2018 йилгача бўлган даврда фақат тадбиркорлик субъектларига 37 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу хизматлар сони қарийб 150 тани ташкил қилмоқда. 2017 йилда тадбиркорлар 170 мингдан ортиқ давлат хизматларидан фойдаланган бўлса, шу ўтган 3 йилда жисмоний ва юридик шахсларни давлат хизматлари кўрсатиш бўйича 25 млн.дан ортиқ мурожаатлари қабул қилинди. Бундан ташқари, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасига доир 103 та қонун ҳужжати ишлаб чиқилди, айрим хизматлар соддалаштирилди. Давлат хизматлари кўрсатишга оид 70 дан ортиқ маъмурий регламентлар қабул қилингани ҳамда, бунинг натижасида, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 167 тадан 79 тага камайтирилгани, хизмат кўрсатиш муддати ҳам 465 кундан 245 кунга қисқартирилганини таъкидлаш жоиз.
Филиаллар сони ортди
Биламиз, республиканинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳоли учун туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш, нафақага чиқиш каби ҳужжатларни тўғрилаш бир мунча қийинчилик туғдиради. Уларни расмийлаштириш учун неча-неча километр йўл босиб марказга келишлари талаб қилинарди. Иши битиб, уйига қайтгунча кун ботиб кетар эди. Туман марказидан узоқда (100-300 км) жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг филиаллари фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда уларнинг сони 100 дан ошди, кўрсатилган хизматлар сони қарийб 80 мингдан ошди.
Бунда асосий эътибор аҳолига енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш, навбат кутиб қолиш ҳолатларини камайтиришга қаратилди ва ушбу мақсадлар учун филиаллар замонавий компьютер ва сифатли интернет билан тўлиқ таъминланди.
Бундан ташқари, тизимга мобиль давлат хизматлари тушунчаси киритилди. Бунда транспорт унча яхши йўлга қўйилмаган, чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун махсус жиҳозланган транспорт воситалари ёрдамида мутахассислар бориб, сайёр давлат хизматларини кўрсатади. Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услубларидан фойдаланган ҳолда республика бўйича 530 мингга яқин сайёр хизматлар кўрсатилди.
Турнақатор навбатлар камайди
Давлат хизматлари кўрсатишда кўзга ташланадиган асосий муаммо инсонларнинг соатлаб навбат кутиши, бу жараёнда кўплаб кўнгилсизликлар, келишмовчиликларнинг юзага келиши эди. Бу айниқса, ҳар йили бўладиган олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари олдидан ҳужжат топшириш жараёнларида кўзга ташланарди.
Шуни ҳисобга олиб талабгорларнинг ҳужжатларини ҳудудий давлат хизматлари марказлари орқали олиш тизими йўлга қўйилди. Биргина 2019 йилда қарийб 120 минг нафар абитуриентнинг ҳужжати қабул қилинди, қабул жараёнида навбат билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш мақсадида дам олиш кунлари, шунингдек 24 соат мобайнида хизматлар кўрсатилди.
Давлат хизматларини онлайн олишда янада қулайликлар яратиш мақсадида Электрон рақамли имзо сертификатини онлайн олиш имконияти яратилди. Бунда фуқаролар марказларга бормаган ҳолда масофадан туриб давлат хизматини олиши мумкин.
Биламиз, оилада фарзанд дунёга келгач, у билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни ҳам бошланади. Илгари туғилиш билан боғлиқ бўлган беш турдаги давлат хизматларини олиш учун ота ёки она бешта жойга сарсон бўлиб югурарди. Эндиликда бу жараён бир вақтнинг ва бир жойнинг ўзида ҳал этиладиган бўлди. Яъни ФҲДЁ органи орқали туркум (композит) тарзда кўрсатиш тартиби жорий этилиб, бир вақтнинг ўзида туғилишни қайд этиш, болани поликлиникада рўйхатга қўйиш, турар жойи бўйича ҳисобга олиш, суюнчи пулини тайинлаш ҳамда давлат мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш хизматлари қамраб олинди. Туғилганлик билан боғлиқ комплекс давлат хизматлари кўрсатилишининг йўлга қўйилиши билан 15 дан ортиқ ҳужжат қисқариб, 4 та идорага боришга чек қўйилди. Бугунги кунга қадар 60 мингга яқин фуқаро ушбу қулайликдан фойдаланди.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилди. Энди тадбиркорлар ўз фирмаларини рўйхатдан ўтказиб бўлгач, ҳисобрақам очиш учун банкма-банк юрмайди, навбатларда сарғайиб турмайди. Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида 84 та марказда pay.davxizmat.uz электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилгани ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан биридир.
Шаффоф тўловлар
Ҳар бир соҳада бўлгани сингари пул билан боғлиқ масалаларда, тўлов жараёнларида ҳам аниқлик, ошкоралик ва шаффофлик керак. Давлат хизматлари кўрсатилишида тўловлар ҳақида смс-хабар юборилишининг жорий қилиниши аҳолига енгиллик бериш билан бирга тизимга нисбатан ишончини ҳам оширди. Ҳозирда давлат хизматлари кўрсатишнинг хар бир босқичида тўланган пул маблағлари ҳақидаги маълумот мурожаат муаллифларининг телефон рақамларига смс-хабар тарзида келиб туради.
Тизим шаффоф бўлишида ходимларнинг ишга ёндашуви ҳам катта рол ўйнайди. Шуни ҳисобга олиб коррупцияга йўл қўймаслик, бунга шарт-шароитлар яратилишини олдини олиш, шунингдек, тизимда фақатгина ҳалол ва пок ходимлар фаолият юритишини таъминлаш мақсадида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.
Хусусан, республика бўйича 1 438 нафар Давлат хизматлари марказлари ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ва қайта аттестациядан ўтказилиб, жами 260 нафар марказ ходимлари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилди. Бўш ўринларга малакали ва меҳнатсевар ходимларни танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.
Айни вақтда Фуқаролик ҳолатлари далолатномаларни ёзиш (ФҲДЁ) органлари ходимларини навбатдан ташқари атестациядан онлайн тарзда ўтказилмоқда.
Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга барҳам бериш, уларнинг оқибатлари, уларга олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилини таъминлаш чораларини кўриш ва бошқа ишларни амалга ошириш режалаштирилди.
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилган аризалар кўриб чиқилишида ваколатли органлар томонидан қонунбузилишига йўл қўйганлик ҳолати бўйича фуқаролар томонидан мустақил равишда Агентликка хабар бериш имконияти ҳам фаолиятда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўз-ўзига хизмат кўрсатиш
Аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида Давлат хизматлари марказларида ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчаклари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил ноябрь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Қарши шаҳар Давлат хизматлари марказида фуқароларимизга яратилган шарт-шароитлар билан танишиб чиқиш жараёнида берган кўрсатмалари асосида "Қарши тажрибаси" лойиҳасига старт берилди.
"Қарши тажрибаси" асосида давлат хизматларидан фойдаланиш кўникмаларини маҳаллаларда, шунингдек вояга етиб келаётган ёшларда ҳам тўлиқ тушунча ҳосил бўлишига ҳаракат қилинмоқда. Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан махсус ишчи гуруҳлар ташкил этиб, Қарши шаҳридаги маҳаллаларда, мактабларда масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш бўйича махсус тренинглар ўтказилмоқда.
Тренинглар давомида ходимлар томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш, электрон рақамли имзони олиш, солиқ тўловчининг идентификацион рақами (СТИР)ни аниқлаш ва олиш ҳақида батафсил маълумотлар берилмоқда.
Давлат хизматлари марказларида интернетга уланган компьютерлар ёрдамида марказларга ташриф буюрган фуқароларга, уларнинг хоҳишига кўра, электрон хизматлардан фойдаланиш тартиби тушунтирилмоқда. Электрон давлат хизматларидан фойдаланиш билим ва кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича жойларда маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳамда таълим муассасалари масъул ходимлари учун маҳорат дарслари йўлга қўйилди.
Рақамлаштириш жараёни
ФҲДЁ органларининг мавжуд 60 млн.га яқин архив маълумотларининг 90 фоизи рақамлаштирилди. Уларда гербли гувоҳномаларни “ФҲДЁ ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали электрон кўринишда QR-кодли бланкаларда чоп этиш тизими йўлга қўйилди. Бунинг учун ФҲДЁ органлари махсус принтер ва компьютер қурилмалари билан таъминланди. Бу эса аҳоли оғирини енгил қилиш билан биргаликда соҳада коррупциянинг авж олишига ҳам тўсқинлик қилади.
Жамоатчилик билан қайта алоқа
Жамоатчилик билан мустаҳкам алоқани йўлга қўйиш, фуқароларимизнинг билдираётган таклифлари, фикр-мулоҳазалари, мурожаатларига тезкорлик билан ечим топиш мақсадида Агентликнинг “Facebook” ижтимоий тармоғида расмий саҳифаси очилди, шунингдек “Ишонч телефони” (1148) ва @davxizmataloqa_bot қайта алоқа телеграм боти ташкил этилди.
Биргина “1148” қисқа рақамли Ишонч телефони ва @davxizmataloqa_bot қайта алоқа телеграм боти орқали ўртача бир кунда 500 га яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, реал вақт режимида тезкорлик билан муносабат билдирилиб келинмоқда.
Имконияти чекланганлар учун хизматлар
Имконияти чекланган шахслар ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Жорий йилнинг ноябрь ойидан бошлаб айрим туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларида синов тариқасида “surdo-online” планшетлари ишга туширилди. “Surdo-online” планшетлари интернетга уланган бўлиб, бевосита онлайн тарзда доимий равишда ишлайди ва шу вақтнинг ўзида операторга таржима қилади. Ушбу тизимни Давлат хизматлари марказларида жорий қилиш орқали эшитиши ва гапиришида нуқсони бор шахслар билан тўлақонли мулоқотни таъминлайди. Келгусида ушбу тизимни республикамизнинг барча ҳудудларида жойлашган Давлат хизматлари марказларида ҳамда ФҲДЁ органларида кенг жорий қилиш назарда тутилган.
Улуғбек МУҲАММАДИЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги директори










