Солиқчи тадбиркорнинг дўстига айланмоқда

    Давлат фаолияти барча йўналишларининг харажатлари солиқлар ҳисобидан таъминланади.

    Шу сабаб, иқтисодий ривожланишни мақсад қилган барча давлатлар, аввало, солиқ сиёсатини такомиллаштириш, уларнинг турлари ва амал қилиш механизмини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Чунки солиқ соҳасида ислоҳотларни амалга оширмасдан, солиқ тўловчи жисмоний ва юридик шахсларни эркин фаолияти учун шарт-шароит яратмасдан иқтисодий юксалишга эришиб бўлмайди.

    Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш солиқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланган. Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур соҳани тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар ижроси соҳадаги мавжуд муаммоларга барҳам бериб, амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.

    Президентимиз ташаббуси билан давлат солиқ идоралари тизимида ташкил этилган “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили ҳақиқий маънода ишбилармон ва солиқчилар ўртасида кўприк вазифасини бажаряпти. Бугун ушбу тамойил асосида солиқ идоралари томонидан тадбиркорларга бухгалтерия ҳисобини юритиш, кредит олиш, солиқ режимини танлаш, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартиби, соҳадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш бўйича кенг кўламли амалий ёрдамлар бериб келинмоқда.

    Амалга оширилаётган бу каби ишлар ўз навбатида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қиляпти.

    Жиззах вилоятидаги солиқ тизимидаги ислоҳотлар, хусусан, 2022 йилнинг биринчи ярми якунлари ва келгусидаги устувор вазифалар ҳақида вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошпўлатов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

    — Давлатимиз раҳбари томонидан солиқ тизимида “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойилининг жорий этилиши том маънода соҳамизда катта бурилиш ясади. Олдинлари тадбиркорлар солиқчиларга жазоловчи орган ходими сифатида қараган бўлса, ҳозир улар тадбиркорларнинг ҳақиқий дўсти ва кўмакчисига айланди. Бугун солиқ ходимлари томонидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар таҳлил қилинмоқда, уларга бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиқ ҳисоботларини ўз вақтида электрон топшириш, солиқларни тўлаш ва соҳа қонунчилигидаги ўзгаришлар мазмун-моҳияти тушунтирилиб, амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

    Олдинги даврда тадбиркорлар ҳисоботларни бир кун кечикиб топширса ҳам жарима тўлашга мажбур эди. Банкдаги ҳисоб-рақамлари солиқ идоралари томонидан тўхтатиб қўйиларди. Бугун ҳисобот топшириш ёки солиқларни тўлаш куни яқинлашса, солиқчилар тадбиркорлик субъектларига қўнғироқ қилиб, ҳисобот топшириш ёки солиқларни тўлаш зарурлигини, лозим топилса бу борада кўмак беришга тайёрлигини тушунтирмоқда. Ушбу ишлардан асосий мақсад солиқ тўловчилар даромадларини яширмай, солиқларни ўз вақтида тўлашлари, ўз мажбуриятларини вақтида бажаришлари учун имконият яратиш. Шунда тадбиркор нима учун солиқ тўлаётганини тўлиқ ҳис қилади, инсофли солиқ тўловчига айланди.

    Шу мақсадларда, Жиззах шаҳрининг “Эски шаҳар буюм бозори” ҳамда “Марказий деҳқон бозори”да “Тадбиркорга кўмак” марказлари ташкил этилди. Ушбу марказларда солиқ тўловчиларга барча хизматлар бепул кўрсатилади. Жумладан, солиқ ходимлари томонидан ҳар куни тадбиркорлардан тушаётган муаммолар тезкорлик билан ўрганилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўриляпти.

    Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят солиқ ходимлари томонидан жами 13794 та тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам берилди. 7706 та хўжалик юритувчи субъект раҳбарлари ва ҳисобчиларига солиқ мажбуриятлари бўйича тушунчалар берилиб, солиқ ҳисоботларининг тўлдирилишига кўмаклашилди. Ҳар чорак якуни билан тақдим қилиниши лозим бўлган ҳисоботлар бўйича 3399 та тадбиркорлик субъектига бухгалтерия ҳисобини юритишга, 1886 та хўжалик юритувчи субъектга солиқ режимини танлашда маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди. 646 та хўжалик юритувчи субъектнинг 18,4 миллиард сўм солиқ қарзини 6 ойдан 1 йилгача, бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилди. 157 та хўжалик юритувчи субъектнинг 158,7 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғидан мавжуд ортиқча тўловлари уларнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

    Тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2876 та корхонадаги 9976 нафар норасмий ишловчи фуқаро фаолияти қонунийлаштирилди.

    Шу ерда, қайд этиш жоизки, давлат томонидан солиқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган кенг қамровли ишлар, солиқ тўловчиларга берилаётган имтиёз ва қўллаб-қувватлашлар, хусусан, солиқ юкини камайтириш ва тадбиркорлик субъектларини солиққа тортишдаги номутаносибликни қисқартириш, шунингдек, 2019 йил декабрда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тадбиркорларнинг ислоҳотларга нисбатан ишончи ортиб, солиқ тушумлар кўпайишга хизмат қилмоқда.

    Мисол учун, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун вилоят бюджет даромадларига белгиланган 715,5 миллиард сўм режа 791,6 миллиард сўмга етказилди ёки 111 фоиз бажарилди. Ўтган 2021 йилнинг мос даврига нисбатан тушумларнинг ўсиш суръати 131 фоизни ташкил этди.

    Шунингдек, бошқармамиз томонидан 2022 йилда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича жорий йилнинг III чорагида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йилнинг III чораги учун бюджет даромадларига белгиланган 388,4 миллиард сўмлик режа 415 миллиард сўм этиб бажарилиши кутилмоқда.

    Ушбу маблағлар тушумини таъминлаш учун 8 та йўналишда 26,6 миллиард сўмлик қўшимча манбалар устида иш олиб борилиши назоратга олинган.

    Президентимиз ташаббуси билан халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил асосида ташкил этилган секторлар фаолияти ўз самарасини бермоқда. Бугун биз нафақат солиқ ходими, балки тўртинчи сектор вакили сифатида ўзимизга бириктирилган ҳудудларда аҳоли ва солиқ тўловчилар билан деярли ҳар куни мулоқот қиламиз, сайёр қабуллар ўтказамиз. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” бўйича ўрганишлар олиб боряпмиз. Ушбу мулоқотларда аҳоли муаммоларига ечим топиш, айниқса, тадбиркорларга қулайлик яратиш ва улар фаолиятининг бардавомлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

    Айни пайтда Жиззах вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул бўлган тўртинчи сектор ҳудудида 68 та маҳалла бўлиб, уларда 308 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. “Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича олиб борилган ишлар натижасида 14 169 фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 1 210 нафари тадбиркорлик субъектлари яратган иш ўринларига жойлашди, 2 120 нафарига кредит ажратилишида кўмаклашилди, 204 нафари ҳунармандчиликка жалб этилди, 102 нафарига субсидия берилди, 1 125 нафари жамоат ишларига жойлаштирилди.

    Сектор ҳудудида “Муҳтож бўлсанг ол, қодир бўлсанг бер” шиори остида 4 та бепул саховат савдо шохобчаси ташкил этилди.

    “Темир дафтар”га киритилган 4 798 та оиланинг 4 525 таси шу кунгача дафтардан чиқарилган бўлса, “Аёллар дафтари”га киритилган 4 902 та аёлнинг 3 993 тасига ёрдам кўрсатилди, ҳозирда ушбу дафтарда 909 та аёл қолган. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 698 та ёшнинг барчаси дафтардан чиқарилди.

    Хуллас, солиқ тизимидаги ислоҳотлар ёки секторлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали ҳам кўплаб муаммолар ҳал этилмоқда. Энг муҳими, халқимизнинг эртанги кунга ишончи ортмоқда, тадбиркорларимиз ҳеч қандай тўсиқларсиз тижоратларини янада кенгайтириш йўлларини изламоқда. Бу эса юртимизнинг келажаги янада равнақ топишини англатади. Зеро, халқи бахтли, тадбиркори кўп ва бой давлат, албатта, ривожланади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Фарҳод НЕЪМАТОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates