Соҳибқирон сиймосига эҳтиром ёҳуд “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!”

    9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди

    Анъанага кўра 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида Соҳибқирон бобомиз таваллуд куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда ҳукумат ва парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев маърузаларидан бирида: “Халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз. Бу борада буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз: “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!”, дея бежиз таъкидламаган. Бугунги кунда мамлакатимизда миллий давлатчиликни шакллантириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, фарзандларимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт барпо этиш мақсадига қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар моҳиятан Амир Темур ўгитларига уйғундир”, дея қайд этган эди.

    Соҳибқирон Амир Темур ўз даврида энг қудратли давлат барпо этган, илм-фан, маданият ва маънавият ривожига кенг йўл очган, дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган буюк шахсдир. Бобокалонимизнинг адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётининг ўзига хос мезонига айланди.

    Тадбирда сўзга чиққанлар Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки ўз вақтида Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк бунёдкор бўлганини таъкидлади.

    Евроосиё ҳудудида улкан салтанат барпо қилган Амир Темур шахси ва фаолиятига қизиқиш халқаро майдонда тобора ортиб бормоқда. Бугун дунёнинг қарийб 60 га яқин мамлакатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда.

    Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида Амир Темур бобомизнинг, “...ўз қудратимни сақлаш учун мен бир қўлимда адолат шамини ва иккинчи қўлимга беғаразлик шамини тутиб, ҳар иккала шам билан бутун умр бўйи ўз йўлимни ёритиб юрдим. Барча қилмишларимда ана шундай адолат қоидаларига риоя қилдим”, деб айтган сўзлари келтирилган. Бугунги қутлуғ маросимда юртдошларимиз қалбида кечаётган ғурур ва ифтихор туйғуларини кўриб Соҳибқирон бобомизнинг ушбу сўзлари яна бир бор ёдга тушади.

    Бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессанс даври шаббодалари эсаётган бир даврда буюк саркарданинг ҳар бир ўгитлари, илм-маърифат ва адолат борасидаги сабоқлари улкан мақсадларимиз йўлини ёритаётгани, янги Ўзбекистон пойдеворига мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётгани айни ҳақиқатдир.

    Зеро, бугун мамлакатимизда катта ғайрат-шижоат билан амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар Амир Темур бобомизнинг дунёқараши ва тутумларига моҳиятан уйғундир.

    Тадбир иштирокчилари буюк Соҳибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Шунингдек, Темурийлар тарихи давлат музейида сана муносабати билан ташкил этилган кўргазма билан танишдилар.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates