Соҳага йўналтирилган таълим масканларида нималар ўзгарди?

    Олий таълим муассасаларида жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларига мос мутахассислар етказиб бериш, халқаро тажриба ва стандартларни жорий этиш бугунги куннинг бош мақсадига айланмоқда.

    Жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз томонидан муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳани янада ривожлантириш, таълим тизимида изчил ислоҳотларни йўлга қўйиш борасида бир қанча вазифа ва топшириқлар муддати, аниқ манбаси билан белгилаб берилган эди.

    Йиғилишда сифатли таълим ва салоҳиятли кадрларни тайёрлаш мақсадида олий муҳандислик мактабларини ташкил этиш тўғрисида ҳам топшириқ берилган эди. Хўш, олий таълим муассасаларида муҳандис кадрларни тайёрлаш борасида қандай янгиликлар бўляпти? Ушбу йиғилишдан сўнг соҳага йўналтирилган таълим масканларида нималар ўзгарди?

    Лойиҳаларга маблағ ажратилмаган эди...

    – Давлатимиз раҳбари ташаббуси ва олдимизга қўйган долзарб вазифа ва топшириқлар боис, яқин келажакда бизни тўлақонли янги, таълимдаги жараёнларни ўнглайдиган илғор ислоҳотлар кутиб турибди. Очиғини айтадиган бўлсам, ўтган йил давомида амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга ҳеч канча маблағ ажратилмаган ва ҳаттоки тижоратлаштириш бўлимимиз ҳам йўқ эди. Натижада олимларимиз томонидан яратилган инновациялар реализация қилинмасдан қолиб кетди. Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг институтимизда тижоратлаштириш бўлимини ташкил этдик, 6 та амалий, инновацион, фундаментал ва стартап лойиҳаларга 4 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Яна бир эътиборли томони, вилоят ҳокимлиги ва бир қанча нуфузли корхона ва ташкилотлар билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйдик, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова. – Бугунги кунда институтда халқаро талаблардан келиб чиқиб, илғор стандартларни жорий этиш, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига ўтиш мақсадида “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби ташкил этилди. Авваллари фақат ҳудуднинг ижтимоий комплекси билан ҳамкорликда ишлаб келаётган бўлсак, ҳозирда иқтисодий, инвестицион комплекс билан ҳамкорликни ривожлантирмоқдамиз. Олийгоҳимида туман ҳокимликлари ҳамда тармоқ раҳбарлари, тадбиркорлар учун доимий равишда Стартап лойиҳалар ва илмий ишланмалар кўргазмаси ташкил этилмоқда. Мазкур ишлар натижаси ўлароқ олимларимизнинг нефт-газ, энергетика, архитектура-қурилиш, енгил саноат соҳаларида 8 миллиард сўмдан зиёд 18 та илмий лойиҳаси танлаб олинди. Ҳозирда уларни молиялаштириш масаласи кўриб чиқилмокда. Шунингдек, 57 та илмий лойиҳа ва ишланма вилоятнинг турли соҳаларида реализация қилиб келинмоқда. Бундан ташқари, илгари фақат дунёнинг энг нуфузли олийгоҳлари 1000 талигига кирувчи ОТМлардан андоза олиб келган бўлсак, эндиликда ТОП 300 талик олийгоҳлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Сабаби ушбу олий таълим муассасаларининг талаблари жуда юқори бўлиб, улар ўз мамлакати иқтисодиётида, қолаверса, дунёнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳаларида катта таъсир кучига эга. Таълим вакили сифатида очиғини тан олиб айтадиган бўлсам, соҳамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, муҳим янгиликлар ва ўзгаришлар нафақат мени, балки бутун жамоамизни руҳлантириб, янги ғоя ва ташаббуслар сари чорламоқда.

    “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири

    Дарҳақиқат, соҳага доир ўтказилган йиғилишдан сўнг Бухоро муҳандислик-технология институтида “Ўзбекнефтегаз” АЖ билан ҳамкорликда “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби ташкил этилди.

    Мактабнинг меъёрий ҳужжатлари тегишли қарор асосида таълим-ишлаб чиқариш кластерига киритилган ва бугунги кунда ҳамкор ишлаб чиқариш корхоналари билан келишилган ҳолда низоми, ўқув режалари, дастурлари ишлаб чиқилган ҳамда йўл харитаси белгилаб олинган. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу олий муҳандислик мактабида таҳсил олувчи иқтидорли талабаларга қўшимча стипендиялар ҳам берилади. Ўқув лаборатория хоналари эса энг замонавий жиҳозлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Мазкур хоналарда тренажёр, симуляторлар, замонавий дастурлар мавжуд бўлади.

    Энг асосийси, ҳозирги кунда “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” занжири асосида 4 та – Газли нефт ва газ қазиб чиқариш ва Газли магистрал газ қувурлари бошқармалари, Амиробод кон геофизика экспедицияси, “Ўзнефтгазқудуқ таъмирлаш” АЖ каби ҳамкор корхоналарда махсус кафедралар очилиб, дуал таълим тизими йўлга қўйилган.

    Энг муҳими энди мазкур институтда салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, нефт ва газ саноатини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш, соҳада таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга тўғридан-тўғри татбиқ қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, замонавий талаблар асосида халқаро таълим стандартларига мувофиқ техника ва технология яратувчи илмий кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, талабаларни амалиётга кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш учун барча шарт-шароитлар мужассам.

    Муҳандислик мактабида кимлар тайёрланади?

    Олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиб, ҳомийлик кўрсатаётган мутасадди раҳбарларнинг нима сабабдан ушбу муҳандислик мактлабларига бўлган талаби ортиб бормоқда? Ҳамкорликдан қандай мақсад ва манфаатлар кўзда тутилган?

    – “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактабида икки йиллик амалий магистратура дастурлари йўлга қўйилган, ишлаб чиқарувчилар буюртмаси асосида номзодлар саралаб олинади. Шу билан бирга, нефт ва газ соҳаси учун саноат талаблари асосида илғор муҳандис кадрларни тайёрлайди ва илмий фаолиятни амалга оширади. Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади, бу борада чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади, – дейди институт ректори С.Сиддиқова. – Биринчи йил талабалар корхоналар буюртмаси асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштиради, илмий изланишлар ўтказади. Улар чуқурлашган модул дастурлар асосида ўқитилади. Иккинчи йил эса янги маҳсулотлар бўйича тажриба-конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнларни корхоналарда синовдан ўтказади. Ҳар бир магистрлик диссертацияси мавзуси корхонанинг аниқ бир муаммоси ечимини топишга қаратилган стартап лойиҳа сифатида бажарилади. Келажакда “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби Германия, Япония, Хитой, Россия, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Сингапур, Озарбайжон каби ривожланган давлатларнинг нуфузли техника университетлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Мактабни ташкил этиш жараёнида Қозон Федерал университети, Тюмен давлат университети, Санкт-Петербург давлат университети, Баку олий нефт мактаби каби Олий муҳандислик мактаблари билан ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилди. Қисқароқ қилиб айтадиган бўлсам, ушбу муҳандислик мактабимиз замонавий муҳандисларни тайёрлаб, мамлакат иқтисодиётини кўтаришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Умид қиламанки, яқин келажакда нафақат бизнинг олий таълим муассасамизда, балки соҳага йўналтирилган барча ўқув муассасаларида дунёни лол қиладиган яратувчи-ихтирочилар етишиб чиқади. Бу борада эса Бухоро муҳандислик-технология институти илк қадамларни ташлади. Энди қўлни қўлга бериб, бор кучимизни ишга солишимиз шарт.

    “Uzbekistan GTL” учун истиқболли “яратувчи муҳандис кадрлар”

    – Бухоро муҳандислик-технология институти бизнинг яқин ҳамкоримиздир. Корхонамиз томонидан доимий равишда ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтидорли ва билимли ёшларни саралаш ҳамда корхонанинг кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ушбу институтда танлов ва имтиҳонлар ташкил этиб келинмоқда, – дейди “Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директори Алишер Баҳодиров. – Танлов босқичларида механика, нефт-газ, иссиқлик энергияси, электр энергияси, технологик жараёнларни бошқариш, кимё (лаборатория) йўналишларида битирувчи талабаларни суҳбат ва имтиҳондан ўтказиб келмоқдамиз. Мутахассисларимиз томонидан ижобий баҳоланган битирувчи талабалар корхонанинг захира кадрлар рўйхатига киритилади ҳамда келгусида улар билан меҳнат шартномаси тузилади. Бундан ташқари “Uzbekistan GTL” МЧЖ заводида мазкур институт профессор-ўқитувчиларининг қисқа муддатли малака ошириш ўқувлари ташкил этиб келинмоқда. Ҳар йили ўтказиладиган “Энг фидойи устоз” танловида ушбу олийгоҳ талабалари ва профессор-ўқитувчилари юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактаби келгусида ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлаш ҳамда “Uzbekistan GTL” учун истиқболли “яратувчи муҳандис кадрлар” тайёрлашга хизмат қилади. Ушбу муҳандислик мактабида заводимиз талабидан келиб чиққан ҳолда илғор муҳандислар, хусусан, замонавий кадрлар тайёрланади. Мақсадимиз келгусида халқаро стандартларга жавоб бера оладиган, интеллектуал салоҳиятли илмий кадрларни тайёрлаш ва улар орқали ишлаб чиқариш ва соҳани ривожлантиришдир.

    2 миллиард 850 миллион сўмлик шартнома

    – Биласизми, ишлаб чиқаришдаги вазиятни, муаммоларни билмай туриб технология яратиш ҳақида қандай гап бўлиши мумкин? Бухоро муҳандислик-технология инситутида ташкил этилган “Кибернефтгаз” олий муҳандислик мактабида назарий билимлар амалий таҳлиллар билан бойитилади. Соҳада турли йўқотишларни камайтириш, конларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини лойиҳалаш, режалаштириладиган геологик-техник чора-тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида ушбу олий муҳандислик мактаби биз учун айни мудааодир, – дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи раҳбари Акбар Фазилов. – Мактабни ташкил учун жами 2 миллиард 850 миллион сўмлик шартнома қилинган. Ушбу маблағни нефтни қайта ишлаш асосида ишлаб чиқарилаётган керосин фракциясини тозалаш учун маҳаллий хомашё асосида фаоллаштирилган кўмир ишлаб чиқариш технологияси ҳамда “Кибернефттгаз” олий муҳандислик мактабини ташкил этиш учун замонавий илмий-тадқиқот маркази шакллантириш учун йўналтирилиш назарда тутилган. Ҳозирда заводимизда турли йўналишдаги муҳандисларни чет мамлакатлардан жалб қиляпмиз. Яратувчи замонавий илғор муҳандис кадрлар тайёрлашнинг мукаммал тизимини шакллантириш Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир. Яъни, биз ўз ёшларимизни иш билан таъминлаймиз, катта сарф-харажат эвазига чет давлатлардан мутахассис жалб этишга ҳожат қолмайди. Ишонтириб айтишим мумкинки, қисқа фурсатда ушбу муҳандислик мактаби ўз самарасини беради. Чунки муҳандислик амалиёт билан тирик соҳа. Қачонки қўлимиздан бир иш келмаса, бировлар қурган, яратган нарсаларга қарам бўлиб қолаверамиз. Шу сабаб ҳамиша ҳаётимизда ижобий қиймат ярата олишимиз лозим. Хусусий корхоналар, давлат ташкилотлари олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бориб, талабаларни тажрибали мутахассисликларга бириктириб, иш кўникмаларини ва маҳоратини ошириб борсаккина юқори натижага эриша оламиз. Йўқса, 4 йил ё 8 йил ўқитамизми, кучли муҳандисларни етиштириб чиқара олмаймиз. Асосийси, кичик бўлса ҳам реал натижага эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу ёшларда ўзига бўлган ишончни, дадилликни пайдо қилади. Бизнинг мақсадимиз мазкур олий таълим маскани билан ҳамкорликда шундай тизим қурайликки, ёшларимиз чет элда ўқиб, юртига қайтиш ҳисси билан яшасин. Таълимни амалиёт билан узвий боғлаш бизни ёруғликка олиб чиқиши мумкин. Амалиётсиз таълим кадр бериши мумкин аммо кучли кадрларни кам беради. Шу сабаб биз таълим соҳаси вакиллари билан бирлашсак, ҳамкорлик йўлларини изласак, кони фойда бўлади.

    Мақолани мухтасар қилар эканмиз, бир нарсани ўзимиз ҳам теранроқ англаб етдик. Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги даврда қай соҳада бўлмасин, ёшлар таълим ва амалиётни ўқиб, ўрганиб ҳамоҳанг олиб борсагина, ўз соҳасининг етук мутахассисига айлана олади. Зеро, таълимни амалиёт билан узвий боғлаш келажакнинг истиқболли йўлларига қурилаётган нурли бекатлардир.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates